УСТУВОР ВАЗИФА: биринчи чоракда 113 миллион 400 минг АҚШ доллари қийматидаги маҳсулот экспорт қилинган
Жорий йилнинг 3 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишлари экани таъкидланди.
Жорий йилнинг 3 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишлари экани таъкидланди.
Тошкент вилоятида ҳам айнан шундай устувор вазифалар ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вилоятдаги корхоналар фаолиятини бугунги талаб даражасида ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги, қурилиш каби соҳаларда эришилаётган натижалар бунга ёрқин мисол.
Масалан, бу борадаги амалий ишларни вилоятнинг Пискент мисолида кўриш мумкин. Бугунги кунда туманнинг қишлоқ хўжалиги, саноат, қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги лойиҳалар ҳисобига аҳоли бандлигини таъминлаш, маҳаллий бюджет тушумини оширишга эришилмоқда. Жорий йилнинг биринчи чорагида 84 миллиард 200 миллион сўм сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, экспорт прогнозлари бажарилгани бу каби саъй-ҳаракатлар самарасидир.
Айни чоғда туманда карантин чекловлари туфайли вақтинчалик фаолияти тўхтатилган ёки ишлаб чиқариш ҳажми пасайган корхоналарни аввалга ҳолатига келтириш чоралари кўрилмоқда. Дейлик, бунда 243 корхона карантин сабаб ўз фаолиятини тўхтатган бўлса, ҳозир уларнинг 191 таси қайта ишлай бошлади. Бунинг натижасида 1700 нафарга яқин фуқаро ишга чиқди.
Ўзбекистон-Хитой “ZHONGTIAN CHEMICAL” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонаси ҳам улар сирасидан. Ушбу корхона рангли металлар ажратиб олишда фойдаланиладиган ксантогенат кимёвий модда ишлаб чиқаради. Хорижий инвестиция ҳисобига фаолият юритаётган лойиҳанинг умумий қиймати 5 миллион АҚШ долларидан иборат ва у ўтган йилнинг май ойида фойдаланишга топширилган.
–Бугунги кунда жамиятда 120 нафар маҳаллий аҳоли иш билан таъминланган, – деди корхона мутахассиси Жаҳонгир Алиев. – Карантин талабларига риоя қилинган ҳолда иш ташкил этилганлиги боис, корхона фаолиятини тўхтатгани йўқ. Ишчиларнинг ойлик маоши ҳам ошиб бормоқда. Энг муҳими, жорий йилнинг биринчи чорагида режадаги 198,6 минг АҚШ доллари ўрнига 523,7 минг АҚШ доллари қийматида маҳсулот экспорт қилинди. Маҳсулотлар Россия, Хитой, Қирғизистон ва Қозоғистон давлатларига жўнатилмоқда. Жамиятда тўрт турдаги маҳсулотлар тайёрланади Гидросулфит маҳсулотини терини қайта ишлаш, сантагинат маҳсулотларини эса тоғ-металлургия корхоналари харид қилади. Энг асосийси, пандемия шароитида ҳам иш жараёнлари тўхтаб қолгани йўқ.
«Южен Пластик» масъулияти чекланган жамияти ҳам карантин пайтида барқарор ишлар турган корхоналардан. У томчилатиб суғоришда қўлланиладиган пластик трубаларни ишлаб чиқариш ва қайта ишлашга ихтисослашган. Корхонага «Лолаариқ» маҳалласидаги собиқ 82-автобаза биноси ҳудудида ташкил этиган. Лойиҳанинг умумий қиймати 1 миллион АҚШ доллари бўлиб, барчаси тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳисобланади. Ҳамма асбоб-ускуналар замонавий бўлиб, Хитой Халқ Республикасидан олиб келинган. Лойиҳа бўйича жами 30 та янги иш ўрни яратилди. Ўтган йили август ойида корхона тўлиқ қувватда ишга туширилди. Айни вақтда барқарор фаолият юритмоқда.
– «Бирлик» маҳалласидаги “Azalea Garment” маъсулияти чекланган жамияти пандемия шароитида ҳам фаолиятини тўхтатггани йўқ, – деди Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати бош мутахассиси Ҳосил Каримов. – Жамоада буюртма асосида эркаклар, аёллар ва болалар кийим-кечаклари, яъни тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, Россияга экспорт қилинади. Хусусан, жорий йилнинг шу кунигача 316,7 минг АҚШ доллари миқдорида маҳсулот хорижга жўнатилди. Бугунги кунда жамиятда жами 200 та иш ўрни яратилган. Корхона фаолиятини янада кенгайтириш, тўла қувват билан ишлаши учун 300 нафар хотин-қиздан иборат ишчи кучи талаб этилмоқда. Ҳозир бунинг учун барча чоралар кўрилмоқда.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, жорий йил Тошкент вилоятида саноат корхоналари ва тадбиркорлик билан боғлиқ 56 лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 309 миллион 200 минг АҚШ доллари миқдоридаги инвестицияни ўзлаштириш кўзда тутилган. Биринчи чоракда 52,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция жалб этилиб, жами 113 миллион 400 минг АҚШ доллари қийматидаги маҳсулотлар четга экспорт қилинган.