Давлат ва жамият ҳаётида адолатни қарор топтиришда суд органлари фаолияти ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Давлат ва жамият ҳаётида адолатни қарор топтиришда суд органлари фаолияти ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Шунинг учун ҳам суд тизимини бугунги замон талаблари даражасида такомиллаштиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йил 3 сентябрда имзоланган “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор соҳадаги тизимли ислоҳотлар тадрижийлик асосида давом этаётганининг ҳаётий ифодаси бўлди.
Судлар фаолиятини рақамлаштириш нима учун зарур?
Биринчидан, судга мурожаат қилувчиларга кўрсатиладиган замонавий интерактив электрон хизматлар турларини кенгайтириш орқали жисмоний ва юридик шахсларга қулайликлар яратилади. Масалан, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг ортиқча оворагарчиликсиз, судга ташриф буюрмасдан ариза, даъво ариза ва шикоят ёзиш ёки бошқа масала бўйича онлайн тарзда электрон мурожаат қилиш имкони яратилади.
Иккинчидан, ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш жараёнининг онлайн кузатиб борилиши таъминланади. Бу механизмнинг йўлга қўйилиши тизимда сансалорликка, ўзибўларчиликка чек қўяди. Мурожаатни кўриб чиқаётган судья ёки суд тизими ходимидан ўз касбига нисбатан ўта масъулият билан ёндашишни талаб этади.
Учинчидан, суд биноларига келувчилар учун интерактив хизматлардан эркин фойдаланиш имконияти яратилади. Бунинг натижасида фойдаланувчилар ўзлари учун зарур маълумотларни тезкорлик билан олиши мумкин бўлади.
Тўртинчидан, суд органларининг рақамлаштирилиши очиқлик ва шаффофлик таъминланишига олиб келади. Бу, ўз навбатида, суд амалиётидаги хато ва камчиликлар бартараф этилишига ҳамда коррупциянинг олди олинишига замин яратади.
Судьялар олий кенгаши фаолиятида рақамлаштириш бўйича дастлабки қадамлар ташланди
Кенгашнинг судьялик лавозимига номзодларни танлаш ва тайинлаш билан боғлиқ фаолиятини рақамлаштириш билан боғлиқ қатор лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда.
Мазкур жараён илгари ёпиқ эшиклар ортида, кенгаш аъзолари томонидан оғзаки савол-жавоб тарзида ҳал этилган бўлса, айни пайтда судьялик лавозимига номзоднинг касбга тайёргарлигини аниқлашда замонавий ахборот коммуникация техноголияларидан кенг фойдаланиш йўлга қўйилмоқда.
Бунда номзод ўзининг йўналиши бўйича компьютерга жойланган билетларидан бирини танлайди ва ундаги саволга жавоб беради. Энг муҳими, ушбу жараённи даъвогар бўлган бошқа номзодлар ҳамда жамоатчилик вакиллари алоҳида хонада онлайн тарзда бевосита кузатиб бориш имконияти яратилди. Бу билан жараённинг очиқлик асосида ўтиши, шаффофлигини таъминлашга ҳаракат қилинмоқда.
Бу - номзоднинг касбга тайёрлигини баҳолашдаги холисликни таъминлаш билан бирга, бошқаларда пайдо бўлиши мумкин бўлган асоссиз шубҳа ва гумонларга ҳам барҳам беради.
Шунингдек, номзодларнинг ўзлари ҳам бошқа номзодларнинг жавобларини тўғридан-тўғри кузатиб туриш имконияти мавжудлиги, Кенгаш йиғилишларида оммавий ахборот воситалари вакилларининг иштироки таъминланаётгани ҳам илғор демократик тамойилларга мос, кенг жамоатчиликнинг ахборот олишга бўлган талабига ҳамоҳангдир.
Рақамлаштириш борасида истиқболда белгиланган муҳим вазифа
Судьялар олий кенгаши томонидан судьялар корпусини ҳар томонлама муносиб кадрлар билан мустаҳкамлашга қаратилган ва бевосита тизимни рақамлаштириш билан чамбарчас боғлиқ бўлган бир қатор муҳим лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда.
Хусусан, судьялар фаолиятини доимий равишда баҳолаб борувчи “Судьялар фаолияти рейтинги” ахборот тизимини яратиш борасида ишлар бошланган.
Бу жараёнда ҳам инсон омили иштирок этмайди. Махсус электрон дастур судья фаолиятининг энг асосий йўналишлари бўйича амалга ошираётган ишларини баҳолаб, рейтинг балларини кўрсатиб боради.

Шунингдек, судьяликка номзодларни танлаш бўйича халқаро амалиёт таҳлилий ўрганилиб, номзоднинг руҳий ҳолати бўйича “психологик тест”ни яратиш ва жорий этиш борасида ҳам ишлар олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, жамоатчилик фикрини ўрганиш, номзодларни танлаш ва тайинлаш жараёнига уларнинг иштироки масалалари ҳам таҳлилий ўрганилмоқда.
Зеро, судьяликка номзодларни танлаш ва тайинлаш жараёнини имкон қадар рақамлаштириш очиқлик ва шаффофлик таъминланиши ва бу Судьялар олий кенгашининг энг асосий вазифаларидан бири – судьяликдек юксак масъулиятли лавозимга ҳар томонлама муносиб кадрларни танлашда ўз ижобий самарасини бериши шубҳасиз.