Ёш она ёрдам пулини камбағалликдан чиқиш учун ишлатмоқда
Жиззах вилояти Бахмал тумани Юмалоқбош қишлоғида яшовчи Салтанат Нарзиева икки нафар норасида фарзанди билан яшайди.
Жиззах вилояти Бахмал тумани Юмалоқбош қишлоғида яшовчи Салтанат Нарзиева икки нафар норасида фарзанди билан яшайди. Турмуш ўртоғи икки йил бурун хасталик туфайли вафот этган эди. Ҳали қуриб битказилмаган уй, болаларни кийдириб-едириш бир аёлга осон эмас албатта.
Салтанат фуқаролар йиғини ва ҳуддудий 4-секторга масъул бўлган туман давлат солиқ инспекцияси томонидан тузилган эҳтиёжманд оилалар рўйхатига киритилиб, тез-тез хабар олиб турилибди. Карантин бошланганидан бери озиқ-овқат ва пул маблағлари берилиб, болаларининг соғлиги ҳам доимий равишда кўрикдан ўтказилмоқда.
Қурбон ҳайити кунларида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 29 июлдаги 346-сонли фармойиши билан Салтанат Нарзиева оиласига 500 минг сўм миқдорида ёрдам пули берилган эди. Аёл уни томорқасига сув келтиришга сарфлади. Шланг харид қилди, сув йўлини кавлатди ва 3 сотихли узумзорини суғоришнинг уддасидан чиқди.
Бу аёлга Президентнинг жорий йил 30 июлдаги “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига биноан яна 660 минг сўм миқдорида бир марталик ёрдам пули берилди.
– Бу маблағни камбағаллар рўйхатидан чиқишга сарфлайман, – дейди Салтанат. У миннатдорлик билдириб берилган пулни фақат истеъмолга сафламасдан, томорқанинг имкониятларини кенгайтиришга ишлатмоқчи эканлигини айтди. Ҳовлимга экилган қора кишмиш узумим бу йил ҳосилга кирди. Кейинги йил янада кўп ҳосил олишга умид қилаяпман.
Яна картошка, сабзи каби сабзавот экинларидан экишни режалаштирганман. Давлатимизнинг бу ёрдами менинг оилам иқтисодини тиклаш учун катта имконият бўлди. Бу имкониятдан фойдаланиб камбағаллар рўйхатидан чиқаман. Давлатга ҳам, бировларга ҳам оғирлигимни туширмасдан ўзимнинг ва фарзандларим келажагини яратмоқчиман.