ЎзА Ўзбек

25.09.2020 Чоп этиш версияси

СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТИ: Қуз-қиш мавсумида жами 424,5 миллион куб метр табиий газ етказиб берилади

СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТИ: Қуз-қиш мавсумида жами 424,5 миллион куб метр табиий газ етказиб берилади

Энергетика вазирлиги штаби Сурхондарё вилояти истеъмолчиларини куз-қиш мавсумида табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Энергетика вазири Алишер Султонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Термиз туманидаги газ тақсимлаш станциясидан чиқарилган саноат коллектори, Музробод суюлтирилган газ тўлдириш пункти (ГТП), Қизириқ туманидаги “Зарбдор” ГТП, “Қумқўрғон” газ тўлдириш станцияси (ГТС) ва Узун туманидаги ГТП ва Денов туманидаги “Хайробод” ГТСда бўлиб, мавсум тайёргарлиги масалаларини ўрганди.

Таъкидлаш керакки, вилоят истеъмолчиларига куз-қиш мавсумида жами 424,5 миллион куб метр табиий газ етказиб бериш режалаштирилган. Бу ўтган мавсумга нисбатан 12 фоизга кўпроқни ташкил қилади. Вилоятда табиий газ истеъмолчилари сони 110 637 та бўлиб, шундан 2 885 таси юридик ва 107 752 таси жисмоний (аҳоли) истеъмолчилар ҳисобланади.

Истеъмолчиларни табиий газ билан таъминлаш учун 2 391,2 километр газ қувурлари ва 2 537 та газ тақсимлаш пунктларидан фойдаланилади.

Айни кунга қадар вилоятда 6,6 километр газ қувурлари мукаммал таъмирланди, 3,2 километр реконструкция қилинди, 2 248 та газ тақсимлаш пункти техник тафтишдан ўтказилди.

Шу йил 1 октябрдан бошлаб 16 та махсус техника ва 64 нафар ходимлардан иборат 16 та тезкор бригада фаолияти йўлга қўйилади.

Қолаверса, суюлтирилган газ истеъмолчиларига куз-қиш мавсумида жами 49 074 тонна суюлтирилган газ етказиб берилади. Бу ўтган йилги мавсумга нисбатан 51 фоиз кўпроқни ташкил қилади.

Вилоятда 458 359 та суюлтирилган газ истеъмолчилари мавжуд бўлиб, уларга сифатли хизмат кўрсатиш учун 25 та вагон-цистерна, 17 та автоцистерна ва 105 та ISUZU махсус автотранспорт воситаларидан фойдаланилади.

1 346
ЎзА