Жамоат тартиби ва карантин қоидаларини такроран бузган шахс 15 суткага қамалди
Улуғнор тумани маъмурий судининг раиси Ваҳобжон Сиддиқов раислигида ўтказилган суд мажлисида Х.А.га оид маъмурий иш кўриб чиқилди.
Мамлакатимиз ҳудудида коронавирус инфекцияси юқиши ва тарқалишининг олдини олиш, санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш, бу борада белгиланган тартибларга қатъий амал қилиш ҳар бир фуқаронинг бурчидир. Афсуски, орамизда белгиланган тартибларни менсимасдан, бошқаларнинг саломатлигига хавф соладиган хатти-ҳаракатларни қасддан, қайта содир этаётган айрим шахсларнинг борлиги барчамизни ташвишга солади.
Андижон вилояти, Бўстон тумани, Маориф маҳалласида яшовчи, 1989 йилда туғилган фуқаро Х.А. 2020 йил 22 апрель куни соат 18 00 ларда спиртли ичимлиги ичиб, жамоат жойида маст ҳолда, қолаверса, ҳимоя ниқобисиз юриб белгиланган қоидаларни бузган.
Аниқланишича, ушбу шахс аввал ҳам икки марта, яъни жорий йилнинг 8 январь куни Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 187-моддаси 1-қисми (жамоат жойида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш) ҳамда 26 март куни ҳимоя ниқобисиз юриб карантин тартибини бузганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилган. Бундан ўзига тегишли хулоса чиқармаган, ушбу шахс жамоат жойида маст, ҳам ҳимоя ниқобисиз юриб, учинчи бор ҳуқуқбузарлик содир этган.
У жамиятдаги юриш-туриш қоидаларини менсимасдан, қасддан бузиб, юқоридаги каби ҳуқуқбузарликни такроран содир этди. Ўзи яшайдиган маҳаллада қўшнилари тинчлигини бузиб, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи уятли сўзлар билан ҳақорат қилиб, ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабига бўйсунмаган.
Улуғнор тумани маъмурий судининг раиси Ваҳобжон Сиддиқов раислигида ўтказилган суд мажлисида Х.А.га оид маъмурий иш кўриб чиқилди. Суд қарорига кўра, унга нисбатан 15 сутка қамоқ жазоси тайинланди ҳамда қамоқда сақлаш учун сарфланган харажатлар учун 501 минг 750 сўм маблағ унинг ҳисобидан давлат фойдасига ундирилиши белгиланди.
Қонун барчага баробар, айниқса, бугунги карантин шароитида ўзларининг бурч ва масъулиятларини унутиб қўяётган бундай шахсларга нисбатан қатъий чоралар кўрилиши зарур.