Ўзбекистон миллий метрология институтида Германиянинг “Atlas International” компанияси билан ҳамкорликда фото-видео фиксация тизими техникаси ва ускуналарини ўлчаш бўйича республикада ягона махсус лаборатория ташкил этилди.
Лойиҳа Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 30 октябрдаги “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида инвестициявий лойиҳани амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ амалга оширилди. Лабораторияда ҳаракатланган ҳолатда тезликни аниқловчи радарларнинг тўғри ва аниқ ишлаши синовдан ўтказилади.
Германия ҳукумати томонидан ажратилган 1,4 миллион евро миқдоридаги маблағ лойиҳа бўйича иштирокчи давлатлар –Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Қирғизистоннинг сифат инфратузилмасини мустаҳкамлашга йўналтирилади.
[gallery-147]
Фото-видео фиксация тизими техникаси ва ускуналарини ўлчаш бўйича лабораторияни ташкил этиш учун “Ўзстандарт” агентлиги, Ўзбекистон миллий метрология институти ва Германиянинг “Atlas International” компанияси ўртасида шартнома имзоланган эди. Шу асосда 2018-2019 йилларда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида мазкур инвестициявий лойиҳа амалга оширилди.
– "Метрология тўғрисида"ги қонуннинг 20-моддасига мувофиқ, транспорт ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда фойдаланиладиган ўлчаш воситалари, жумладан, фоторадарлар даврий равишда метрологик текширувдан ўтказиб турилиши лозим, – дейди Ўзбекистон миллий метрология институти геометрик ва магнит катталикларни ўлчаш бўлими бошлиғи Ойбек Халилов. – Янги лаборатория автотранспорт воситаларини фото-видео фиксация тизимини метрологик текширувдан ўтказишда фойдаланиладиган намунавий ўлчаш воситалари билан таъминланган. Бу ерда 1 ойда 500 та радар текширувдан ўтказилади.
Автотранспорт воситалари ҳаракат тезлигини ўлчаш бўйича замонавий лабораториянинг афзаллиги, у тўлиқ онлайн тартибда ишлайди, яъни инспектор аралашмайди. Шунингдек, у қоидабузарликлар ҳақидаги хабарни тўғридан-тўғри Йўл харакати хавфсизлиги бошқармасининг базасига йўналтиради. Лойиҳа доирасида германиялик ҳамкорлар фото-видеорадарларга тўлиқ сервис хизматларини кўрсатади.
Ушбу замонавий ҳаракат тезлигини ўлчаш воситаларининг амалиётга татбиқ этилиши барча харакат иштирокчиларининг назоратини таъминлаш имконини беради. Бундан ташқари, мазкур тизим хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам муҳим.
Саидмурод РАҲИМОВ, ЎзА