ЎзА Ўзбек

23.09.2020 Чоп этиш версияси

Ўзбек тилим, миллатим, ифтихорим менинг

Ўзбек тилим, миллатим, ифтихорим менинг

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида сўзлаган нутқини алоҳида тарихий воқеа деб ҳисоблайман.

Бу нутқда дунёдаги ва минтақадаги муаммолар хусусида Ўзбекистон сиёсий ёндашуви аниқ ва теран ёритиб берилган. Ўзбекистон Президенти ушбу чиқишининг тарихий аҳамияти шундан иборатки, БМТ тарихида илк маротаба мустақил Ўзбекистон раҳбари ўзбек тилида нутқ сўзлади.

Мен бундан шахсан ўзим ўзбек ўғлони ва афғонистонлик ўзбекларнинг раҳбари сифатида фахрланаман. Бу биз учун юксак ифтихордир.

Ўзбек тилида сўзланган бу нутқ нафақат 34 миллионлик Ўзбекистон аҳлини, балки дунёдаги кўплаб мамлакатларда яшовчи миллатдошларимизни, хусусан, Афғонистондаги ўзбекларни ҳам чин маънода ғурурлантирди.

Ўзбекистон Республикасининг, хусусан, Президент Ш.М.Мирзиёевнинг охирги йилларда олиб бораётган сиёсати ва ислоҳотлари нафақат мамлакат ичидаги оқилона ўзгаришларга, балки Ўзбекистоннинг минтақадаги ва дунёдаги сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий жараёнларда фаол иштирок этишига хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон ҳар доим ўзининг тинчликпарварлик сиёсати билан дунё ҳамжамиятида ўз ўрнига эга бўлиб келган. 2001 йил охирида Афғонистонда бошланган халқаро терроризмга қарши курашни амалга ошириш ташаббусчиларидан бири ҳам Ўзбекистон эди.

Ўтган йиллар давомида Ўзбекистон ўз йўлида давом этди, қўшни Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, бу мамлакатни минтақавий жараёнларга фаол жалб қилиш учун барча имкониятларни ишга солди.

Хусусан, 2018 йил март ойида Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ўтказилган олий даражадаги Тошкент конференцияси афғон муаммосини тинчлик йўли билан ҳал қилишга асосий туртки бўлди. Олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида яқинда Қатарнинг Доҳа шаҳрида биринчи марта афғонлараро музокаралар ўтказилди. Ўйлайманки, бу бошланган эзгу иш ўз ижобий натижасини беради.

Ўзбекистон ҳукуматининг Афғонистон ҳудудида барпо этиши кутилаётган “Сурхон – Пул-и Хумри” электр узатиш тармоғи ҳамда Мозори-Шариф шаҳридан Ҳинд океанига олиб чиқувчи темир йўл лойиҳалари менинг юртимнинг иқтисодий-ижтимоий ривожига улкан ҳисса қўшади. Мазкур ташаббуслар тарихда икки давлатни чамбарчас боғловчи рамзий кўприк сифатида қолишига ишонаман.

Маршал Абдул Рашид Дўстум,

Афғонистон миллий исломий ҳаракати асосчиси,

Афғонистон ўзбеклари раҳбари

37 513
ЎзА