ЎзА Ўзбек

25.09.2020 Чоп этиш версияси

Ўзбек тилим

Ўзбек тилим
21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни 

Қуш қўш қаноти билан учгандай одамнинг қўшалоқ орзуси бўлади: озод яшаш ва она тилида эркин сўзлаш. 

Инсоният тарихига назар ташласак, ҳаммага ҳам бундай бахт насиб этмаган. Биз ўзбекларнинг бахтимиз шуки, юртимиз мустақилликка эришди ва она тилимиз давлат тили мақомига эга.

Ўтган йўлларимга қараб, ўттиз бир йил илгари она тилимизга давлат тили мақоми бериш учун кураш бошланганда, митингларда қатнашганимдан, эзгу ғояни ёқлаб мақолалар ёзганимдан, тадбирларда иштирок этганимдан ва уларда она тили ҳақида шеърлар ўқиганимдан, хайрихоҳлардан имзолар тўплаганимдан бахтиёрман. Агар ўшанда тинчимни ўйлаб пана жойларда жон сақлаганимда, бугун қутлуғ заминимизда қандай бош кўтариб юрардим, она тилимизда қандай хотиржам сўзлардим, Ўзбек тили байрами куни белгиланганда ҳозиргидай бошим осмонга етиб қувона олармидим?! Шукурки, она тилимиз жонкуярлари қаторида бўлдим.

Ёш авлодга бундай шукуҳли кунлар осонликча келмаганини эслатиш ҳам қарз, ҳам фарз. Она тилимиз меҳрибонларимиз аллаларида, халқимиз эртаклари ва оғзаки ижодида камолга етди. Ёзма манбаларимиз 5-8-асрларга оид тош ва металга битилган урхун-энасой ёзувлари билан белгиланади. (Илмий тильда қадимги турк руник ёзуви дейилади). 

Ўн биринчи асрга келиб араб алифбоси асосида яратилган эски ўзбек ёзуви оммалаша бошлади. Мутафаккир бобомиз Маҳмуд Кошғарий 1070-71 йилларда ёзган «Девону луғотит турк» асари она тилимиз бой тил эканлигини мангуликка муҳрлади. ХI-ХII асрларда яратилган Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг» ва Аҳмад Югнакийнинг «Ҳибат ул-ҳақойиқ» асарлари она тилимиздаги бебаҳо дур-марваридлар ҳисобланади. Улардан кейин Аҳмад Яссавий, Лутфий каби мумтоз шоирларимизнинг туркий наволари назм гулшанига файз бағишлади.

Шеърият султони Ҳазрати Алишер Навоийнинг беш достондан иборат «Хамса»си она тилимизга қўйилган осмонўпар ҳайкал бўлди. Яна муҳтарам шоиримиз тилимизни камситганларга жавобан «Муҳокамат ул-луғатайн» асарида она тилимиздаги юзта сўзни келтириб, уларнинг муқобили форс тилида йўқ эканлигини таъкидлаганлар. Агар бу сўзларимизнинг муқобили бой форс тилида йўқ бўлса, бошқа тилларда ҳам йўқ десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Баъзан ўзимга Бобур Мирзо нега «Хатти Бобурий» асарини яратганлар, деб савол бераман. Унга жавоб топгандайман: у зот она тилимиз ўз ёзувига эга бўлишини ва равнақ топишини истаганлар. Она тилида шеър ёзган шоир борки, уларни шу орзу илҳомлантирган.

Ўн тўққизинчи асрнинг иккинчи ярмида юртимиз осмонида қора булутлар қуюқлашди ва халқимиз 130 йил давомида мустабидлар зулми остида қолди, бундан она тилимиз энг кўп жабр кўрди. Тилимизда битта сўзни эплаб айтолмайдиганлар уни камбағал тилга чиқарди. «Ўзбек тили камбағал эмас, балки ўзбек тилини камбағал дегувчиларнинг ўзлари камбағал. Улар ўз нодонликларини ўзбек тилига тўнкамасинлар». Абдулла Қодирийнинг бу сўзлари барча жадидларимизнинг овози бўлиб янгради. Мустабидлар яна зиёлиларимизнинг дарё-дарё қонларини оқизишди.

Ўшалар чиркин ниятларини олимларга маъқуллатиб олишга уринишди. Ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари бошида Москвада чақирилган Фанлар академиясининг йиғилиши шу иддаони тасдиқлатишга бағишланди. Унда Олий Кенгаш депутати, болқор шоири Қайсин Қулиев ҳам нутқ сўзлади: «Айримлар кам сонли миллатларнинг тиллари ўлади, дея гапираётганидан хабардорман. Буни олимлар эмас, ҳаётнинг ўзи ҳал қилади. Она тили – ҳар биримиз учун табаррук тупроғимиз ва меҳрибон онамиз нафаси...»

1967 йилда авар шоири Расул Ҳамзатовнинг «Менинг Доғистоним» асари босилиб чиқди. Бу асар севимли шоиримиз Эркин Воҳидов таржимасида 1968 йилдан «Гулистон» журналида берила бошланди. Асарнинг «Тил» бўлимидаги сўзлар мисоли ёз кунидаги момақалдироқдай янгради. Айниқса, «Она тилим» шеъри ўзбек китобхонларининг ҳам юрагидан жой олди.

Майли, ким қайси тильдан шавқу завқ олса,

Менинг ўз тилимга минг жоним фидо.

Эрта она тилим агар йўқолса,

Мен бугун ўлишга бўлурман ризо.

Шундай оташин сўзлар тилимиз ва дилимизда такрор-такрор жаранглаб, юртдошларимизни она тилимиз қадрини тиклаш учун бўладиган курашга тайёрлади ва улар 1989 йил 19 март куни пойтахтимизнинг ҳозирги «Мустақиллик» майдонида жам бўлишди, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишини талаб қилишди...

Она тилимизга давлат тили мақоми бериш учун кураш қизғин паллага кирганда зиёли рус дўстим билан суҳбатлашдим. «Энди мен нима қиламан? Ўзбек тилини билмайман. Қаерга бораман? Шу ерда туғилганман», – дея йиғлаб юборди. Уни овутишга сўз изладим: «Ҳали кеч эмас, ўзбек тилини ўрганиб оласан, Беруний сенинг ёшингда юнон тилини ўрганган». У менга маъюс қаради: «Ўзинг биласан, мен Беруний эмасман», – деди ва кўзларидан ёш томчилади. Дўстим фан номзоди бўлгани учун воқеалар ривожини оқилона баҳолаганди ва тазарру кўз ёшларини тўкканди.

Афсуски, қутлуғ заминимизда 30-40 йил, ҳатто 80 йил истиқомат қилмасин битта ҳам ўзбекча сўзни билмайдиган бошқа миллат вакиллари ҳамон бор. Улар ўзбек тилини ўрганишни хаёлларига ҳам келтирганлари йўқ. Ҳолбуки, Ҳазрат Навоийнинг «Тилга ихтиёрсиз, элга эътиборсиз» деган пурмаъно сўзлари беш асрдан буён жаранглаб турибди, 31 йил илгари ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган ва бу 28 йил олдин қабул қилинган Конституциямизда тасдиқланган. 

27 йил олдин «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни кучга кирган. Лекин кўчага чиқишимиз билан бошқа тиллардаги ёзувларга кўзимиз тушади, давлат газета-журналлари ҳамон кирилл алифбосида чиқмоқда(болалар нашрлари ва «Маърифат»дан ташқари), телекўрсатувлардаги ёзувларнинг кўпчилиги кирилл алифбосида, аксарият ташкилотлар давлат тили ва ёзувида ишлашга тўлиқ ўтмаган...

Сизга исбот керакми? Яқинда 8 йил ўтгандан кейин «Давлат тилида иш юритиш» қўлланмасининг янги нашри бор-йўғи 3000 нусхада чоп этилди. Ахир, кичкина туманда ҳам уч мингдан ортиқ ташкилот бор. Демак, бу қўлланмага эҳтиёж бўлмаган. Агар эҳтиёж бўлганда бу қўлланма босмахонадаёқ тала-тала бўлиб кетарди. Бу қўлланманинг камчилиги фақат кам нусхада чоп этилгани эмас, балки кирилл алифбосида чиқарилганида. Хайрият, ушбу китобнинг лотин ёзувига асосланган янги алифбомиздаги нашри тайёрланаётган экан. Унутмайлик, лотин ёзувига асосланган янги ўзбек алифбосида иш юритиш юртимиздаги ҳар бир ташкилотнинг бирламчи вазифасидир.

Маълумот учун: Германияда немис тилида ёзилмаган мурожаатлар кўриб чиқилмайди, Грузияда грузин тилида иш юритилади, таржималари расмий ҳужжат эмас, Туркияда турк тилида тузилган шартномалар ҳақиқий ҳисобланади... Юртимизда фақат лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбомиздаги мурожаат, шартнома, ҳисобот ва ҳужжатларнигина ҳақиқий деб ҳисоблайдиган вақт келди.

Айримлар лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосидаги афзалликларни кўриш ўрнига ундан камчилик излаш билан овора, алифбони такомиллаштиришни такрорлашдан чарчашмаяпти. Холисанлилло айтсак, мукаммал алифбо дунёда йўқ. Энг оммавий инглиз тилида ҳам талаффузи ва ёзилишида фарқлар бор. Иероглифли хитой тилига тўхталмасак ҳам бўлар. Муҳими, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида китоблар чиқа бошлаганда хорижда яшаётган миллатдошларимиз «Энди биз ҳам она тилимиздаги китобларни ўқий оламиз», дея хурсанд бўлишганди. Янги алифбомиз араб давлатларидаги, Европа, Америка, Австралия қитъаларида яшаётган ватандошларимизга ҳам тушунарли.

Дунёга назар ташланг, Туркия, Озарбайжон, Туркманистон лотин ёзувига асосланган алифбода. Қозоғистон бу йўлда шахдам одимлаяпти. Агар ривожланиш шу тарзда давом этса, тез орада ўзиб кетади. Ўзбекистонимиз Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши аъзоси. Бошқа соҳалар каби тилимизнинг тараққиёти ҳам шу давлатлар билан ҳамкорликда ҳаракат қилишимизга боғлиқ. Ҳамкорларимиз лотин ёзувига асосланган алифбода биз кирилл алифбосида ёзсак ярашмас.

Иқрор бўлайлик, давлат тилини ҳаётга татбиқ этишда ютуқларимиздан кўра ҳал этишимиз лозим муаммоларимиз, бажаришимиз зарур вазифаларимиз кўпроқ. Шу боис бу борада бажарилаётган ишларни кафтдагидай кўрсатадиган Давлат тилини ривожлантириш департаменти муассислигида «Ўзбек тилим» ҳафталик газетаси таъсис этиш керак. Бу газетани она тилимиз жонкуяри бўлган юраги бор бош муҳаррир бошқариши зарур. Йўқса, бу газета гала чумчуқлар орасига қўшилган чумчуқдай газеталар орасида йўқолиб кетади. Ҳа, бу газета бургутдай баландликка кўтарилиши, давлат тилига боғлиқ камчилик ва муаммоларни кўриши билан ўқдай шўнғиб, темир панжаларида кўтариб ҳамманинг эътиборини жалб этиши лозим.

Мақолани ёзар эканман кўз ўнгимда пойтахтимиз марказида отда турган Соҳибқирон Амир Темур бобомиз гавдаланди. Чунки давлат тилини жорий этиш ва она тилимизни ривожлантириш борасидаги кураш давом этмоқда. Биз ҳам отдан тушмасдан ўзимизнинг шижоатимиз билан бошқаларни ҳам бу курашга отлантиришимиз лозим. Шавкатли аждодларимиз, бахтиёр замондошларимиз ва авлодларимиз орзуси тўла-тўкис рўёбга чиқиши учун ҳозир ҳар биримиз бу курашда фидойилик кўрсатишимиз керак.

Тўғри, она тилимиз давлат тили мақомига эга, Ўзбек тили байрами куни белгиланди. Лекин хотиржам бўлишимизга ҳали эрта. Энди она тилимизнинг жаҳон миқёсида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаши учун курашишимиз керак. Дунёда тил ҳақидаги дастлабки илмий рисола бизнинг она тилимизда яратилган(«Девону луғотит турк»), Жомолунгма чўққисидай савлат тўкиб турган асар бизнинг она тилимизда ёзилган(Алишер Навоийнинг «Хамса»си), инглиз, француз, немис, рус ва ҳинд романчилик мактабларидан кейин ўзбек тили романчилик мактаби пайдо бўлган(Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар» романи), ҳатто соҳалар бўйича кўп жилдли луғатларимиз ва энциклопедияларимиз бор(бундай китобларни кўп давлатлар фақат хаёл қилади), она тили ва адабиётига ихтисослашган ижод мактабларимиз, илмий тадқиқот институтларимиз, университетларимиз фаолият кўрсатаяпти.

Олимлар асарларида энг кўп ўзак сўз ишлатган адибларни аниқлашган. Ҳазрат Навоий асарларида 26000 дан кўпроқ ўзак сўздан фойдаланган эканлар. Рус адиби Пушкин 21000, инглиз адиби Шекспир 20000, испан адиби Сервантес 18000 ўзак сўздан фойдаланган. Табиий савол туғилади, она тилимиз шундай бой тил экан нега ҳанузгача Бирлашган Миллатлар Ташкилоти(БМТ) расмий тиллари қаторидан ўрин эгалламаган? БМТ расмий тиллари бўлган инглиз, француз, рус, испан ва хитой тилларидан она тилимизнинг ортиқ жойи бўлса бордир, лекин асло улардан кам эмас. Интернет маълумотларида ёзилгандай, дунёда ўзбек тилида гаплашадиган одамлар 300-400 миллион эмас, бу рақамдан анча кўпроқ. Ўзбек тилимиз БМТ тиллари қаторидан ўрин олсагина дунё миқёсида қадри ошади ва ҳамма жойда севиб ўрганилади.

Она тилимиз дунёда ўзининг муносиб ўрнини эгаллаши учун биринчи навбатда биз фидойилик кўрсатишимиз керак. Албатта, дунёда ўзбеклар кўп, ўзбек тилида гаплашадиган одамлар улардан ҳам кўп. Бироқ, ўзбек тилини кўз қорачиғидай асрайдиган ва ривожлантирадиган макон битта – бу Ўзбекистон! Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек: «Она тилимиз миллий маънавиятимизнинг битмас-туганмас булоғидир. Шундай экан, унга муносиб эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас инсоний бурчимиздир». Дарҳақиқат, бундан юз, минг йил кейин ҳам ўзбек тили, ўзбек миллати, Ўзбекистон яшаши ва гуркираб яшнаши учун бугун ҳам, эртага ҳам, кейинги кунларда ҳам она тилимизни ривожлантиришга ҳиссамизни қўшиш ҳар биримизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас инсоний бурчимиз ҳисобланади.

Асрор МЎМИН,
шоир ва таржимон,
Ўзбекистонда хизмат
кўрсатган журналист

2 899
ЎзА