
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари ходимлари хорижда ота-она қарамоғисиз қолган болаларни Ўзбекистонга қайтариш мақсадида хизмат сафари билан Қозоғистонга жўнаб кетишди.
Ота-она қарамоғисиз қолган 10 нафар, хусусан, Атирау шаҳрида 1 нафар, Олмаота шаҳрида 8 нафар ва Манғистау шаҳрида 1 нафар бола давлат ёрдамига муҳтож бўлиб, ишчи гуруҳ вакиллари томонидан уларни ўз оилалари бағрига қайтариш режалаштирилган.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тасарруфидаги "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази қайтарилаётган болаларнинг оилавий муҳитга қайтиши учун барча зарур чора-тадбирларни амалга оширмоқда.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ИИВ ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда хорижда қийин вазиятга тушган болаларни Ватанга қайтариш ва уларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўйича чора-тадбирларни давом эттирмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА