ЎзА Ўзбек

15.11.2019 Чоп этиш версияси

“Ёлғизлик” спектакли Абдулла Қодирий ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қилади

“Ёлғизлик” спектакли Абдулла Қодирий ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қилади

Ўзбекистон давлат драма театрида Хуршид Дўстмуҳаммад сценарийси асосида саҳналаштирилган “Ёлғизлик” спектакли намойиш этилмоқда.

Саҳна асари Абдулла Қодирий ҳаёт йўли ва ижодига бағишланган. 

Спектаклда А.Қодирийнинг “Муштум” журналидаги фаолияти, юрт мустақиллиги йўлидаги орзу-қарашлари учун озодликдан маҳрум этилиши, бу жараёнда адиб “дўстлари”нинг хоинлиги ҳаётий ҳақиқатлар асосида саҳналаштирилган. 

Турмадаги ҳаёт. Қодирий дастлаб Тошкентдаги, кейин эса Самарқанддаги турмада сақланади. Адолатсизлик ва туҳмат азобидан аччиқланган адиб бу ерда очлик эълон қилади, сўнг сунъий овқатлантириш ҳақида буйруқ берилади. Саҳнада, кўз олдингизда содир бўлаётган бу аламли воқеалар томошабинни озодликнинг қадрини англашга ундайди, аждодларимизга ҳурматингиз янада ошади.

Спектаклда Қодирийнинг турмадаги тасвири “Ўткан кунлар” романидаги Отабекнинг қамалишини эслаш билан бошланади. Унинг дўстлари давр ноғорасига ўйнаб, ҳар ким ўзини қутқаришга интилиши ҳолати диалоглар орқали акс эттирилган. Барча ўзини оқлаш учун Қодирийга “Айбингни тан ол, дўстим” дея мурожаат қилади. Бунда актёрлар қўлидаги турли чолғу асбоблари ҳам саҳна кўринишни янада бойитган.

Абдулла Қодирий “Муштум” журнали масъул муҳаррири Тожибойга берган саволларидан унинг соддалигини, ҳеч қачон бу кўйга тушиши ҳақида ўйлаб кўрмаганини тушуниб олиш мумкин.

Асар Қодирийнинг озодликка чиқиб, уйига қайтиши ва хонадонига дўстларининг ташрифи билан якунланади. “Биз бир қатордамиз” деган дўстларидан Абдулла Қодирий “Мен қайси қатордаман?” дея сўрайди. Ундан “Ёлғизмисан?” дея сўрашганида, “Мен ёлғиз эмасман!” дея жавоб беради. Гарчи театр саҳнасида Қодирий оиласи билан бирга турган бўлсада, саҳна томошабинлар билан руҳан уйғунлашиб кетди. 

Ҳа, Абдулла Қодирий ёлғиз эмас!

3 820
Нурияхоним Улуғбек қизи, ЎзА