ЎзА Ўзбек

25.09.2020 Чоп этиш версияси

Воҳ, Шомурод бахшим

Воҳ, Шомурод бахшим

Бахшининг айтишича, у туғилмасидан аввал 1931 йили Меккамчол исмли одам унинг отаси Тоғаймурод бахшини Новосибирскка сургун қилган. 

Бахши эса 1932 йилнинг 3 март куни Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги Араббанди қишлоғида туғилган. У етти ойлигида онаси Бийигулни ҳам болаларига қўшиб совуқ ўлкаларга ҳайдашади. Шомурод 9 ойлигида онаси 42 даража совуқ маҳали вафот этади. 

Шунда уни болалар уйига топширишади. Оиласидаги ушбу фожиа Шомуроднинг ҳаётида бир умрлик армон, ижодида умрбодлик мавзу бўлиб қолди.

У бир умр: “Ота-ё, бегим-о! Норим-о! Орим-о! Келағанг! Соғиндик!” деб отасини қумсам яшади, отасини куйлаб яшади.

“Бийигул, Равзангул. Энажон, жилама! Тағдирларинг бунча шўрлар келама! Эна-ё, нега менинг отамжоним келмайди?” дея онасининг руҳини сўроқлаб яшади.

“Яшшамагур, Меккамчол! Жигит ўлгур, Меккамчол! Худой урғур, Меккамчол! Уйинг куйсин, Меккамчол!” деб отасини сургун қилган золимни термаларида “қарғаб” ўтди.

Дард тўла бу термаларни кўз ёшсиз эшитолмайсиз. Ўз-ўзидан кўзингизга ёш келади.

У 2000 йили “Ўзбекистон халқ бахшиси” унвони билан тақдирланган. Маҳмуд Намозовнинг “Гулдана”, Ҳосила Раҳимованинг “Бийигул” қўшиқлари асли Шомурод бахши томонидан яратилган ва куйланган.

Адашмасам, 2007 йил эди. Ўзбекистон Миллий университети журналистика факултетининг 1-босқичини тамомлагандим. Сурхон воҳасидан Тошкентга келиб ўқиётган талабалар йиғин ўтказишди. Шунда тадбиримизга Шомурод бахши ҳам келди. Бир қанча термалар айтиб берди. Ўшанда “Бийигул”ни илк бора бахшининг ўзидан эшитганман, яқиндан таниганман.

Фозил Фарҳод,
Ёзувчи.

1 485
ЎзА