Ёшлар муаммолари назоратга олинди

Қорақалпоғистон Республикаси давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Халмурза Бекчановнинг Тахиатош тумани ёшлари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Қорақалпоғистон Республикаси давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Халмурза Бекчановнинг Тахиатош тумани ёшлари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Тадбирда таъкидланганидек, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга қулай шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда фаолиятларини йўлга қўйиш учун шароитлар яратиш борасида бундай хайрли ишлар уларнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамламоқда. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек “Янги Ўзбекистонни ёшлар билан бирга қурамиз”.
Бу борада Тахиатош туманида ҳам қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Туман ҳудудидаги 13 та маҳаллада 17 минг 579 нафар ёш истиқомат қилади. Ўтган йили “Ёшлар келажагимиз” Давлат дастури доирасида 7 та лойиҳа амалга оширилди. Шундан Худайберди Султанов якка тартибдаги тадбиркор сифатида қандолатчилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришда, “Азамат Шохжаҳон Раймовлар” оилавий корхонаси меҳмонхона хизмати соҳасида, “Баркамол Мирза Тахиатош” масъулияти чекланган жамияти “Жайҳун” маҳалласида умумий овқатланиш шаҳобчаси, “Оралбой Нукус” оилавий корхонаси темир эшик ва дарвозалар, “Нурсултон Отабек” оилавий корхонаси нон ва макарон маҳсулотларини ишлаб чиқаришда аҳолига хизмат кўрсатиб, тенгдошларини ҳам иш билан таъминлаб келмоқда.
Ёшлар билан фикр алмашиш, уларнинг муаммоли масалаларини тинглаш ҳамда унга ижобий ечим топиш ҳар бир раҳбарнинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Учрашувда ёшлар томонидан келиб тушган мурожаатларнинг аксарияти тадбиркорлик билан шуғулланиш учун ер ажратиш, бандлик, банк кредити масалаларидан иборат бўлди. Ёшларнинг мурожаатлари тингланиб, аксарият мурожаатларга шу ернинг ўзида ечим топилган бўлса, қолган мурожаатлар юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берилди.
Тадбирда спорт билан мунтазам шуғулланиб, юксак натижаларга эришаётган ёшларга давлат солиқ бошқармасининг фахрий ёрлиғи топширилиб, болаларга китоблар совға қилинди.