Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи фаолиятига тўсқинлик қилаётган муаммолар кўриб чиқилди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди.
Унда ёшларга оид давлат сиёсатини янада самарали рўёбга чиқариш ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан вакиллик ва ижро ҳокимияти органларининг ўзаро ҳамкорлигини кучайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Ёшлар алоҳида ижтимоий гуруҳ сифатида жамият ва давлат ривожида муҳим ўрин тутади. Йигит-қизлар мамлакатимиз келажагини бугунданоқ белгилаётган, юртимиз тараққиёти йўлида янги ғоялар, куч ва имкониятларни ишга солишга қодир улкан кучдир. Шу боис уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, интилиш ва қобилиятларини рўёбга чиқариш учун барча шарт-шароитларни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Жумладан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ташкил этилиши мамлакатда бу борада олиб борилаётган ишларнинг янги босқичга олиб чиқилишига, уларнинг келажаги учун янги саҳифа очилишига катта қадам бўлди.
Ёшларга муносиб шарт-шароитлар яратиб берилаётганига қарамасдан, айрим мутасадди ташкилот раҳбарларининг сусткашлиги сабабли йигит-қизлар билан боғлиқ аксарият муаммоларни ҳамон тўлиқ бартараф этиб бўлмаяпти. Жойларда мутасадди раҳбарлар томонидан бу масалани менсимасдан, ёшлар ҳаёти, ўй-кечинмалари, орзу-умидларига эътиборсиз қараш ҳолатлари ҳамон учрамоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги фармонига асосан “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури қабул қилинди. Жорий йилда Давлат дастури қамровини янада кенгайтириш бўйича Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан биргаликда тизимли ишлар амалга оширилиб, 2,1 триллион сўмга яқин 8 минг 913 бизнес лойиҳанинг манзилли рўйхати соҳаларга ажратилган ҳолда туман ва шаҳарлар кесимида ишлаб чиқилди.
Бироқ жойларда мутасаддиларнинг эътиборсизлиги ва масъулиятсизлиги, қолаверса тегишли вазирлик ва идоралар, молия муассасаларининг маҳаллий ҳокимиятлар билан ҳамкорлиги лозим даражада йўлга қўйилмаганлиги боис мамлакатимиз келажаги учун муҳим бўлган ушбу дастур кўпгина вилоятларда қониқарсиз бажарилмоқда.
Шунингдек, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, бандлиги таъминлаш, нофаол ёшлар билан ишлаш борасида самарадор чора-тадбирлар амалга оширилмаган. Маьлумотларга кўра, жорий йилда 17 ёшгача қизлар ўртасида 50 та эрта туғруқ ҳолати қайд этилган. 6 мингдан ортиқ ёш оилалар ажрими қайд этилган. Ёшларни тарбиялашда оиланинг ўрни сусайиб бораётгани, ёш йигит-қизлар оила қуриш, эрта никоҳ ҳақида умуман тушунчага эга эмаслигини бунга сабаб дейиш мумкин.
Ёшлар орасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда асосий омил – уларнинг самарали бандлигини таъминлаш борасида ҳам қатор камчиликлар мавжуд. Ёшларни муносиб иш билан таъминлаш, жумладан, улар учун барқарор ҳамда истиқболли иш ўринларини яратиш, ёшларнинг меҳнатга оид ҳуқуқларига иш берувчилар томонидан риоя этилиши устидан қатъий назоратни йўлга қўйиш тақозо этилади. Зотан, ҳар йили мамлакат меҳнат бозорига таълим муассасаларини тамомлаган қарийб 450 минг ёш ўғил-қиз кириб келмоқда.
Сўзга чиққанлар томонидан қайд этилганидек, юқорида кўрсатилган рақамлар ортида келажакка умид билан боқиб турган, ўз орзу ва интилишларини рўёбга чиқариш имконини излаётган ёшларимизнинг эртанги куни мужассам. Уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида алоҳида дастурлар қабул қилиниши лозим.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Алишер Саъдуллаевнинг таъкидлашича, энг катта эътиборни ғоявий структурани ривожлантиришга қаратиш керак. Шу билан бирга Ёшлар иттифоқининг қуйи бўғинларида ходимларнинг камлиги сабабли баъзи бир тумандаги ёшларни тўлиқ қамраб олиш имкониятини пасайтирмоқда.
Мажлисда тилга олинган камчиликларни бартараф этиш юзасидан бир қатор тавсиялар билдирилди. Хусусан, ёшларни ислоҳотларга фаол жалб қилишнинг ўзига хос услуби сифатида “Ҳоким ва ёшлар” учрашувларини мутлақо янгича, замонавий руҳда ташкил қилиш механизмини ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди. Шунингдек, ёшларни “Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари” ғояси остида бирлаштириш, улар қалбида ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини ошириш, чуқур илм олишга ва китоб мутолаасига тизимли жалб этиш чораларини кўриш зарурлиги таъкидланди.
Мажлисда муҳокама этилган масала бўйича Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг тегишли қарори қабул қилинди.