
Олий Мажлис Сенати ялпи мажлиси давом этмоқда.
Мажлис кун тартибидан одатдагидек қонун лойиҳалари, бюджет муҳокамалари ва муносабатлар кетма-кетлиги ўрин олган.
Кўрилаётган ҳар бир масала ўринли саволлар берилгандагина янада очиқланади ва одамларга тушунарли бўлади. Чунки мажлисни онлайн равишда миллионлаб одамлар кузатади.
Мажлисни кузатар эканман, айрим сенаторларнинг саволларни қоғозга қараб ўқиб бериши ажаблантирди. (Албатта, бу биринчиси эмас). Бунинг нимаси ёмон, дейишингиз мумкин. Бироқ, айнан шу жараёнда савол берувчининг масаланинг моҳиятини чуқур ҳис этмагани, англамагани, шу муаммога юракдан куйинмаётгани сезилиб қолмоқда.
Ниҳоят, сенатор Шуҳрат Чуллиев қоғозга қарамай, эркин равишда савол бериб қолди. Бу дарров эътиборимни тортди. “Ҳокимларнинг қарорлари халқ муҳокамасидан ўтказилиши, кейин қабул қилиниши” ҳақида фикр билдирилди. Жуда ўринли фикр!
Ахир ҳоким бугун қарор чиқариши, эртага бекор қилиши ёки янги ҳоким келса, эски ҳокимнинг қарорини тан олмаслиги оқибатида минглар одамлар жабр кўриб келаётгани сир эмас.
Ўринли фикр мажлисда қўллаб-қувватлангани барчани мамнун қилганига шубҳа қилмаса ҳам бўлади.
Яна бир жонли чиқиш: сенатор Фармон Тошев аҳолини қийнаётган газ-свет масаласига тўхталди.
Шунгача ижтимоий тармоқларни “портлатаётган”, аёзли кунларда аҳолини ҳақиқатда қийин аҳволга солаётган газ, свет масаласи наҳотки кўтарилмаса, деган савол қийнаётган эди одамни.
Бу масала бўйича Сенат раиси Танзила Норбоева ўз фикрини билдирар экан, долзарб муаммо эканига урғу берди. Шу ўринда ижтимоий тармоқларни кузатаётгани, минглаб одамлардан шу каби саволлар тушаётганини ҳам айтиб ўтди.
“Халқни эшитадиганлар борми? Аҳолининг асосий қисми газсиз, светсиз қолаётганини сизлар биласизларми, ўзи?” каби саволларга жавобан Сенат раиси “Албатта, биз одамларни эшитяпмиз. Муаммосини биламиз. Айнан газ, свет масаласида тез кунда ўрганиш ўтказилади”, деб жавоб берди.
Халқни эшитаётганингиз учун раҳмат! Ўрганиш ўтказиш ҳам яхши. Аммо газ, свет масаласи ўрганиб чиқилгунча қиш мавсуми ўтиб кетмасмикин?


Норгул Абдураимова, ЎзА