Тарихий нутқнинг дунё тараққиётидаги ўрни
Биламизки, Ўзбекистон 1992 йилнинг 2 мартидан БМТнинг тенг ҳуқуқли аъзоси саналади.
Биламизки, Ўзбекистон 1992 йилнинг 2 мартидан БМТнинг тенг ҳуқуқли аъзоси саналади.
Бирлашган Миллатлар ташкилоти эса содда қилиб айтганда, том маънодаги дунё парламентидир.
Шундан буён давлатимиз ушбу нуфузли ташкилотнинг асосий маслаҳат органи – Бош Ассамблеясида минтақада ва дунёдаги долзарб масалалар юзасидан ўз нуқтаи назари, таклифларини билдириб келмоқда.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг бундан уч йил аввал, аниқроғи, 2017 йилда Нью Йоркда БМТ минбаридан туриб, Бош Ассамблеянинг 72-сессиясида сўзлаган тарихий нутқи дунё ҳамжамиятининг диққат эътиборини Ўзбекистонга қаратгани айни ҳақиқатдир. Ўша нутқ дунё мамлакатлари раҳбарлари, сиёсатчилари, экспертлари томонидан эътироф этилиб, нуфузли оммавий ахборот воситаларининг муҳокама марказида бўлган эди.
Президентимизнинг Бирлашган Миллатлар ташкилоти 75-сессиясида сўзлаган нутқи ҳам унутилмас буюк тарихий ҳодиса бўлди. Аввало, ушбу нутқнинг илк бор она тилимиз – ўзбек тилида янграгани алоҳида таҳсинга сазовор воқеликдир. Бу ўзбек халқининг миллий ғурур ва ифтихор туйғусини янада юксалтирди. Ҳатто мазкур тарихий жараённи кўплаб юртдошларимиз кўзда ёш билан кузатиб, фахр ҳиссини туйди.
Агар мустақиллик йиллари тарихига назар ташласак, нафақат БМТ йиғилиш ва сессияларида, балки бошқа нуфузли ташкилотлар минбарларидан ҳам ўзбек тилида маърузалар қилинмагани аён бўлади. Мазкур сессиядан аввалроқ юртбошимизнинг ўзбек тилида нутқ сўзлаши ОАВларда хабар қилинганида бу янгилик фақат Ўзбекистонда эмас, балки минтақамиз ва туркий тилли давлатлар томонидан қизғин олқишлар билан кутиб олинди. Хусусан, Туркиянинг нуфузли мустақил нашрларидан бири “Жумҳурият” газетаси Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеясида ўзбек тилида нутқ сўзлаши кутилаётгани муносабати билан алоҳида мақола чоп этгани ҳам бунга яққол далилдир.
Давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеясида ўзбек тилида нутқ сўзлагани бу – мамлакатимиз етакчисининг ўз она тили билан фахрланиш туйғусини, Ўзбекистон ва ўзбек тилининг мустақил давлат эканини сайёрамизга кенг намоён этди. Бу Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятида ўз ўрни ва ўз овози борлигини амалда исботлади. Иккинчидан, тарихий аҳамиятга эга бўлган ушбу нутқда сайёрамиз аҳлини ўйлантираётган қатор долзарб масалалар ўртага ташлангани сиёсатчилар, экспертлар ҳамда кенг жамаотчиликда катта қизиқиш уйғотди.
Президентимиз мазкур нутқида бугунги мураккаб пандемик вазиятда дунё ҳамжамияти диққат эътиборини муҳим ва долзарб муаммоларга қаратиб, уларнинг ечими борасида аниқ таклифларни билдирди. Мана икки кундан буён мазкур маърузада кўтарилган масалаларни ОАВларда сиёсатчилар, депутатлар, экспертлар, кенг жамоатчилик вакиллари шарҳламоқда. Кўтарилган масала ва таклифлар ҳар бирининг мазмун- моҳияти ҳақида фикрлар билдириляпти. Албатта, бу нутқнинг аҳамияти, мазмун-моҳияти олий ўқув юртларида ҳам профессор-ўқитувчилар томонидан талаба- ёшларга етказилмоқда.
Давлатимиз раҳбари нутқида мени ҳисобимча 11 та аниқ таклиф илгари сурилди. Уларнинг ҳар бири ҳақида алоҳида тўхталиш мумкин. Бироқ биз шу ўринда нутқдаги иккита масалага тўхталишни лозим, деб билдик.
Биринчиси, Президентимизнинг БМТ ҳузурида афғон халқининг дарду ташвишини тинглайдиган, доимий фаолият кўрсатадиган қўмита ташкил этиши ҳақидаги таклифидир. Маълумки, Юртбошимиз минтақавий ҳамда халқаро хавфсизликни таъминлашда Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатишнинг стратегик аҳамиятини назарда тутган ҳолда, нуфузли минбарлардан туриб, жаҳон афкор оммасининг эътиборини бу муаммога қаратиб келмоқда.
Хусусан, 2017 йилнинг сентябрь ойида БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида ва бошқа кўп йиғилишлардаги чиқишларида Афғонистон муаммосини тинч йўл билан – сиёсий музокаралар орқали ҳал қилиш зарурлигини таъкидлаган эди.
Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича 2018 йил 26-27 март кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган халқаро конференция барча тинчликсевар давлатлар ва жаҳон ҳамжамияти томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Шунингдек, шу йили Термиз туманида афғонистонликлар учун дунёда муқобили йўқ таълим даргоҳи – Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта таълим вазирлиги қошидаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази ташкил этилди.
Ён қўшни давлат фуқароларининг мамлакатимизга киришида қулайликлар яратилиб, Термиз шаҳрида Афғонистоннинг консуллик идораси фаолияти йўлга қўйилди. Буларнинг барчаси Афғонистон муаммосини тинч йўл билан ҳал этишга йўналтирилган эзгу ғоянинг амалдаги ифодасидир.
Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Афғонистон давлатлари ўртасида янада мустаҳкамланган яқин қўшничилик алоқалари Сурхондарё вилоятида етакчи олий таълим муассасаларидан бири бўлган Термиз давлат университетини афғонистонлик ёшларнинг таҳсил олиши учун асосий таълим даргоҳлардан бирига айлантирмоқда. Илмга чанқоқ афғон ёшларининг йилдан-йилга университетимизга ўқиш учун қизиқиш ва интилишлари ортиб бораётир.
Айни пайтда бир гуруҳ афғонистонлик талабалар турли йўналишларда магистратура босқичида таҳсил олиб, ўз соҳалари бўйича қўшни мамлакатда меҳнат қилмоқда. Масалан, 2019-2020 ўқув йилида Термиз давлат университетида магистратура босқичида жами 35 нафар афғон йигит-қизлари таълим олган бўлса, 2020-2021-ўқув йилида магистратура босқичида ўқиш учун 206 нафар Афғонистон фуқаролари ҳужжат топширди.
Афғонистонда қурилиш, муҳандислик, иқтисодиёт, ўзбек тили ва адабиёти фани каби соҳаларга юқори малакали кадрларни тайёрлаб беришда университет яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Шунингдек, Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида ҳам олий, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва кадрларни қайта тайёрлаш дастурлари бўйича Термиз давлат университети профессор-ўқитувчилари ўқув машғулотларини олиб бораётир.
Энг муҳими Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида бакалавр йўналишида ўқиган кўпчилик афғон ёшлари магистратура босқичини Термиз давлат университетида давом эттирмоқда. Албатта, бу амалий ишларнинг ортида юртбошимизнинг жафокаш афғон халқига эътибори, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашдаги саъй-ҳаракати турибди.
Президентимиз нутқида юртимизда мажбурий меҳнатга барҳам берилгани таъкидлаб ўтилди. Маълумки, яқин йилларгача биргина таълим соҳасини мажбурий меҳнатсиз тасаввур қилиб бўлмас эди. Пахта йиғим-теримига жалб этишдан тортиб, кўча супуриш-у, қурилишгача професссор-ўқитувчилар ва талабалар иштирок этиб келгани ҳали ҳам кўз ўнгимиздан кетмайди.
Айни шу кунлар, яъни куз фаслини биз талабалар билан пахта даласида ўтказар эдик. Бунинг натижасида таълим тизимида ўсиш, ривожланиш бўлмади. Биргина Термиз давлат университети мисолида оладиган бўлсак, 2017 йилгача яъни, яқин 7-8-йил ичида ҳеч қандай диссертация ҳимояси бўлмаган. 2017 йилдан то ҳозирга қадар 50 дан ортиқ ўқитувчимиз ўз илмий ишини ҳимоя қилди.
100 дан ортиқ монография чоп этилди. Бундай улуғвор янгиланишлар Президентимизнинг сиёсий иродаси натижасида мажбурий меҳнатга барҳам берилгани, таълимга катта эътибор қаратаётганининг ёрқин намунасидир.
Хулоса қилиб айтганда, Президентимизнинг жорий йил 23 сентябрдаги БМТнинг 75-сессиясида сўзлаган тарихий нутқи дунё сиёсий майдонида Ўзбекистоннинг тутган ўрнини янада кенг тараннум этишга хизмат қилгани билан аҳамиятли бўлди.
Абдуқодир ТОШҚУЛОВ,
Термиз давлат университети ректори,
Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзоси.