Юрт ишқида ёниб яшамоғимиз даркор
Эътибор беринг-а, аскар йигит Ватан ҳимояси, Ватан тақдири учун устига олган шинелини сени мени устимга синглим, қариндошларим, отам, онам кийгизди, деяпти.
Ватанпарварлик
Шоир Ҳамид Олимжоннинг уруш даври лирикасига мансуб “Шинель” деб номланган бир шеъри бор. Шеърда аскар йигит қонли жанг ва жангоҳлар ичида, бирда қорда, бирда ёмғирда, бирда аёзда, бирда ботқоқда уни бир яқин дўстидек асраган шинелига қарата шундай дейди:
Лекин сени устимга
Катта бир ғам кийгизди,
Синглим, қариндошларим,
Отам, онам кийгизди.
Эътибор беринг-а, аскар йигит Ватан ҳимояси, Ватан тақдири учун устига олган шинелини сени мени устимга синглим, қариндошларим, отам, онам кийгизди, деяпти.
Демак, Ватан ҳимояси – эл юрт ҳимояси, сингил, опа, қариндош, ота-она ор-номуси ҳимояси.
Эсингизда бўлса агар, ўтган асрнинг 60-йилларида ўзбек халқининг яна бир ардоқли шоири Абдулла Орипов “Мен нечун севаман Ўзбекистонни? деган саволни қўйган эди.
Хўш, нечун севаман Ўзбекистонни?
Сабабини айтгин десалар менга,
Шоирона гўзал сўзлардан олдин
Мен таъзим қиламан она халқимга
деган мисралар орқали шоир Ўзбекистон аталмиш юрт тимсолида, Ватан қиёфасида бутун бир она халқини, миллатдошлари, элдошларини севишини, эъзозлашини баралла куйлаган эди.
Ҳар иккала шоир тафаккури бир ўринда туташади. Ҳар иккала ижодкор ҳам бир ўринда мутлақ ҳақ. Халқ, миллат тушунчаси мангуликка Ватан билан жуфт ва ёндошдир. Иймонли инсонлар Ватанларини жон қадар севадилар, уни ўз ор-номуслари қадар юксак тутадилар. Ватан ҳар биримиз кўз очиб кўрган дунё, биз тетапоя бўлиб вояга етган маъво. Болалик ҳайратларимизга сабаб бўлган, ўсмирлик шўхликларимиз, ўйинқароқликларимизни бағрига сиғдира олган, етуклик ёшимизнинг меҳру муҳаббатига сазовор Ватан тоғу тошидан ер-сувигача, сабза гиёҳидан дов-дарахтигача умримизга жон қадар пайванд.
Ватанни севиш – инсон қалбида илоҳий қудрат билан пайдо бўладиган туғма фазилат. Ватан аждодлардан авлодларга қолдириладиган дахлсиз, бебаҳо мерос.
Шу ўринда Турк хоқони Метехон ҳақидаги ҳикояни ёдга олгимиз келди. Турк хоқонлари силсиласида ўз баркамоллиги билан қадрланган Метехон ортиқча қон тўкмаслик, элу юртнинг тинчлигини бузмаслик учун душман тараф хоқони билан келишишга ҳаракат қилади. Бир соатда минг фарсах йўл босадиган севимли отини талаб қилишади. Азбаройи юрт осойишталиги учун Метехон отидан воз кечибди. Аммо душман уруш очиш учун тинимсиз баҳона изларди. Кейинги гал севган ёрини талаб қилибди. Жами беклар, қўшин бошлиқлари ориятдан ҳайқирибди. Метехонни уруш очишга даъват қилибдилар. Хоқон босиқлик билан уларни тинчитиб, “Мен юртимни муҳаббатим учун қурбон қила олмайман!” дебди ва бу гал ҳам душман талабига рози бўлибди. Душман тараф Метехон ҳузурига яна элчисини жўнатибди. Бу гал Метехон хоқонлиги сарҳадига қарашли яйдоқ, қақроқ ердан бир парчагина сўрабди. Беклар, қўшин бошлиқлари ерни бериб қаттол душмандан қутилишни тавсия қилибди. Бу сафар Метехон кўкрагидан ўқ еган арслондек ларзага келибди: “Ватан бизнинггина мулкимиз эмас, мозорда ётган оталаримизнинг, қиёматга қадар туғиладиган набираларимизнинг бу муқаддас тупроқда ҳақлари бор. Ватан бермоққа ҳеч бир кишининг ҳаққи йўқдир, энди жанг қиламиз. Менинг ортимдан олға, бўйин товлаганларга ўлим!” дебди.
Назаримда кўҳна ва олис мозий Метехон каби шердил хоқонлар, Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик, Амир Темур, Мирзо Бобурлар кўз қорачиқларига айланиб биздан Ватан қадру қимматини сўраб тургандек.
Муборак 75 ёшида Ватан мудофаасига отланиб, бир неча мўғулни ер тишлатиб, ўзи ҳам душман найзасидан ярадор бўлиб йиқилаётган Шайх Нажмиддин Кубро душман байроғини чангаллаб жон берган экан. Шайхнинг қўлидан душман байроғини ўн забардаст йигит ҳам чиқара ололмай, охири байроқни қирқиб олган эканлар.
Беихтиёр яна бир буюк ватанпарвар, элпарвар мутафаккиримиз Ҳазрат Алишер Навоийнинг деганлари ёдимизга келади:
Аёнким, Ватан узра то жони бор,
Киши харб этар токи имкони бор.
Дунё аҳлини лол қолдирадиган буюк ўтмишимиз, шонли тарихимиз, маданият, адабиёт, санъатимиз, қадрияту анъаналаримиз ана шундай сўзи ва иши, аъмоли ва амали бир аждодларимиз экиб кетган ниҳолларнинг мевасидир.
Барчага бирдек аён: мустақиллик – буюк ҳуқуқ. Уни қадрламаган, мазмун моҳиятини англамаган, уни мустаҳкамлашга бел боғламаган халқ бундай олий неъматга муносиб эмас.
Шу маънода ҳар бир ходимимизда мустақил юртимизни ҳимоя қилиш, унинг сарҳадларини дахлсиз сақлаш, Ватан ободлиги ва фаровонлигини оширишда масъулият ҳиссини юксалтириб бориш зарур. Бу соҳада ҳам юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, аждодларимиз иймон-эътиқоди, шижоати бизга ҳамиша ибратли сабоқдир.
Ватан, ватанпарварлик, шахс масъулияти ҳақида гап кетганда, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг: “Ватанпарвар инсонгина Ватан равнақи, халқ фаровонлиги, юрт тинчлигига хизмат қилишга ўзининг ҳаётини бағишлайди, ўзининг маънавий камолоти учун юксак масъулиятни ҳис этишга, ўз манфаатларини шу юрт, шу халқ манфаатлари билан уйғунлаштириб яшашга даъват этади” деган сўзларини эслагимиз келади.
Эътибор берсак, Юртбошимиз ҳар бир шахс ва Ватан камолоти бир-бирига уйғун ҳолда юксалиш тарафдори. Ўзининг маънавий камолотини тарбиялаб бораётган шахс, аслида бир пайтнинг ўзида ўз юрти, халқи, Ватани истиқболи учун ҳам жон куйдираётган бўлади.
Президентимизнинг ташаббуси, шахсий ибрати билан тарғибот-ташвиқот ишларида “Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало, инсон учун” деган олижаноб даъват мамлакатимизда бугунги кунда қўлга киритилаётган муваффақиятларнинг ҳаётбахш манбаи бўлиб келаётгани барчага аён. "Халқ давлатга эмас, давлат халққа хизмат қилиши лозим, халқ – давлатнинг асосий манбаи,” деган фикрларида ҳам куюнчак юрт отасининг ўз фуқароларига бўлган чексиз меҳр-муҳаббати ётади.
Беихтиёр, савол туғилади. Шунча саъй-ҳаракатлар, мамлакатимиз бўйлаб барча жабҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар, туб ўзгаришлар ўз навбатида одамларимизнинг, Президентимиз таъкидлаганидек, ўзини ватанпарвар деб биладиган ҳар бир фуқаронинг қалбида, юрагида тўлқин кўтариши керак эмасми?!
Демакки, Президентимиз назарида мамлакатимизнинг гули бўлган ҳар бир инсон юрт узра кенг қулоч ёяётган юксалишлар, ўсишларга жавобан ўз қалбидаги энг эзгу, хайрихоҳ, яратувчилик туйғуларини уйғотиши, истеъмолчи томошабин эмас, иштирокчи ислоҳотчига айланиши лозим.
Ватанпарварлик туйғусини тарбиялашдан мақсад ҳам жамиятда юқори ижтимоий фаолликни, фуқароларнинг, айниқса, мудофаа ва хавфсизлик тузилмалари ходимлари, ҳарбий хизматчилари, тингловчи ва курсантларининг хавфсизликни таъминлаш борасидаги масъулияти ва жавобгарлигини ошириш, уларда мардлик, жасурлик, садоқат, фидойилик ва ҳалоллик каби инсоний фазилатларни қарор топтириш ҳамда Ватан манфаатлари йўлида виждонан хизмат қилишга сафарбар этишдир.
Бугун улкан янгиланишлар йўлида миллий юксалиш сари дадил одимлаётган янги Ўзбекистон фарзандлари боболар кўтарган шонли Ватан байроғини янада баланд тутмоғимиз, Ватан деган муқаддас тушунчани юракларимизга жойлаб, юрт ишқида ёниб яшамоғимиз даркор.
Ғайрат ҚОДИРОВ,
Жиззах вилояти
ички ишлар бошқармаси бошлиғи.