Бугун Тошкент шаҳрида Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасида дўст халқ миллий байрами – Мустақилликнинг 79 йиллиги кенг нишонланди. Тантанали маросимда элчихона вакиллари, турли мамлакатлар дипломатлари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, Ҳиндистондан келган талабалар иштирок этди.
Қайд этиш керак, 1947 йил 15 августда Ҳиндистон ўз мустақиллигига эришиб, Деҳли шаҳридаги Ред Форт қалъаси деворида илк бор уч рангли давлат байроғи кўтарилган. Ўша кундан бошлаб айни сана ҳар бир ҳинд фуқароси учун диний ва миллий келиб чиқишидан қатъи назар, қўлга киритилган озодлик ва бирлик тимсолига айланди.
Бугунги Ҳиндистон йирик демократия, замонавий технология манзили, саноат, маданият соҳаларида жаҳон миқёсида муносиб ўрин эгаллаган давлат сифатида улкан иқтисодий имконияти, илм-фан ва инновациядаги ютуқлари билан мислсиз куч-қудрат намоён этмоқда.
Ҳиндистоннинг диёримиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Смита Пант хоним икки мамлакат дўстона муносабати мустақиллик йилларида янада ривожланганини таъкидлайди:
– Элчи сифатида Мустақиллик байрамини Ўзбекистонда биринчи марта қарши оляпман. Бу мен учун шараф, албатта. Давлатларимиз, халқларимиз ўртасидаги алоқалар тарихи жуда теран, маданиятларимиз муштарак.
12 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди билан телефон орқали мулоқот қилди. Суҳбат аввалида мамлакатимиз етакчиси ҳамкасби ва дўст ҳинд халқини Мустақиллик куни муносабати билан самимий табриклади.
– Савдо-саноат, инвестиция, маданият соҳалари, айниқса таълим йўналишида алоқаларимиз жадал ривожланяпти, – дея сўзини давом эттирди дипломат. – Ҳиндистон ҳукумати ёшларини Ўзбекистонга тиббиёт бўйича ўқишга юборяпти. Юртингиз таълим тизими жозибадорлиги туфайли уларнинг сони кун сайин ортиб бораётгани қувонарли.
Маросим дастурига кўра, ўзбек ва ҳинд тилларидаги куй-қўшиқлар, миллий рақслар ва мусиқа асарлари намойиш этилди. Ранг-баранг чиқишлар тадбир иштирокчиларига кўтаринки кайфият бағишлаб, икки халқ ўртасидаги яқинлик, ўзаро ҳурмат руҳини янада мустаҳкамлади.
<iframe width="640" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/f4xeEIE-qa8?si=IaC-WzceTx4zDatc" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Беҳруз Худойбердиев, Жавоҳир Тошхўжаев, Нишонбой Абдувоитов (видео), ЎзА