Учкўприклик блогер нега маъмурий қамоққа олинди?
Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти Учкўприк туманилик блогернинг ички ишлар ходимлари томонидан ҳеч қандай сабабсиз олиб кетилиб, қамоққа олинганлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Хўш, бу хабарлар қанчалик тўғри?
Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти Учкўприк туманилик блогернинг ички ишлар ходимлари томонидан ҳеч қандай сабабсиз олиб кетилиб, қамоққа олинганлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Хўш, бу хабарлар қанчалик тўғри? Мухбиримиз мазкур ҳолатни ўрганиб, ойдинлик киритди.
Аниқланишича, жорий йил 1 май соат тахминан 17:50ларда Д.Д. карантин қоидаларига зид равишда узрли сабабларни исботловчи ҳолатларсиз Учкўприк туманидан Қўқон шаҳар Фурқат кўчасида ўрнатилган блок постига таниши А.Р.га тегишли “Нексия” русумли автомашинада йўловчи сифатида келган. Мазкур постда хизмат олиб бораётган ички ишлар органи ходимларидан постни олиб ташлаш ва автомашиналарни ўтказиб юборишни талаб қилади. Бақир-чақир қилиб, воқеа ҳолатини уяли алоқа қўл телефони орқали видео тасвирга олиб, уларнинг қонуний талабларига бўйсунмай блок постидан рухсатсиз ўтган. У атрофга фуқароларнинг тўпланишига ва автомашиналарнинг тирбандлиги юзага келишига сабабчи бўлиб, фуқаролар ва ҳайдовчиларнинг осойишталигини ҳамда жамоат тартибини бузиб, майда безорилик ҳаракатини содир этган.
Қонун албатта барча учун баробар. Блогерликни даво қилиб, давлат ҳокимияти вакилларининг талабларини бажармасликка, белгиланган карантин қоидаларини бузишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Мазкур ҳуқуқбузарлик материаллари Қўқон шаҳар маъмурий суди томонидан кўриб чиқилди.
Д. Д.нинг тушунтиришича, кўзини кўрсатгани шаҳардаги шифохонага кетаётган пайтда у йўловчи сифатида ИИБ ходимлари олдига бориб, автомашинада ўтказиб юборишни айтади. Аммо улар постдан автомашина билан ўтказмасдан бошқа йўлдан айланиб ўтишни тавсия қилган. Бундан жаҳли чиқиб, уларнинг ҳатти-ҳаракатини уяли алоқа қўл телефони орқали видео тасвирга олиб, интернет тармоғида очилган ўзининг саҳифасига тўғридан тўғри жойлаган. ИИБ ходимларига Қашқадарё ва Фарғона вилоятларида карантин ҳолати юмшатилгани ҳақида тегишли қарорлар чиқарилганини айтиб, бақир-чақир кўтарган. У банк соҳасида ишлаб, ишдан бўшатилганлиги учун блогерлик билан шуғулланаётганлигини маълум қилган.
Суднинг қарори билан Д.Д.га 13 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. ИИБ ходимлари хатти–ҳаракатлари ва ҳуқуқбузарнинг видео ёзувни интернет ижтимоий тармоғига жойлаштириш ҳаракатида қонун бузилиш ҳолатлари бор-йўқлигини аниқлаш мақсадида Қўқон шаҳар прокурорига тақдимнома юборилди.
Аниқланишича, учкўприклик бу блогер олдин ҳам Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 2-қисми билан судланган ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 56-1- моддаси билан маъмурий жарима жазосига тортилган.