Ўзбекистон Республикаси ҳукумати делегациясининг Бирлашган Араб Амирликларига ташрифи доирасида Бош вазир ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов БАА иқтисодиёт вазири Абдуллоҳ бин Туқ ал-Маррий билан инвестициялар, саноат ва савдо соҳаларида стратегик шерикликни мустаҳкамлаш истиқболини муҳокама қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати маълум қилган.
Учрашув кун тартиби доирасида томонлар икки давлат ўртасидаги инвестициявий ҳамкорлик жадал ривожланаётганини мамнуният билан эътироф этиб, юқори технологияли саноат корхоналари яратишга урғу берган ҳолда қўшма инвестициявий лойиҳалар портфелини кенгайтириш ва диверсификация қилиш учун улкан имконият мавжудлигини таъкидладилар.
Манзилли учрашув ва музокаралар ташкил этиш орқали БААнинг йирик корпорациялари ва Ўзбекистоннинг тегишли идора ва компаниялари биргаликда ишлашини йўлга қўйиш бўйича ҳамкорлик ўрнатишга келишилди.
Амирликлар томони қишлоқ хўжалиги соҳасида шерикликни кучайтириш устуворлигини таъкидлади. Шу муносабат билан замонавий сифат стандартларига мувофиқ, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва кейинчалик БАА бозорига экспорт қилиш учун Ўзбекистонда йирик қўшма агросаноат кластерлари ташкил этиш имконияти кўриб чиқилди.
Мулоқот чоғида мунтазам ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлашга кўмаклашиш мақсадида Амирликлар ва Ўзбекистон ишбилармон жамоалари вакиллари иштирокида қўшма тадбирлар ўтказиш юзасидан келишувга эришилди.
Шунингдек, учрашувда мақсадли кўрсаткичлар ва кутилаётган аниқ натижаларни белгилаган ҳолда ҳукуматлараро комиссия шаклида икки томонлама ҳамкорлик механизмини сифат жиҳатидан такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар белгилашни режалаштириб олинди.
Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида савдо-иқтисодий ва илмий-техник ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини 2021 йил биринчи чорагида Абу-Дабида ўтказиш маъқулланди.
ЎзА