Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳридаги савдо марказларидан бирида рўй берган қотиллик акс этган видео ва фотосуратлар кенг тарқалди. Қонга ботган пичоқни кўтариб, икки кишининг ўлимига сабаб бўлган фуқаро муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Ушбу видео (фото) юзасидан ИИБ ходимлари текширув ишларини олиб борган. Ваҳшийлик акс этган ушбу видеолавҳалар 3 нафар самарқандлик йигит томонидан тасвирга олиниб, тарқатилгани маълум бўлди.
Ўзбекистон Республикаси «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонунининг 6-моддасига кўра, оммавий ахборот воситаларидан зўравонлик ғояларини тарғиб қилиш мақсадида фойдаланилишига йўл қўйилмайди.
«Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 15-моддасида давлатнинг ахборот борасидаги хавфсизлигини таъминлашнинг йўлларидан бири сифатида зўравонликни, шафқатсизликни тарғиб қилувчи ғояларни ўз ичига олган ахборот тарқатилишига қарши ҳаракатлар қилиш эканлиги мустаҳкамланган.
Қолаверса, ушбу фуқаролар билан зўравонлик ва шафқатсизлик акс этган лавҳаларни тарқатмаслик юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилганда улар ИИБ ходимларига фаол қаршилик кўрсатган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 189-1 ва Жиноят кодексида 130-1-моддаларида зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш учун жавобгарлик белгиланган.
ИИВ хабарига кўра, ушбу шахсларга нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, профилактик тушунтириш ишлари олиб борилган. Самарқанд шаҳар маъмурий ишлар бўйича суди томонидан уч йигитга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.