Кўринишидан кўпроқ русларга ўхшаш бўлган бу куйинчак инсонни аввал ҳам турли тадбирларда учратганман. Аммо унинг ўзбекча гапирганини ҳеч эшитмаган эканман...
Борсам, тадбир бошланиб кетган, нотиқ ўзбек тилида маъруза қилаётган экан. Кўргазмали материаллар, слайдлар орқали у ўзи бошқараётган ўқув даргоҳи ҳақида ўзбекчалаб шунчалик мароқ билан гапирар эдики, уни мароқ билан эшитмасликнинг иложи йўқ эди.
Орада камчиликларни ҳам айтиб “насиб қилса буни ҳам бартараф этамиз”, “Худо хоҳласа уддалаймиз”, деб шундай самимий лутф қилардики, бу самимият назаримда иштирокчиларни тадбир охиригача шу даргоҳдан қўйиб юбормади.
Ўқув даргоҳида яратилган нафақат замонавий шарт-шароит, балки амалиётга киритилган жуда кўп янгиликлар ҳаммага бирдек қизиқарли ҳам эди.
Дарҳақиқат, Бош прокуратура Олий ўқув курслари академияси бугунги кунда ҳам шаклан, ҳам мазмунан, ҳам сифат жиҳатидан бутунлай янгиланган.
Академия раҳбари Коленко Евгений Вячеславовичнинг мароқ билан гапираётгани ҳам бежиз эмас. Яратилган янги қиёфадаги даргоҳни у ўз ташаббускорлиги, меҳнатсеварлиги, адолатга ташна юраги билан яратганига асло шубҳа йўқ.
Қизиқишим устун келиб академия раҳбари ҳақида шу ерда ишлайдиганлардан сўраганимда унинг поляк экани, беш тилда эркин сўзлаша олишини айтишди. Ҳавас қилгулик!
Энди академия ҳақида. Академияда ташкил этилган пресс-турда шуни билдимки, бу даргоҳ энди ҳисобот учун кадрлар малакасини оширадиган эски муассасадан тубдан фарқ қилади.
Эндиликда прокуратура ходимлари ҳар уч йилда билими, малакаси, тажрибасини ошириш билан бирга лаёқати бўйича қатъий синовдан ҳам ўтади.
Энг эътиборли жиҳати, академияда шундай дастурлар яратилганки, унда ҳар бир прокуратура ходими ҳақида маълумот жамланган. Булар шахсга оид оддий маълумотлар эмас, балки ходимнинг даражаси, салоҳиятини аниқ кўрсатиб берадиган индикатор!

Академия томонидан ўқув режа ва дастурларини тузишда Бош прокуратура тармоқлари ва қуйи турувчи прокуратуралар билан қайта алоқа механизмларидан фойдаланиш йўлга қўйилган.
Шу асосда ходимлар малакаси диагностика қилиб борилади. Ходимнинг малакасини оширишда эса етишмаётган жиҳатлар инобатга олинади.
Академияда ўқитишнинг эски шакл ва услублари тубдан қайта кўриб чиқилиб, замон талабига тўлиқ мослаштирилган. Фан, таълим ва амалиётнинг чуқур ўзаро алоқаси ва алмашинувига асосланган илғор инновацион таълим технологиялари жорий этилган.
Малака ошириш жараёнида ходимнинг таҳлилий ва танқидий фикрлаш қобилияти, ҳуқуқий таҳлил, хорижий тилларни билиш ва касбий фаолиятда муваффақиятларга эришишга кўмаклашувчи бошқа кўникмалари шакллантирилади, ривожлантирилади.
Ўтган йилда Академияда магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлашга асос солинди. Муҳими, магистратурага қабул шаффофлик асосида ўтказилиб, энг билимли ёшлар ўқишга қабул қилинди.
Академиянинг замонавийлиги шундаки, бу ерда ахборот-таълим муҳити тўлиқ рақамлаштирилган. Бу сифатли масофавий таълим тизимини жорий этиш имконини яратган.
Академия 30 дан зиёд етакчи илмий ва таълим муассасалари билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари ўрнатган. Талабалар алмашинуви дастурларини амалга ошириш бўйича эришилган келишувлар асосида Академия магистратураси талабалари ҳозирги кунда етакчи хорижий таълим муассасаларида таҳсил олмоқда.
Академиянинг замонавий техник воситалар билан жиҳозланган аудиториялари мавжуд янги биносида махсус хоналар (полигонлар), суд жараёнларини моделлаштириш, ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш ва бошқа амалий машғулотларни ҳақиқий шароитларга яқинлаштирилган ҳолда ўтказиш имконини беради.
13 мингдан ортиқ китоб фондига эга бўлган Ахборот-ресурс маркази нафақат миллий, балки етакчи хорижий кутубхона ва ахборот платформаларига уланган.
Академияда уч мутахассислик бўйича фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражаларини бериш бўйича Илмий кенгаш фаолият кўрсатмоқда.
Академия жамоаси халқаро 18 лойиҳа, шунингдек Инновацион ривожланиш вазирлигининг илмий-техник дастурлари доирасида бешта илмий-тадқиқот лойиҳасини амалга оширмоқда.
Бу даргоҳ ходимлари жиноятчиликнинг келиб чиқиш сабабларини тизимли таҳлил қилиш ва ўрганиш асносида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятини методик жиҳатдан қўллаб-қувватлашга ҳам ҳаракат қилмоқда.
Академия ходимларининг салоҳияти “Тараққиёт” республика танловида, “Эл-юрт умиди” жамғармасининг стипендияли танловида ҳамда IJET, JICA, E4J, RGSL ва бошқа халқаро танловлар ва дастурларда эришилган ғалабалар ҳам кўрсатиб турибди.
Буларнинг барчаси Президентимизнинг 2018 йил 8 майдаги «Прокуратура органлари кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижроси доирасида амалга оширилган.
Энг муҳими, фармон ижросини таъминлаш бўйича малакали мутахассисларнинг бир жойга жамлангани Академиянинг қисқа вақтдаги улкан ютуқларига замин бўлган, десак муболаға бўлмайди. Ахир ҳужжатлар кўп, лекин сифатли ижро этилганлари кўп эмас.
Академия ходимлари билан суҳбатлашсангиз, бир лаҳза ҳам тиним билмасликларини, янги ғоялар билан ёниб меҳнат қилаётганини, асосийси, улар изланувчан раҳбарга муносиб ходим бўлишга интилаётганини айтади.
Бу интилишлар самараси амалда, прокуратура тизими ривожида тез орада кўзга ташланади, деган умиддамиз. Нафақат ўз касбини севадиган, балки Ватани тараққиёти учун жон куйдирадиган, унинг давлат тилини ҳурмат қиладиган беқиёс кадрлар эса кўпаяверсин.
Норгул Абдураимова, ЎзА