Сўзга чиққан депутатлар томонидан бу борада кўплаб таклифлар билдирилди.
Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдаги сессиясида Президентимизнинг “Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони лойиҳаси кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, вилоят секторлари раҳбарлари, депутатлар, тегишли бошқармалар вакиллари, давлат ва жамаот ташкилотлари мутахассислари иштирок этган тадбирда вилоятда таълим-тарбия тизимининг самарадорлигини ошириш, боғча тарбияланувчилари, ўқувчи ва талаба ёшларда замонавий билим ва кўникмаларни шакллантириш, таълим тизимининг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама этилди.
Сессияда Вилоят ҳокими Рустам Холматов мазкур ҳужжатнинг мазмун-моҳияти ва унинг лойиҳасида кўзда тутилаётган энг муҳим янгиликлар билан қисқача таништириб ўтди. Хусусан, ҳудудий малака ошириш марказларида синф раҳбарларини тайёрлаш бўйича алоҳида ўқув курслари жорий қилинади. Халқ таълими соҳасида 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич Миллий ўқув дастурини жорий қилиш кўзда тутилмоқда.
Вилоятдаги навбатлилик коэффициенти паст бўлган мактабларни хусусий секторга ишончли бошқарувга бериш тажрибаси амалга киритилмоқда. Бунда мактабларни сақлаш учун давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар камайтирилмаган ҳолда мактаблар 5 йилга ишончли бошқарувга берилади.
Ўз навбатида халқ таълими ходимлари малакасини ошириш ва аттестациядан ўтказишнинг янги тартиби жорий қилинмоқда. Жумладан, нодавлат таълим ташкилотлари ҳамда педагог кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасаларига халқ таълими ходимлари малакасини ошириш ҳуқуқи берилади.
Қайд этилганидек, бугунги кунда вилоятдаги таълим муассасаларининг ёшларга билим бериш даражасини ошириш борасида олиб борилган ўрганишлар, мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича қилинаётган таклифларни амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга.
Сўзга чиққан депутатлар томонидан бу борада кўплаб таклифлар билдирилди.
– Мазкур фармон лойиҳаси таълим тизимидаги кўплаб муаммоларни бартараф этиб, ёшларнинг сифатли билим олишида муҳим аҳамият касб этади, – дейди Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати Низомиддин Ботиров. – Хусусан, амалдаги дарсликдаги мавзулар ўзаро узвийлиги тўлақонли эмас, маълумотлар мураккаблаштириб берилган. Бу ўқувчиларга ноқулайликлар туғдиради.
Айниқса 10-11 синфларда мураккаб мавзулар кўп. Вилоятимиздаги мактабда ўқитиладиган мусиқа маданияти фанида зарур мусиқа асбоблари, жисмоний тарбия фанидан спорт анжомлари, технология фанидан амалий ишларни бажариш учун асбоб-ускуналар билан етарлича таъминланса яхши бўлар эди. Шунда Президентимизнинг 5 та муҳим ташаббусларини ҳам амалда юқори даражада бажарилиши таъминланади.
Қайд этилганидек, ўқувчиларнинг сабабсиз дарс қолдириши ёки уйга вазифаларни бажармаслигига ўқитувчи билан бирга ота-оналарнинг жавобгарлигини ошириш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга ошириш лозим. Сабаби онлайн дарслар бошланганидан сўнг айрим ўқувчиларнинг фаоллиги пасиб кетган. Ота-оналар эса бу жараённи доим ҳам бирдек назорат қилолмаяпти.
Шунингдек, таълим сифатини оширишда албатта ўқитувчиларнинг билим салоҳияти, ўқувчига етказиш методикаси мукаммал бўлиши учун ўқитувчи ўз устида тинимсиз ишлаши зарурлиги айтиб ўтилди.
Сессияда Президентимиз фармони лойиҳасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида халқ депутатлари вилоят кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди.