ЎзА Ўзбек

23.09.2020 Чоп этиш версияси

Замонавий «Маугли» ёхуд 25 йил ҳеч қаерда қайд этилмаган фуқаро

Замонавий «Маугли» ёхуд 25 йил ҳеч қаерда қайд этилмаган фуқаро

Йигирма беш йилдан буён ҳаётда бору, аммо ҳеч бир жойда қайд этилмаган Шоҳрух Алламовга Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспорти берилди.


“Қисмат ёҳуд уч ёшида кўчага ташлаб кетилган бола” номли мақолада тахминан 25 йилдан бери шу юртда яшаб улғайган, лекин жамиятда мавжуд эканлигини, шу заминда борлигини ҳуқуқий жиҳатдан исботлай олмаётган, туғилганлигини тасдиқловчи гувоҳнома ҳамда ҳуқуқ ва бурчларини белгилаб берувчи фуқаролик паспортига эга бўлиш истагини билдириб ёрдам сўраган Шоҳрух Алламов Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонасига мурожаат қилгани ҳақида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги сайтида мақола эълон қилинган эди.

Маълумки, инсон дунёга келганидан кейин унинг ҳуқуқ лаёқати вужудга келади. Вафот этганидан кейин бекор бўлади. Лекин Шоҳруҳ исмли боланинг дунёга келишида унинг нечоғлик гуноҳи борки, бир ота-онанинг виждонсиз, масъулиятсиз қилмишлари оқибатида уч яшар гўдак бола ҳеч кимнинг қаровисиз кўчада ташлаб кетилган.



Унинг шахсини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжати бўлмаган. Шу вақтга қадар ушбу фуқаро сарсон-саргардон бўлиб, кўчаларда тиланчилик қилиб, дуч келган жойларда ётиб, бефарқ бўлмаган фуқароларимиз ёрдамида униб-улғайиб, бир қанча ташкилотларга бориб шахсини тасдиқловчи ҳужжат олишда амалий ёрдам сўраган. Унинг маълумоти бўлмаганлиги, ўқиш ва ёзишни билмаганлиги сабабли ҳар бир ташкилотга оғзаки мурожаат қилган. Кўп йиллар давомида турли хил ташкилотларга мурожаат қилишига қарамасдан шахсини тасдиқлаш ҳақидаги ҳужжатни олиши самарасиз бўлган.

Бу эса Шоҳрухнинг жамиятда ўз ўрнини топишда ҳамда ҳуқуқларини тиклашда қийинчиликлар пайдо қилган.

Мазкур масалада бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонаси аралашуви ҳамда Учтепа тумани прокуратураси, туман ИИО ФМБ МваФРБ, Учтепа туманлараро Фуқаролик суди ва ФҲДЁ органлари билан ҳаморликда амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида фуқаронинг мурожаати ижобий ҳал этилди.

– Мазкур фуқаронинг аризаси ижроси ва назорати менга юклатилди, –дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонаси 6 сектор раҳбари Масрурхон Муҳиддинов. – Ушбу ҳолат бўйича Учтепа тумани ИИО ФМБ МваФРБ бошлиғи билан биргаликда ўзини Алламов Шоҳрух деб таништирган мурожаатчининг шахсига аниқлик киритиш мақсадида барча зарур чора-тадбирлар белгиланиб, бир қатор ишлар амалга оширилди.

Хусусан, Алламов Шоҳрух мурожаати бўйича, биринчи навбатда, Тошкент шаҳар ФҲДЁ бўлими архивига Алламов Шоҳрухга нисбатан туғилганлик тўғрисидаги далолатнома ёзуви қайд этилганлиги бўйича сўровнома тақдим этилиб, унинг берган кўрсатмалари асосида ота-онасининг шахсига аниқлик киритиш учун автоматлаштирилган ахборот тизими ИИВ ҳисоби асосида текширилди.

Алламов Шоҳрухнинг ўзи тўғрисида аниқ маълумотга эга бўлиш мақсадида фотосурати ҳамда бармоқ излари олиниб, Тошкент шаҳар ИИББ ЭК бўлимига мурожаат этилди ҳамда унинг соғлиғи ва ақли расолиги ҳолатини ўрганиш мақсадида руҳий аҳволини текшириш юзасидан тиббиёт экспертиза хулосалари олиниб, барча ҳужжатлар тўпланди. Барча саъй-ҳаракатларимизга қарамасдан, Алламов Шоҳрухнинг шахсига аниқлик киритиш юзасидан ҳеч қандай натижа бўлмагандан сўнг, унинг туғилганлик ҳақидаги фактини тасдиқлаш мақсадида Учтепа тумани прокуратураси номидан Учтепа туманлараро фуқаролик судига юқоридаги ҳолат юзасидан илтимоснома киритилди.

Суд жараёнида даъво аризаси қаноатлантирилди ва фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланиб, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг қарорига асосан Учтепа тумани ФҲДЁ бўлими томонидан Шоҳрух Алламовга туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома расмийлаштириб берилди. Бу жараёнгача бўлган ҳаракатлар машаққатли ўтди. Шундан сўнг фуқарога шахсини тасдиқловчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспорти берилди. Айни вақтда Учтепа туманига доимий рўйхатга қўйилди.

- Айтингчи, Шоҳрух Алламовга фуқаролик паспорти берилди. Энди келгусида ҳаётда ўз ўрнига эга бўлиши учун қандай ёрдам кўрсатилади? Уй-жой масаласи, таълим олиш, иш билан таъминлаш борасида ҳам аниқ йўналишлар белгиланганми?

– Айни вақтда Шоҳрух Учтепа туманига доимий рўйхатга қўйилди – дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонаси мудири ўринбосари Ойбек Тешабеков. – Энди Учтепа тумани ҳокимлиги билан келишилган ҳолда Шоҳрух Алламовга уй-жой ажратиш масаласи кўрилмоқда. Энди фуқаромиз кўчада қолмайди. Ижтимоий масала томонидан ҳам эътибор қаратилади. Хусусан, яқин кунларда фуқарога ногиронлик бўйича нафақа тайинлаш масаласи кўриб чиқилади. Таълим олишига эътибор қаратамиз. Шоҳрухнинг қизиқишига қараб касб-ҳунар эгаллашига кўмаклашамиз. Энди Шоҳрух Алламов бизнинг назоратимизда бўлади.

– Бугун ҳаётимда унутилмас кун, – дейди Шоҳрух Алламов. – Йиллар мобайнида мен эътибордан четда, ҳаётда бору, аммо ҳеч бир жойда қайд этилмаган бир бола эдим. Бугун мен ҳам шу давлат фуқаросиман. Шу юртнинг фарзандиман. Давлатимизга менга кўрсатаётган эътибори учун раҳмат айтаман. Ҳозир менга яшашим учун уй-жой ажратилишини айтишди. Тўғрисини айтганда, қайта туғилгандек бўлдим.

Ота-онам кўчага ташлаб кетган бўлса ҳам давлатимиз мени кўчага ташлаб қўймади. Менга шу вақтгача ёрдамини аямаган Ўзбекистон Ресупбликаси Президентининг Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонаси ходимларига ҳамда Учтепа тумани масъулларига ва менинг тақдиримга бефарқ бўлмай, Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспортимни олиш жараёнида ўз ҳиссаларни қўшган барча ташкилотларга ўз миннатдорчилигимни билдираман!


13 144
Шаҳноза МАМАТУРОПОВА, Нишонбой АБДУВОИТОВ ЎзА