Сохта “кадастрчилар“ фириби фош бўлди
Халқимизда, ёлғоннинг умри қисқа бўлади, деган ажойиб нақл бор.
Халқимизда, ёлғоннинг умри қисқа бўлади, деган ажойиб нақл бор. Лекин шуни била туриб яна шу ишга қўл урадиган кимсаларнинг борлиги кишини ҳайратга солади.
Аммо, ана шу ёлғон ортидан ҳаром даромад орттириб, бола-чақасини боқаётганларнинг борлиги, жамиятимиз ривожига ҳар жабҳада ўзининг салбий таъсирини кўрсатаётгани ҳар қандай кишини ташвишга солади.
“Хайрли иш” ниқоби остида ноқонуний бойлик орттириш мақсадини кўзлаган боёвутлик 2 нафар “ишбилармон” Сотиболди Бойқулов ҳамда Холкелди Тоймасов (мақоладаги географик атама ва исми-шарифлар ўзгартирилган)ларнинг фириби Боёвут туман прокуратураси ходимлари томонидан фош этилди.
Аслида, менинг назаримда, ўз ҳақ-ҳуқуқимизни билмаслигимиз Сотиболди ва унинг ҳамтовоғи Холкелдиларга ўхшаган фирибгарларнинг тегирмонига сув қуяётган бўлса, ажаб эмас.
Мақоламиз “қаҳрамонлари” ўзларини Боёвут тумани “Ермулккадастр” давлат унитар корхонаси бўлими ходимлари деб таништириб, фуқароларнинг шу соҳадаги ҳожатларини уйма-уй юриб чиқариб бериб, “хайрли иш” билан шуғулланишларини айтишган.
Сотиболди Бойқулов ҳамда Холкелди Тоймасов фуқаро Долим Инонбоевни Боёвут тумани Қаробчи маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган, аслида фуқаро Неъмат Асадуллаевга тегишли бўлган ер участкасини фуқаро Шомурод Норхоновга тегишли, деб ишонтирган. Агар тўлов миқдорини келиша олишса, фуқаро Шомурод Норхоновнинг розилиги билан ушбу ер участкасини Долим Инонбоевга Боёвут туман ҳокимининг қарорини чиқариб, участкани унинг номига расмийлаштириб беришлари мумкинлигини айтади. Долим Инонбоев (учун “арзимаган”) 3 минг 500 АҚШ доллари эвазига йўқ жойдан ер-участкали бўлиб қолишидан хурсанд бўлиб, дарҳол рози бўлади.
Буни қарангки, ҳужжатларни қалбакилаштириш борасида пихини ёрган фирибгарлар ер участкасини Долим Инонбоев номига расмийлаштирилганлиги тўғрисида Боёвут тумани ҳокимининг қарорини осонгина қалбакилаштиради қўяди. Қарорни қўлига олган Долим Инонбоев “саховат пеша ишбилармонлар”га 3 минг 500 АҚШ долларини шу ернинг ўзида нақд санаб беради ва қарорнинг сохталигини хаёлига ҳам келтирмай қўлтиғига уради. Сотиболди ва Холкелди эса фирибгарлик йўли билан орттирган пулларини ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади...
Қинғир ишнинг қийиғи – қирқ йилдан кейин ҳам чиқади, деганларидек, ушбу ҳолат прокуратура ходимлари томонидан фош этилди. Мазкур ҳолат юзасидан Боёвут туман прокуратураси томонидан Сотиболди Бойқулов ҳамда Холкелди Тоймасовларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Айбдор шахсларга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мамлакатимизда қонун барчага баробар, олғир “кадастрчилар” ниқобидаги фирибгарлар энди қилмишларига яраша жазоларини олишлари муқаррар. Эҳтимол улар тегишли жойдан ахлоқлари тузалиб қайтар. Аммо, ҳақиқий қарор билан сохтасини фарқига бормай, пул маблағи билан ўзганинг мол-мулкини осонгина ўзлаштириб оламан, деб ўйлаган лақмаларни қандай тузатиш мумкин, шуниси кишини ўйга толдиради...