Ташаббускор фермер аёл
Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги “Ким Пен Хва чорва” фермер хўжалиги наслли қорамолчилик ва сутчилик йўналишида 6 йил илгари ўз фаолиятини бошлаган.
Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги “Ким Пен Хва чорва” фермер хўжалиги наслли қорамолчилик ва сутчилик йўналишида 6 йил илгари ўз фаолиятини бошлаган.
Хўжаликнинг умумий ер майдони 70 гектар бўлиб, 4,6 гектарида қорамолларни боқиш учун махсус ферма мавжуд. Фермер хўжалиги раҳбари Юлия Сергеева тажрибали, ишбилармон ва илғор фермер сифатида қорамол боқиш, аҳолига сут етказиб беришни самарали ташкил этгани туфайли 2019 йилда Германия ва Австрия давлатларидан наслли 165 бош голштейн қорамоллари олиб келинди.
Айни пайтда қорамолларга ем-хашак етказишда ерлардан унумли фойдаланилиб, агротехника тадбирларига қатъий амал қилиниши натижасида сут етказиб бериш ортиғи билан бажарилмоқда. Сут соғиш замонавий техникаларда ташкил этилган бўлиб, маҳсулот Тошкент шаҳридаги “Мусаффо”, “Сир данкор”, “Дон милк”, “Милек” қайта ишловчи корхоналарига етказиб бериляпти.
– Жорий йил сентябрь ойида Украина давлатидан яна 100 бош наслли қорамол олиб келишни режалаштиряпмиз, –дейди фермер хўжалиги раҳбари Юлия Сергеева. – Ҳар бир қорамол нархи 2 минг доллардан зиёд бўлиб, кунига 35 литр сут беради. Ўзим ҳам кўп йиллардан буён бу соҳага қизиқаман. Мақсадимиз ишлаб чиқарадиган маҳсулотларимиз ҳажмини кўпайтириш. Агар кўптармоқли фаолиятимизни кенгайтирсак, даромадимиз ошиб, иш ўринлари кўпаяди.
Қаҳрамонимиз пандемия даврида эҳтиёжманд оилалар учун 30 миллион сўмлик ҳомийлик ишларини амалга оширди. Шуниингдек, ҳудуддаги кам таъминланган 10 та оилага доимий равишда моддий ёрдам кўрсатади.
Фермер хўжалиги кўпроқ ёшларни иш билан таъминлаш мақсадида янги лойиҳалар учун қурилиш ишларини амалга оширмоқда. Ҳозирги кунда 12 нафар бўлган ишчилар сони 25 нафарга етиб, улар доимий иш билан таъминланади.