Фуқаролик суди деганда, иш тушса узоқ вақт сарсон бўлиб, низо бир у ён, бир бу ёнга ҳал бўладиган, узундан-узоқ чўзиладиган суд жараёни тасаввур қилиб келинган. Нега?
Албатта, бунинг таг-замирида ҳам ўзига яраша ҳақли асослар бор эди, бинобарин:
Яхши билганингиздек, яқин-яқингача судлар «мустақилмиди», уларнинг фаолияти очиқмиди? – Йўқ.
Фуқаролик судларичи? – Йўқ.
“Яқин-яқингача ФИБ судларида судья ва суд ходимлари ҳатто суд фаолиятда ишлатиладиган «қоғоз-қалам»ни ҳам ўзлари амал-тақал қилиб топар ва бошқа кам-кўстини тўлдириб юрардику”дейсизми? – Бу ҳам тўғри.
ФИБ судлари ҳеч бўлмаса иқтисодий жиҳатдан етарли шарт-шароит, бино-иншоот, моддий-техникага ва бошқа воситаларга эгамиди? – Йўқ.
ФИБ судлари фаолияти АКТ ва бошқа инновацион замонавий технологиялардан қанчалик баҳраманд эди? – «30 фоиз бўлса керагов...» дейсизми? – Бу ҳам ҳақиқатга яқин.
«Судьялар ва суд ходимлари ойлик маоши етарлимиди», деб секин сўрасангиз, «Етарлидан анча паст эди...» деганлар ҳақдир.
Суд ҳужжатлари ОАВлар ёки веб-сайтлар ва бошқа ижтимоий каналларда ёритилармиди? – «Йўқ, асло, нега билмагандай сўрайсиз", деганлар ҳис-туйғуга берилгани йўқ, улар бор гапни айтишган.
Баъзан суд ишларига аралашилар, гоҳида телефон орқали топшириқ берилар, судьяларга босим бўлармиди, бу ҳолатлар ҳам бўлиб турарди, инкор этиб бўлмайди. – Бу ҳам осмондан олинган гап эмас.
Суд раҳбарлари ҳеч бўлмаса бир ойда бир мурожаатчини шахсий қабулда қабул қилармиди? – “Бир-бир қабул қилар эди, лекин аксарият раҳбарлар қабул куни келганда ниманидир сабаб қилиб, фуқароларни қабул қилмасди, ўрнига ўринбосарини ёки «ўринбосарининг ўринбосарини» туширарди қабулга” десангиз, бу гапда ҳам жон бор.
«Соат 10:00га тайинланган суд мажлисига соат 11:30га яқинлашиб қолганда энди кирувдим, суд мажлиси қолдирилди», дейишармиди? Нега бунақа чузилди? Нега қолдирилди дея нолишармиди? – Ҳа.
Чунки, процессуал қонунчилигимизнинг ўзи бир ажойибда, ҳуқуқ манфаати бузилганидан дод-фарёд қилиб суд остонасига келган даъвогар билан бирга жавобгар тарафга ҳам кўп имтиёзлар берилганда.
Шунинг учун ҳам кўп ҳолларда суд жавобгарнинг иштирокига муҳтож, жавобгар суд мажлисига келмаса ҳам, уни кутиш керак. Жавобгарсиз ишни кўрса, «ёзади», «менсиз ишни кўрди, ахир мен жавобгарман, ҳурматим йўқми, ҳеч бўлмаса, 2-3 марта қолдирмайдими, ФПКда жавобгар иккинчи чақириққа ҳам келмаса, кейин ишни кўриш керак, мен эндигина, мана шу бугун эшитдим», деса борми қарор бекор бўлади. – Яна нега?
Иш – низога тўғри ва қонуний ечим топиш ва асос хулосага келиш учун судья юборган сўровлари ва тегишли далилларни тақдим этишни сўраб қилган асосли талабларига тегишли шахслардан ёки ваколатли ташкилотлардан жавоб келмаган, жавоб келмагандан кейин, қарор асосли бўлмайди, қарор асосли бўлмагандан, кейин бекор бўлади...
«Нега бекор бўлади? Ахир жавобгар келмаган бўлса, суд ишдаги мавжуд далилларни текшириш билан кифояланади, ишда иштирок этувчи шахсларнинг важлари ва илтимосларини эътиборга олиб, ҳал қилув қарори чиқаради, бу ҳал қилув қарори сиртдан чиқарилган деб аталади», дейсизми ҳурматли даъвогар. Лекин, ҳурматли жавобгар мана бундай десачи «Жавобгар сиртдан ҳал қилув қарорини қабул қилган судга шу ҳал қилув қарори қабул қилинганидан кейин ўн беш кун ичида уни қайта кўриб чиқиш тўғрисида ариза беришга ҳақли».
“Ҳурматли раислик қилувчи, Сиз ҳурматли жавобгар келмагани учун ишни 2 марта эмас, 3 марта қолдириб, қарийб бир ойда кўрдингиз, қарор чиқарганингиздан кейин тушунмадим, бир ҳафтада жавобгар қаердан топилиб қолди, энди ишни яна бошидан бошлаб кўрамизми?
Масалан, Германияда жавобгар келмаса, суд ишни кўради, сиртдан деб ўтирмайдику, қолаверса, жавобгар мендан қарз, мана шартнома, мана талабномамиз, мана тилхат”.
Эй, ҳурматли даъвогар, гап бошида таъкидладимку процессуал қонунчилигимиз бор бўлсин...
Ана кейин билсангиз - шундан низо бир у ён, бир бу ён ҳал бўлади деган гап келиб чиқади. Бу ҳолатни эса, кўпчилик,“биринчи судда мен ютувдим, иккинчисида у ютди, учинчисида яна мен ютдим, лекин тўртинчисида «нечия» бўлдик, қарорлар ҳаммаси бекор бўлди.
Энди яна ишни бошқатдан бошлаб, биринчи инстанция судида кўрар эканмиз, анча-мунча тушуниб қолдим, судьядан ҳам яхши биламан, мен моддий қонун биз томонда – адолат биз томонда деб юрсам, процессуал қонунчиликда ҳам гап кўп экан, уни яхши билсанг бўлди, ишни чўзиб юрса бўлаверар экан, судья ҳам ҳеч нарса қила олмай қолар экан, юқори инстанция ҳам нуқта қўймай, биринчи инстанцияга ишни қайтариб юборар экан, чунки, ФПКдан чиқа олишмайдида, ФПКда иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўлиқ аниқланмаганлиги, суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги, суднинг ҳал қилув қарорида баён этилган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ келмаслиги деб ёзилган.
Яна денг, протсессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёки нотўғри қўлланилганлиги ишнинг нотўғри ҳал этилишига сабаб бўлган ёки сабаб бўлиши мумкин бўлган тақдирдагина ҳал қилув қарорининг, ажримнинг ёки қарорнинг бекор қилинишига асос бўлади – дейилганичи, айнан мана шу нормаси чатоқ экан. Шунинг учун ҳам ФПКни ёдлаб олдим, ана энди охиригача бораман, бекор юрмай, битта-иккитасига ишончлик вакил ҳам бўлиб юрибман”, деб юраверишади (албатта, бу ярим ҳазил).
Бугун суд-ҳуқуқ соҳасида Президент ташаббуси ва давлат сиёсати асосида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар натижасида юқорида қайд этилган - суд нуфузини туширишга омил бўлган ана шу каби камчилик, муаммоларнинг аксарияти барҳам топмоқда:
Судлар мустақил фаолиятни бошлади, фаолиятини очиқлади, суд ишларига аралашув ҳолатлари деярли учрамайди десак, хато бўлмайди.
Аҳолида «энди мен судга мурожаат қиламан», деган қараш шаклланди. Бу судга ишонч ортиб бораётганидан далолатдир.
Судларнинг шарт-шароити, бино-иншоот, моддий-техника таъминоти кескин яхшиланди. ФИБ судларида ҳам АКТ ва бошқа инновацион технологиялардан кенг фойдаланиш йўлга қўйилди. Ишларни видеоконференс-алоқа режимида кўриш тартиби жорий этилди.
Суд тизими раҳбарияти томонидан соҳага АКТни кенг қўлланишига нафақат судларда аҳолига қулайлик яратиш, иш сифатини ошириш балки, суд фаолиятида, бюрократияга, сансалорликка ҳамда коррупцияга қарши курашнинг энг самарали воситаларидан бири деб қаралмоқда.
Судьялар олий кенгашининг янги раҳбарияти томонидан судьяликка номзод талабгорлар ва кейинги муддатга чақирилган судьялар учун савол-жавобни инсон омилисиз ўтказиш, саволларни номзоднинг ўзи танлашига имкон яратувчи электрон дастурни амалда қўлланилаётганлиги, айни суд нуфузини оширишга қаратилган. Негаки, кўп нарса кадрга боғлиқлигини яхши биласиз, судья қанчалик салоҳиятли бўлса, низо ҳам шунга яраша ҳал этилади, суддан норозилик камаяди.
Судья ва ходимларнинг ойлик маошлари оширилди, бу борада ислоҳотлар давом эттирилади. Энди маошим кам эди деган баҳоналар ўтмайди.
КЎПЧИЛИККА ЁҚМАЙДИГАН ОМИЛЛАР
Юқорида келтирганларимиз «Фуқаролик судими...» дейилишига сабаб бўлаётган айрим омиллар эди. Энди асосий ва ҳаққоний, шу билан бирга, кўпчиликка ёқмайдиган, лекин асл омилларга ўтамиз.
Биласизми, фуқаролик судларида иш қўзғатиш қандай асослантирилади. Тахминан мана бундай: «ишни судда кўриш учун тўсқинлик қилувчи ҳолатларнинг мавжуд эмаслигини инобатга олиб, фуқаролик ишни судда кўриш учун барча асослар етарли деб баҳолаб, фуқаролик ишини қўзғатишни лозим деб ҳисоблайман...»
Ҳаммаси ана шундан бошланади.
Процессуал қонунчилик, моддий ҳуқуқ нормалари ўртасидаги тафовут ва адолатни қарор топтириш ҳамда бу жараёнда тарафларни рози қилиш... Ҳамма гап айнан «тарафлар»ни рози қилишда афсуски, икки ёки уч томонни бирдан рози қилиш имконсиз. Қонун ва адолат эса, ҳамиша ҳам ютқазган тарафга маъқул келавермайди.
Тан олиб айтиш керак, мазкур жараёнларда суддан ҳам хатолик ўтиши мумкин, бу ерда ҳам инсон омили ҳали сунъий интеллект эмас. Бироқ, суд хатолари ёки асоссиз хулосалар жами кўрилган ишларда 1 фоизни ҳам ташкил этмайди.
Инсон борки, албатта унда ўз ҳуқуқи ва шахсига ҳурмат, яхши муносабатга нисбатан талаби ҳам бўлади. Инсонни доим ўзгаларнинг ташвиш ва вақтлари эмас, бирламчи ўзининг муаммоси ва ўзининг вақти қизиқтиради, унинг вақтига дахл қилсангиз, сиздан ҳам, суддан ҳам қонунлардан ҳам рози бўлмайди, агарки, у қарор адолатли ва тўғри, қонуний бўлса ҳам. Шу учун ҳам суд мавқеи нафақат адолатли қарорлар чиқариш, балки одамларни ортиқча сарсон қилмаслик билан ҳам юксалиб боради.
Хўш одамларни ортиқча сарсон қилмаслик учун нима қилиш керак?.
Бунинг учун қонун ва судда ягона мезон бўлиши шарт. Бугун судьяларимизга ҳаққоний қозилик қилиши учун қатъий шарт-шароит яратиб бериш вақти келди. Яъни, судларга даъво қилаётган тараф барча далил ва асосларни тақдим этиши, судья фақатгина унга баҳо бериши, қозилик қилиши керак холос.
Бироқ амалда, судья ҳам қози, ҳам адвокат, ҳам суд ходими. Нима учун дейсизми?Даъвогар судга келар экан, унга даъво аризаси қандай ёзилиши, иловалар ва бошқа ҳужжатлар тақдим этишни тушунтириш амалда аксарият ҳолда судьялар зиммасида, ҳатто даъвогар тақдим этиши шарт бўлган ҳужжатларни кам-кўстини тўғрилаш ҳам судьяларнинг юки, аслида бу даъвогар ёки жавобгар ё унинг ишончли вакиллари ва адвокатлар зиммасидаги иш, бу уларнинг вазифаси бўлиши керак.
Қани мурожаатчига, бу судьянинг иши эмас, сиз даъво аризани ФПК талаблари асосида ўзингиз бекам-кўст расмийлаштириб, келишингиз керак, деб кўринг-чи. Унда судьялар нима қилади, “даъво аризани қандай ёзиб келишни тушунтирмаса, порталга мурожаат қиламан, қабулхонага бораман аслида-чи, аслида ҳуқуқий маданиятим – саводимни ошираман, ҳуқуқий хизматдан фойдаланаман, адвокатга мурожаат қиламан, дейишлари керак. Шарт-шароитим йўқ дейиш, энди бу қонунга мувофиқ эмас, судда ишни кўришнинг шаффофлигига салбий таъсир этади, коррупцияга йўл очади.
Ёки қонунни шунга мувофиқлаштириш мақсадга мувофиқмикин. Мана шу ҳолатни яъни, мурожаатни назоратга олувчилар ҳам охир-оқибат англаб етиши лозимки, мурожаатни назоратга олиш эмас, балки қонун ижросини назоратга олиш муҳим, шунда мақсадларимизга мувофиқ бўлади. Яъни, урғуни мурожаатга эмас, унинг қай даражада қонунийлигига бериш шарт.
Акс ҳолда, мурожаат кетидан қувиб, «назорат-назорат» ўйнаб, қонунларни четга суриб, жавоб хат, тушунтириш хат деб юраверамиз. Ваҳоланки, мурожаатлар қонунлар бўйича ҳаракатланиши бўйича ягона ва қатъий тизимига ўтиш, мурожаатлар назорат орқали ҳаракатланиш тамойилидан қутилишнинг вақти ўтиб кетганлигига ҳам анча бўлганлигини эътироф этиш фурсати келди менимча. Яъни, мурожаатлар фуқаро → мансабдор шахс (идора, ташкилот) → юқори турувчи мансабдор шахс ← назорат шаклида эмас, мурожаат қонун асосида айланишига эришишмиз даркордир.
Одамларнинг вақтига таъсир этиш ва сарсонгарчилигига сабаб суд нуфузига таъсир этадиган иллат экан. Бунда бирлашишимиз лозим ёки кўпчилигимиз энди ҳозирги замонга мос фикр юритиш ва замонавий имкониятлардан ҳам фойдаланишимиз, бошқача қилиб айтганда, «Фуқаролик судими...» деган сўздан қочиш учун бугунги ахборот макони, тезкорлик замони имкониятларидан фойдаланишимиз ҳам албатта, муҳим.
“SUD” миллий электрон судлов ахборот тизими Фуқаролик ишлари бўйича судлар фаолиятига ҳам жорий этилганига етарлича вақт бўлди. Нега фойдаланмаймиз? Нега вақтни тежамаймиз, йўл ҳақи, ортиқча бошқа харажатларни тежаш учун интилмаймиз?
Суд идорасига бормасдан, интернет орқали масофадан туриб, даъво аризалари, илтимосномалар ҳамда уларга илова этиладиган ҳужжатларни электрон тарзда жўнатиш, судларда эса ҳужжатларни электрон тарзда қабул қилиб олиш, тарафларнинг оворагарчиликларига, ортиқча қоғозбозлик ҳамда сарф-харажатларга ҳам чек қўяди-ку. Нега бу имкониятдан кенг фойдаланмаймиз?
Нега яна коррупцияни четлаб ўтишнинг, бюрократияни, сансалорликни йўқотишни ушбу йўлига кам эътиборлимиз?
Нега судга бориб-бормай, таниш билиш излаймиз, нега ўзимизни ўзгартиришга ҳаракат қилмаймиз?
Бугун судларга юборилаётган даъво аризаларнинг қарийб 15-20 фоиз ФПК талаблари асосида қайтаришга мажбурмиз. Нега? Сабаби, юқорида айтганларимиз, фақат ва фақат мурожаат ↔️ қонун тамойилига оғишмай риоя этиш, қонунни ҳурмат қилиш, мурожаат қилаверсам, барибир назоратга олинса ҳал бўлади, нега керак ортиқча далил тўплаш, ҳужжат йиғиб даъвони асослантириш, таниш-билишни ишга солсам, яхши бўлар деган фикрдан қочиш нафақат мурожаатчилар, балки ҳар бир мансабдор онгига етиб бориши шарт.
Қолаверса, айрим ишончли вакил ёки ҳуқуқий кўмак берувчи, ҳимоясидаги шахс билан шартнома имзолаганда ва натижаси ўлароқ «судлар нотўғри қилди» деб, ўзини оқлашга уриниш эмас, балки қонун биз тарафда эмас экан, деб тан олишни ҳамда ҳимоясидаги шахс олдида хижолатдан ёлғон гапириш ўрнига, виждони олдида ҳа, қонунда шундай экан деб гоҳида тан олиши, аҳоли онгида қонунларга ҳурмат, қолаверса судларга ҳурмат ошига ҳам хизмат қилишини ҳис этиши адолатдан бўлади.
«Фуқаролик судими...» дейилишига сабаблардан бири кўпчилик ФИБ судларини фақатгина эр-хотин ўртасидаги ёки оилавий низоларни кўрадиган суд деб билишидадир. Ўрни келганда, шуни билиб қўйган фойдадан холи эмаски, ФИБ судлари фуқаролик, оила, меҳнат, уй-жой, ер тўғрисидаги ва бошқа муносабатлардан юзага келадиган низолар бўйича ишлар, агар тарафлардан ҳеч бўлмаганда биттаси фуқаро бўлса, алоҳида тартибда юритиладиган, буйруқ тартибида ҳал этиладиган, ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорлари юзасидан низолашиш тўғрисидаги ва ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш ҳақидаги, чет давлат судларининг ҳамда чет давлат ҳакамлик судларининг (арбитражларининг) ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмаларининг маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан юзага келмайдиган қарорлари ҳамда улар мансабдор шахсларининг шундай ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ва бошқа ваколатига киритилган ишларни кўриб чиқади.
Шунингдек, ўзаро боғлиқ бўлиб, баъзилари фуқаролик ишлари бўйича судга, баъзилари эса иқтисодий судга тааллуқли бўлган бир нечта талаб бирлаштирилганда, ўзаро боғлиқ бўлиб, баъзилари фуқаролик ишлари бўйича судга, баъзилари эса, маъмурий судга тааллуқли бўлган бир нечта талаб бирлаштирилганда, барча талаблар фуқаролик ишлари бўйича судда кўрилади.
Соддагина қилиб айтганда, ФИБ судлари – инсоннинг бешикдан қабригача ёки туғилмасидан то оламдан ўтиб, мероси жой-жойига тушмагунча, муаллифлик ҳақидаги низоларга оид ишларда эса, оламдан ўтганда кейин ҳам 50 йилгача бўлган барча низоларни кўради.
Асосийси эса, кўпчилик «Фуқаролик судими...» дейишдан «Одил судга раҳмат», «Низомиз ечилмаса, сизни судга бераман», деб баралла айтишига эришиш учун, аввало, қозилик қилиш учун барча асослар бўлган биргина ФИБ судлари судьялари фақат ва фақат қозилик қилишлари, тарафларнинг вазифасини ҳам ўзлари бажармасликлари учун ҳуқуқий ва ташкилий жиҳатдан императив шароитлар яратиш керак.
Яна бир гап, «ФИБ судлари»ни «Халқ судлари»га ўзгартиш вақти ҳам келиб қолди. Этимологик келиб чиқишига кўра, арабчада кўплик шаклда бўлган «фуқаро» сўзнинг асл маъноси бугун ҳеч кимга сир эмас.
Асосий қонунимизнинг 22-боби, Ўзбекистон Республикасининг суд ҳокимияти деб номланади, айни шу бош қонунимизнинг 7-моддасига мувофиқ, халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир. Суд ҳокимиятининг ҳам бирдан-бир манбаи халқимиздир. Шундай экан, ФИБ судлари «Халқ судлари» деб қайта номланиши керакмикин дейман...
Нуриддин Муродов