ЎзА Ўзбек

13.12.2019 Чоп этиш версияси

ЎзДЖТУ хорижий университетлар билан ҳамкорлик шартномалари имзолади

ЎзДЖТУ хорижий университетлар билан ҳамкорлик шартномалари имзолади

Юртимиз қадим-қадимдан тарихий Буюк ипак йўлида жойлашган мамлакатлар билан савдо-сотиқ алоқаларини амалга ошириб келган. Бу жараёнда коммуникациялар алмашинуви ҳам рўй берган. Демакки, йирик тамаддун ўчоғи бўлган.

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети бугун ана шу қутлуғ ҳодисани давом эттиришга бел боғлаган. Жумладан, тил, тарих, маърифат, маданият, туризм ва тилмочлик соҳаларини кенг кўламда ривожлантириш мақсадида “Буюк ипак йўли университетлари тармоғи” лойиҳасида фаол иштирок этмоқда.

Лойиҳа доирасида ЎзДЖТУда “Буюк ипак йўлининг харитаси” мавзуида тадбир бўлиб ўтди.

Жанубий Кореянинг Ҳанкук хорижий тиллар университети профессори Сунг-Дон Ҳванг халқларимиз ўртасидаги дўстлик, ўзаро бағрикенглик тамойили асосида кенг кўламли алоқаларни янада мустаҳкамлашимиз зарурлигини таъкидлаб, бу борада илм-фан йўналишидаги ҳамкорликни изчил давом эттириш зарурлигини эътироф этди.

Шунингдек, тадбирда Япония, Туркия ва Эрондан ташриф буюрган профессор-ўқитувчилар ҳам Ўзбекистонда рўй бераётган ўзгаришлар ҳақида ижобий фикр билдирди.

Тадбир доирасида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети қатор хорижий давлатлар олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик шартномаларини имзолади.

3 046
Нурияхоним Улуғбек қизи, ЎзА