Суд тизими: ислоҳот ва амалиёт
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш борасида қатор вазифалар белгилаб олинди.
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш борасида қатор вазифалар белгилаб олинди.
Ўтган давр мобайнида бу тизим бир неча маротаба ислоҳ этилди. Ҳар бир жараёнда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, адолат принципларига риоя этиш каби тамойиллар устуворлик касб этиб келди.
Ҳозирги пайтда мамлакатимизда ҳуқуқий давлат тузилишининг энг муҳим жиҳатларидан бири сифатида мазкур тизимни чуқур ислоҳ қилиш ва либераллаштириш ишлари амалга ошириб келинмоқда. Судлар ўзларига хос бўлмаган суд қарорларини ижро қилишдек функциядан озод бўлди. Суд-ҳуқуқ ислоҳотларини амалга оширишда катта эътибор судларнинг ихтисослашувига қаратилмоқда.
Президентимизнинг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонининг қабул қилиниши тизим ислоҳотидаги навбатдаги қадам бўлди.
Амалга оширилаётган ишлар ва қўлга киритилаётган ижобий натижаларга қарамай, тизимда ечимини кутаётган масалалар борлиги бугун янада аёнлашмоқда. Бинобарин, суд ҳимоясини таъминлашдаги ортиқча бюрократик тўсиқлар сақланиб қолаётганлиги, суд қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичлари мавжудлиги ва бошқа бир қатор камчиликлар суд органларининг амалдаги тузилишини замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқ қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.
Фармонга кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда умумюрисдикция судлари ташкил этилади.
Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилади. Маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлари ташкил этилади ва шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судлари тугатилади.
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий малака ҳайъатининг ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судьялари малака ҳайъатларининг қарорлари устидан Судьялар олий кенгашига шикоят қилиш ҳуқуқи берилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарларининг суднинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ҳамда қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқи бекор қилинади. Жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш босқичида иш юзасидан қарорларни тортишув тамойилига риоя этган ҳолда тарафлар иштирокида қабул қилиш тартиби белгиланади. Жиноят ишининг умумий тартибда кўриб чиқилишига тўсқинлик қилувчи омилларни тезкорлик билан аниқлаш ва бартараф этиш имконини берувчи дастлабки эшитув босқичи киритилади.
Яна қуйидаги тартиблар ўрнатилмоқда:
– туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш;
– апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш;
– Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқиш;
– давлат айбловчиси айбловдан воз кечган тақдирда реабилитация асосларига кўра жиноят ишини тугатиш;
– прокурор томонидан суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ёки қарори бўйича ишларни, ушбу ишлар юзасидан тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина, суддан чақириб олиб ўрганиш;
– қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари судларда бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурор ўз ташаббуси билан иштирок этишини истисно этиш.
Судлов таркибига инвестиция киритилган санада йигирма миллион АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда инвестицияни амалга оширган жисмоний ёки юридик шахслар ва давлат органлари ўртасида юзага келадиган инвестициявий низолар ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш ваколати берилаётир.
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабининг Суд амалиёти муаммоларини ўрганиш марказини тугатиш ҳисобидан бўшаётган 9 та штат бирликлари Олий суд тузилмасида ташкил этилаётган Суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш бошқармасини шакллантиришга йўналтирилади.
Ҳужжатда суд-ҳуқуқ тизими ходимларининг моддий манфаатдорлиги, уларни рағбатлантириш масалалари ҳам эътибордан четда қолгани йўқ. 2021-2025 йилларда судларнинг бинолари ва хоналарини қуриш ҳамда реконструкция қилиш дастури тасдиқланадиган бўлди.
Ушбу янгиликлар судьялар ва шу тизимда фаолият олиб бораётган бошқа ходимлар зиммасидаги масъулиятни янада оширишга хизмат қилади.
М.АРИПОВ,
Қоровулбозор туман ЖИБ суди раиси,
Р.КЕНЖАЕВ,
туман маъмурий суди раиси.