Судьялар ҳам “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатига ўз ҳиссасини қўшмоқда
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати Муборак Рамазон ойи шукуҳи билан уйғунлашиб кетди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати Муборак Рамазон ойи шукуҳи билан уйғунлашиб кетди. Сабр-тоқат, меҳр-шафқат, хайру саховат, бағрикенглик сифатларини ўзида мужассам этган ушбу ойда халқимизнинг ўзаро меҳр-оқибати яна бир бор намоён бўляпти.
Коронавирус давридаги қийинчиликларни бартараф этишга йўналтирилган бу ҳаракатга қўшилган Фарғона вилоятидаги юзлаб тадбиркор ва ишбилармонлар, фермерлар, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ночор аҳволда яшаётган хонадонларга кунлик эҳтиёж учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беришмоқда. Аксарият ишсизларнинг бандлиги таъминланиб, даромад топиш чоралари кўриляпти. Суд тизими ходимлари ҳам бу борадаги ишларга ўз ҳиссасини қўшишни бошлади.
Тошлоқ туман маъмурий суди вакиллари “Қўрғонча” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи З.Сиддиқова хонадонида бўлиб, мазкур оила аъзоларининг ҳолидан хабар олди. Турмуш ўртоғи Россия Федерациясига ишлаш мақсадида кетган бўлиб, бу оила бугунги кунда қийин ҳолатга тушиб қолган. Маҳалла томонидан кам таъминланган оила сифатида рўйхатга олинган. Аёлнинг ўзи 3 нафар вояга етмаган фарзандини тарбиялаб келмоқда. Бу оилага зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари етказилди.
– Синовли кунларда бир биримизга ғамхўр, меҳр-оқибатли, аҳил-иноқ ва тиргак бўлишимиз инсонийликнинг энг олий намунаси, десак асло муболаға бўлмайди, – дейди Тошлоқ туман маъмурий суди раиси Аброрхон Акрамов. – Уламоларимиз ўнг қўлинг қилган эҳсон ёки ёрдамни чап қўлинг билмасин деган гаплари бор албатта. Бироқ, муқаддас ислом динида эҳсонни катта кичиги бўлмаслиги ва ошкора қилиниши бошқа шахсларни бу йўлга ундаши ва бунинг натижасида кўплаб эҳтиёжманд оилаларга ёрдам қўли етиб бориши мумкинлиги ҳақида гапирилган. Инсон қўлдан келганча хайр-эҳсон қилиши билан ҳам ўзгаларга наф келтира олади.
Суд тизими ходимлари томонидан ишсиз, ёрдамга муҳтож оилаларга мунтазам ёрдам бериш тадбирлари кўрилмоқда.