Ўзбекистон Бош давлат ветеринария инспектори коронавирус юртимизга кириб келишининг олдини олишга доир қарор қабул қилди
Хитойда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият жиддий тус олмоқда.
Хитойда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият жиддий тус олмоқда. Вирус мамлакат сарҳадларидан чиқиб, бошқа давлатларда ҳам кузатиляпти. Шу боис, дунё жамоатчилигини хавотирга солмоқда. Ўзбекистонда ҳам мазкур вирус тарқалишининг олдини олишга қарши жиддий чоралар кўрилган. Бу борада тегишли ташкилотлар барча зарур эҳтиёт чораларини қўлламоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Бош давлат ветеринария инспекторининг коронавируснинг олдини олишга доир қарори эълон қилинди.
“Хитой Халқ Республикасидан давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларни импорт қилишни вақтинча чеклаш тўғрисида”ги ушбу қарорда, жумладан, шундай дейилган:
Оммавий ахборот воситалари маълумотларига кўра Хитой Халқ Республикасида янги коронавирус касаллиги қайд этилган бўлиб, бугунги кунда дунёнинг бошқа давлатларида ҳам рўйхатга олиниши кузатилмоқда. Таҳлилларга кўра вирус ёввойи ҳайвонлардан тарқалганлиги гумон қилинмоқда. Ўзбекистон Республикасининг “Ветеринария тўғрисида”ги Қонуни 2- ва 24-моддаларига асосан ҳамда мамлакатимиз ҳудудига четдан ҳайвонларнинг юқумли касалликлари кириб келишидан муҳофаза қилиш мақсадида:
1. Хитой Халқ Республикасидан барча турдаги давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларни (ветеринария дори воситалари ва диагностикумлар бундан мустасно) импорт қилишга нисбатан 2020 йил 23 январдан вақтинча чеклов ўрнатилсин.
2. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бош давлат ветеринария инспекторлари, Давлат чегараси ва транспортда бош давлат ветеринария инспекторига:
-юридик ва жисмоний шахсларга давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларни (ветеринария препаратлари ва диагностикумлар бундан мустасно) Хитой Халқ Республикасидан импорт қилишга нисбатан ветеринария рухсатномасини расмийлаштириш тўхтатилганлиги тўғрисида кенг қамровли тушунтириш ишларини олиб борсин;
-келиб чиқиши Хитой Халқ Республикасига тегишли бўлган давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарлар устидан назорат олиб боришда ходимларнинг шахсий гигиена ва ҳимоя кийимларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши таъминлансин;
-барча ветеринария муассасаларида, жумладан, чегара ветеринария назорат пунктларида зарурий дезинфекцияловчи воситалар захираси яратилсин;
-аҳоли орасида тушунтириш ишларини олиб бориш ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар билан мазкур янги коронавирус касаллиги профилактикаси бўйича ҳамкорликда ишлар олиб борилиши таъминлансин.