ЎзА Ўзбек

25.09.2020 Чоп этиш версияси

Сув ресурслари хавфсизлигини таъминлаш ҳолати қай даражада?

Сув ресурслари хавфсизлигини таъминлаш ҳолати қай даражада?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналарини белгилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолати тўғрисида»ги масала юзасидан Қонунчилик палатасининг парламент сўровига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари О. Раматовниннг жавоби депутатлар томонидан атрофлича кўриб чиқилди.

Парламент сўровига келган жавобда қайд этилганидек, бугунги кунда мамлакатимизда сув ресурслари хавфсизлигини таъминлаш, ҳудудларнинг санитария-эпидемиологик ҳолатини яхшилаш, оқава сувларни тозалашнинг сифатини ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналарини белгилаш ва тартибга келтириш, тошқин сувлар, сел оқимларидан аҳоли ва ҳудудларни муҳофаза қилишда профилактик тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида 2019 йилда дарё, сой ва сел йўллари муҳофаза ҳудудларида жойлашган 9 минг 817 та хўжалик, 5 минг 876 гектар экин майдони ва хўжалик томорқалари, 16 та ижтимоий соҳа объекти, 5 та қабристон, шунингдек, асосий ва ички автомобиль йўллари, кўприклар, сув иншоотлари ва бошқа объектларни тошқин сувлар ва сел оқимларидан муҳофаза қилишга эришилди.

2020 йилда юртимизда мавжуд оқава сув иншоотларининг реконструкция қилиш ҳамда оқава сув таъминоти мавжуд бўлмаган ҳудудларда оқава сув иншоотларини қуриш борасида 4 та иншоот қурилди. Бугунги кунда 10 дан ортиқ ана шундай иншоотни қуриш ва реконструкция қилиш ишлари давом этмоқда.

Бундан ташқари, халқаро молия институтлари иштирокидаги оқава сув таъминотини модернизация қилиш лойиҳалари доирасида Қашқадарё, Наманган ва Хоразм вилоятларида 2019-2023 йилларда 12 та оқова сув иншоотини қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилган. Шундан 2020 йилда 2 та иншоотни қуриш ва реконструкция қилиш ишларини якунлаш кўзда тутилган. 

Шунингдек, 2019 йилда Тошкент ва Хоразм вилоятларининг ичимлик сув ва канализация хизмати ташкилотларининг 4 та лабораторияси замонавий ускуналар билан жиҳозланди. Жорий йилда 7 та лабораторияни жиҳозлаш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунга қадар 5 та (Тошкент шаҳрида 2 та, Наманган вилоятида 3 та) си жиҳозланган.

Қайд этилганидек, сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари ва уларга туташ ҳудудларда сувнинг ифлосланиш, булғаланиш ва камайиб кетишдан муҳофаза қилиш, сув ҳолати ва ундан фойдаланиш тартиби яхшиланишини таъминлаш мақсадида бир қатор амалий ишлар қилинган. Хусусан, жорий йил сентябр ойига қадар 3 минг 779 километр хўжаликлараро суғориш тармоғи тозаланиб, 3 минг 867 дона гидротехника иншоот ҳамда 3 минг 753 дона гидропост таъмирланган. Шунингдек, механизм ёрдамида 9 минг 517 километр, қўл кучи ёрдамида 45,5 минг километр ички суғориш тармоқларини тозалаш ишлари амалга оширилган.

Сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари сифатида белгиланган ҳудудларда қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ҳамда уларнинг олдини олиш бўйича ҳам амалий ишлар қилинмоқда. Хусусан, Сирдарё вилояти Гулистон сув иншооти ҳамда Бухоро вилояти Шохруд сув иншоотининг санитария муҳофаза ҳудудларига қурилган ноқонуний қурилмалар бузилди ва ҳудуд тўлиқ тозаланди.

Тадбирда халқ вакиллари соҳада амалга ошириладиган ишларни ўз вақтида ижро этилишини таъминлаш юзасидан парламент назоратини амалга оширишга келишиб олди.

1 360
ЎзА