Кун тарихи
1410 йил (бундан 611 йил олдин) – отаси Темур вафотидан кейин Мовароуннаҳрда юзага келган низолар, бетиним курашларга барҳам берган Шоҳрух Мирзо Самарқанд шаҳрига кириб келди. Бу ҳақда тарихчи олим Абдураззоқ Самарқандий шундай ёзади: “...ҳумо ҳашаматли соябон давлат соясини яна доруссалтана Самарқанд устига ташлаб байроқлар офтобининг шуъласи ва чодирлар ойининг нури у шаҳар атрофини мунаввар қилди. (Хоқони саид) улуғвор отаси, яъни номдор соҳибқирон (Амир Темур)нинг (қабрини) зиёрат қилиб, сўнг бошқа табаррук қабрлар (зиёратига) киришди ва у диёру шаҳарлар улуғларининг рухларидан мадад тилади. Самарқанд аҳолиси қайтадан бахтсизликлар чангию ҳодисалар панжасидан халос топиб, табрик шартларини бажо келтирдилар».
1912 йил (бундан 109 йил олдин) – Бухоро жадидлари томонидан Янги Бухоро (ҳозирги Когон) шаҳрида ўзбек тилида «Турон» газетаси чоп этила бошланди. Унинг жами 49 сони чоп этилган. Адабиётшунос олим Б.Дўстқораев «Турон» газетасининг ўнлаб сонларидаги турли соҳаларга доир мақолаларни таҳлил қилиб, мазкур матбуот органи Бухоро ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий ҳаётида муҳим роль ўйнаганини қайд этган.
1918 йил (бундан 103 йил олдин) – Туркистон Меҳнат халқ комиссарлиги «Туркистон Совет Республикаси саноат ишчиларига тўланадиган иш ҳақи нормалари тўғрисидаги Низом»ни тасдиқлади. Низом Туркистон касаба уюшмалари биринчи қурултойи қарорлари асосида кафолатланган иш ҳақи тўлашни жорий қилди ва янги тариф ставкаларини белгилади. Бироқ, тарихчи Холматжон Қуллиевнинг қайд этишича, тариф ставкаларининг асосий мезони қилиб иш миқдори ва сифати эмас, балки тирикчилик ўтказиш минимумининг қиймати олинган эди.
1952 йил (бундан 69 йил олдин) – Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Муҳаммадали Абдуқундузов таваллуд топди. Унинг ижросидаги оғир, вазмин, чуқур ўйга ботган, ўткир нигоҳли Бобур роли актёр ижодида алоҳида ўрин тутади.
1956 йил (бундан 65 йил олдин) – собиқ иттифоқ ҳукумати томонидан «Давлат пенсиялари тўғрисида» Қонун қабул қилинди. Мазкур қонунда қўйидаги аҳоли гуруҳлари – ишчи ва хизматчи, ҳарбий хизматчи, талаба, ногиронлар ва боқувчисини йўқотганлар давлат нафақасини олиш ҳуқуқига эгалиги таъкидланди.
1997 йил (бундан 24 йил олдин) – Қашқадарё вилоятида Кўкдумалоқ компрессор станцияси ишга туширилди. У бир кеча-кундузда 4,2 миллион кубометр газ ишлаб чиқариш қувватига эга ва 600 атмосфера босими остида ишлайди.
2004 йил (бундан 17 йил олдин) – Президент фармонига асосан, шахмат бўйича 2004 йил жаҳон биринчилигида ғолибликни қўлга киритиб, халқимизга хос юксак интеллектуал салоҳият, мардлик ва жасорат намунасини амалда намоён этгани, Ватанимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини ва нуфузини ошириш, унинг шуҳратини бутун дунёга тараннум этишга қўшган улкан ҳиссаси учун Рустам Қосимжонов Амир Темур ордени билан мукофотланди.
2004 йил (бундан 17 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Япония билан ҳамкорлик қўмитасини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
2017 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида», «Эзгу мақсад» халқаро хайрия жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида» қарорлари қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБEРДИЕВ тайёрлади.