Сунъий интеллектни ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилмоқда
Давра суҳбатида мамлакатимизда сунъий интеллектни ривожлантириш ва ушбу соҳада илғор мамлакатлар қаторидан жой олишимиз учун фундаментал ва амалий асослар мавжудлиги қайд этилди.
Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлигида ҳамкор ташкилотлар ҳамда тадбиркорлар иштирокида мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқларида сунъий интеллектни ривожлантириш концепцияси ва “Йўл харита”сини ишлаб чиқишга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
– Жаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг 2019 йили эълон қилган маълумотига кўра, 1960 йилдан 2018 йилга қадар сунъий интеллект билан боғлиқ 340 000 та патент олинган ва 1 636 649 та илмий мақола чоп этилган, – деди инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Азимжон Назаров. – 2002-2017 йиллар оралиғида сунъий интеллект соҳасида чоп этилаётган мақолаларнинг йиллик ўсиш суръати 5,6 фоизни ташкил этмоқда. Олинган патентларнинг йиллик ўсиш суръати эса қарийб 28 фоизни ташкил этади.
Давра суҳбатида мамлакатимизда сунъий интеллектни ривожлантириш ва ушбу соҳада илғор мамлакатлар қаторидан жой олишимиз учун фундаментал ва амалий асослар мавжудлиги қайд этилди. Шунингдек, вазирлик мутахассислари томонидан тайёрланган тақдимотда халқаро миқёсда сунъий интеллектга қизиқиш ортиб бораётгани айтиб ўтилди. Рақамли иқтисодиёт бўйича етакчилик қилаётган мамлакатлардаги (АҚШ, Хитой, Буюк Британия, Япония, Германия, Франция ва бошқалар) сунъий интеллектни ривожлантириш стратегияси ҳақида маълумотлар берилди.
Анжуманда қатор лойиҳалар тақдимоти ҳам ўтказилди.