Суд қарори адолатли бўлиши керак
2020 йилнинг биринчи ярмида жиноят ишлари бўйича Когон туман судида 78 шахсга нисбатан 61 та иш кўрилган.
Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти Когон туман суди томонидан 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида одил судловни амалга ошириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва фуқароларнинг ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнида қабул қилинган қонунларни қўллаш ҳамда суд амалиётини шакллантириш борасида муайян ишлар амалга оширилган.
2020 йилнинг биринчи ярмида жиноят ишлари бўйича Когон туман судида 78 шахсга нисбатан 61 та иш кўрилган. Шундан 64 шахсга нисбатан 49 та жиноят иши бўйича айблов ҳукми чиқарилган. 14 шахсга нисбатан 12 та иш ҳаракатдан тугатилган. 2 шахсга нисбатан 2 та жиноят иши судловлигига кўра юборилган. Ҳисобот охирида 18 шахсга нисбатан 14 та жиноят иши қолдиқ бўлиб қолган.
Туман суди томонидан 4 шахсга нисбатан эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, суд залида қамоқдан озод қилинган бўлса, 7 шахсга нисбатан эҳтиёт чораси ўзгартирилиб суд залида қамоққа олинган.
2020 йилнинг 6 ойи давомида туман судида тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилмаган.
Президентимиз томонидан берилган кўрсатмаларга риоя қилган ҳолда, профилактика ишларини бунданда жадаллаштириш, халқ билан кўпроқ очиқ мулоқотлар ўтказиш, уларнинг дарду ташвишларини эшитиш судьялар фаолиятининг асосини ташкил этиши лозим.
Жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, уларнинг шарт-шароит ва омилларини ўрганиш, ҳар бир жиноят тафсилотларини профилактика инспекторлари, маҳалла ва жамоатчилик иштирокида чуқур таҳлил қилиш лозимлиги таъкидланган. Ишларнинг камида 30 фоизини сайёр суд мажлисларида, халқ орасида кўриш ҳақида тавсия берилганлиги сабабли, туман суди фаолиятида бу масалада ҳам ижобий ўзгаришлар рўй берди.
– Туман судининг 2020 йилнинг 1-ярим йиллик учун мўлжалланган иш режасига мувофиқ жиноят ишларни сайёр суд мажлисларида кўрилиши сифат ва самарадорлиги ўрганилди, – дейди Жиноят ишлари бўйича Когон туман судининг раиси Қ.Холов. – Бу аҳоли орасида кенг миқёсда янги қабул қилинаётган қонунларни доимий равишда тарғибот қилиб бориш имконини беради. Қолаверса, жиноятларни содир этилиши сабабларини ўрганиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари билан аҳоли орасида ҳамкорлик йўлга қўйилади. Шу даврга қадар ишларнинг 27 фоизи сайёр суд мажлисларида кўрилди.
Туман судига йилнинг 1-ярмида жами 11 та мурожаат келиб тушган бўлиб, мурожаатларнинг барчаси 5 кундан ошмаган муддат ичида ҳал қилинган.
Ҳар бир суд қарорининг ортида инсон тақдири мужассамлигини теран англанган ҳолда, қонуний, ҳар томонлама асослантирилган ва адолатли қарорлар қабул қилинган.
Туман суди раиси билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ўртасида ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилган. Хусусан, ҳар ҳафтанинг душанба куни Когон туман Халқ қабулхонасида, алоҳида тасдиқланган режага асосан фуқароларни сайёр қабул қилиб борилмоқда.