150 ўқувчи қиз ҳалокати: фожиага ким айбдор?
АҚШ ҳарбий терговчилари Эрон жанубидаги қизлар мактабига берилган зарба ортида Пентагон кучлари тургани эҳтимоли борлиги, тергов ҳали якунланмагани ва хулоса чиқарилмаганини таъкидлаган. Бу ҳақда икки нафар америкалик расмий “Reuters” агентлигига маълум қилди.
14 март куни Миноб шаҳрида содир бўлган бу ҳодиса АҚШ ва Исроилнинг Теҳронга қарши ҳужуми бошланган кунга тўғри келади. Ислом Республикасининг БМТдаги элчиси Али Баҳрайний айтишича, зарба натижасида камида 150 ўқувчи ҳалок бўлган.

Қўшма Штатлар мудофаа вазири Пит Хегсет мазкур воқеа юзасидан текширув олиб борилаётгани, Америка ҳарбийлари одатда фуқаролик манзилларини нишонга олмаслигини қайд этди. Оқ уй айни масала бўйича изоҳ беришдан тийилди.

Давлат котиби Марко Рубио ҳам мактаб атай нишонга олиниши мумкин эмаслигига урғу берган. Унинг сўзларига кўра, агар ҳужум Пентагон томонидан амалга оширилган бўлса, ҳолат ҳарбий идоралар томонидан тўлиқ текширилади.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бошқармаси мазкур воқеа юзасидан мустақил тергов ўтказишга чақирди. Халқаро гуманитар ҳуқуққа кўра, мактаб, шифохона ёки бошқа фуқаролик масканига қасддан ҳужум уюштириш уруш жинояти сифатида баҳоланади.
Мусулмон Зиё, ЎзА