СИНОВЛАРДА СИНАЛГАН САБР ёхуд карантиндаги Оҳангарон

Коронавирус пандемияси бутун инсоният учун мусибатли, оғир дамларни етаклаб келди, жаҳон ҳамжамиятини катта синовларга ташлади.
Коронавирус пандемияси бутун инсоният учун мусибатли, оғир дамларни етаклаб келди, жаҳон ҳамжамиятини катта синовларга ташлади. Ушбу офатга қарши курашиш мамлакатлар олдида турган энг муҳим ва кечиктириб бўлмас масалага айланди.
Юртимизда ҳам мазкур касалликка чалинган илк бемор аниқланган вақтдан бошлаб, карантин эълон қилиниб, бутун мамлакат карантин тартиб-қоидалари бўйича ишлаш тизимига ўтди. Асосий эътибор, шубҳасиз, касалликнинг оммавий тарқалиб кетишининг олдини олиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини карантин даврида ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилмоқда. Бу борада Тошкент вилояти Оҳангарон туманида ҳам тегишли чора-тадбирлар асосида ишлар олиб борилди.

Омборлар тўлдирилди
Албатта, карантин шароитидаги энг муҳим масалалардан бири бу озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолининг ушбу маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини тўлақонли қондиришдир. Ушбу мақсадларда туманнинг “Ёнариқ” ва “Шодмалик” МФЙлар ҳудудида иккита омбор ташкил этилиб, аҳоли истеъмоли учун зарур бўлган қишлоқ хўжалиги ва бошқа турдаги маҳсулотлар билан тўлдирилди. Хусусан, омборларга 317 тонна картошка, 92 тонна пиёз, 30 тонна сабзи, 13 тонна гуруч, 14 тонна макарон, 9 минг литр ёғ, 50 минг дона тухум келтирилиб, аҳолига тарқатилди.
Барча МФЙлар аҳолиси учун арзонлаштирилган кўчма савдо дўконлари ташкил этилиб, нархларнинг бир маромда ушлаб турилиши қатъий назорат қилиб борилмоқда. Хусусан, туман давлат солиқ инспекцияси ва Департаментнинг туман бўлими ходимларидан иборат ишчи гуруҳи мунтазам равишда жойлардаги озиқ-овқат дўконларида рейдлар ўтказиб борди. Нархларни сунъий равишда оширган 17 та тадбиркорлик субъектига нисбатан тегишли тартибда қонуний чоралар кўрилди.
Бундан ташқари, туманнинг барча ҳудудларида “Даладан дастурхонга” тамойили асосида турғун савдо расталари ташкил этилиб, арзон нархларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан тўлдирилди.

Саховатли халқни енгиб бўлмайди
Карантин пайтида аҳолининг эҳтиёжманд қисмини моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими қошида ташкил этилган ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази томонидан саховатпеша инсонлар томонидан қилинаётган хайриялар ҳисобидан қийин аҳволдаги оилаларга кўмак берилмоқда.
Шу кунга қадар марказга 1,3 тонна картошка, 1,3 тонна пиёз, 650 килограм сабзи, 20 килограм дуккакли маҳсулотлар, 1 минг 72 литр ёғ, 2 тонна ун, 2,2 тонна гуруч, 730 килограм макарон, 300 килограм гўшт, 963 килограм шакар, 290 қадоқ чой, 7 минг 400 дона тухум, 60 дона болалар бўтқаси ва 920 дона ниқоб хайрия сифатида келиб тушган. Ушбу штабга туман аҳолисидан 620 та мурожаат бўлиб, шундан 613 таси қаноатлантирилган.

Шунингдек, Президент ташаббуси билан ташкил этилган “Саховат ва кўмак” хайрия тадбири давомида тумандаги эҳтиёжманд оилалар рўйхати шакллантирилиб, ҳомийлар қарамоғига олинди. Ҳозирда ушбу рўйхатга 910 нафар оила киритилиб, уч ой давомида озиқ-овқат билан таъминланиши белгиланди. Улардан 91 нафарини карантин туфайли вақтинча ишсиз қолган, 194 нафарини ногиронлиги бўлган оилалар ташкил этади.
Бундан ташқари, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Саховат ва кўмак” жамғармасига ҳомийлар маблағлари жамғарилмоқда. Ҳозирги вақтга қадар жамғармага 65 миллион 500 минг сўмдан ортиқ пул маблағи келиб тушган.

Томорқа – хазина
Айни баҳор чоғига тўғри келган карантин даври аҳолини томорқасидан самарали фойдаланиши учун “қулай фурсат” бўлгандек, гўё. Маҳалла масъуллари томонидан аҳолининг ҳолидан хабар олиш билан бир қаторда, улар тасарруфидаги томорқалардан унумли фойдаланиб, оила даромадини ошириш борасида тарғибот ишлари ҳам олиб борилди. Моддий томондан қийналган оилаларнинг томорқалари сектор раҳбарлари ташаббуси билан экин экишга тайёр ҳолатга келтирилиб, турли полиз ва сабзавот кўчатлари бепул тарқатилди.
Туманда фаолият кўрсатаётган “Сусам томорқа хизмати” ва “Бирлик томорқа хизмати” МЧЖлар томонидан карантин даврида аҳолига 1,5 миллион туп сабзавот кўчати арзон нархларда етказиб берилди.

Ҳозирда Оҳангарон туманидаги 29 та МФЙ ҳудудида 16 минг 656 нафар томорқа ер эгалари мавжуд бўлиб, улар тасарруфидаги ер майдони 1198,8 гектарни ташкил этади. Айни пайтга келиб, эртанги экинларни экиш ишлари 94 фоизга бажарилган. Жумладан, 245,1 гектарга сабзавот, 121,4 гектарга картошка, 91,7 гектарга полиз, 61,1 гектарга дуккакли, 30,6 гектарга мойли ва 61,1 гектарга бошқа турдаги экинлар экилган.
Бундан ташқари, кам таъминланган оилалар даромадини ошириш мақсадида вилоят ҳокими Рустам Холматов ташаббуси билан илгари сурилган “Минг оилага минг туҳфа” акцияси доирасида тумандаги 34 нафар оилага бир бошдан соғин сигир берилди.

Ёшлар бандлиги – кун мавзуси
Карантин даври. Лекин, фақатгина шу туфайли олдимиздаги мақсадларга эришиш йўлидаги ҳаракатларимиз тўхтаб қолмаслиги керак. Республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби, Оҳангарон туманида ҳам ёшларнинг бандлиги масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда туманда 699 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланиши режалаштирилган бўлиб, айни пайтга келиб, улардан 482 нафари доимий иш билан таъминланган. Айни шу мақсадда, туманда “Ҳар бир ёшга бир гектар” акцияси ташкил этилиб, 200 нафар ёшга ғалладан бўшаган ерлардан жой ажратилиши кўзда тутилган.
Биргина 2-сектор мисолида кўрадиган бўлсак, ҳудуддаги “Янгобод” МФЙда “AGRO MIR QISHLOQ XOʻJALIGI BIRLASHMASI” кооперативи ташкил этилиб, туман ҳокими қарорига мувофиқ, бирлашмага 15 гектар ер майдони ажратиб берилди. Мазкур бирлашмага 2-сектор ҳудудидаги 36 нафар ишсиз ёшлар аъзо бўлиб, уларнинг ҳар бирига 0,20 гектардан ер берилди. Бундан ташқари, ушбу ҳудудда жойлашган “Мадина Одина Саида” МЖЧга қарашли боғдан ҳам 3 гектар ер майдони 10 нафар ёшларга ажратиб берилди.

Сардоба, юракларни этдинг садпора...
Мамлакат коронавирус балоси билан курашаётган бир вақтда, Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида катта фожиа юз берди. Сардоба сув омбори тўғони ўпирилиб, тошиб чиққан сув оқими ҳудудга яқин аҳоли турар жойларига жуда катта талафот келтирди. Сардобаликлар уй-жойидан, мол-мулкидан жудо бўлди. Бир неча ўн минглаб одамлар эвакуация қилинди.
Мана шундай оғир вазиятда оҳангаронликлар яна бир бор ўз сахийликларини кўрсата олди. Сирдарёлик юртдошларимизнинг оёққа туриб олишлари учун оз бўлса-да мададкор бўлиш мақсадида туман ҳокимлиги томонидан хайрия тадбири ташкил этилди. Оҳангарон аҳли томонидан йиғилган нарса-буюмлар, жиҳозлар, озиқ-овқат маҳсулотлари жафокаш сардобаликларга юборилди.
Шунингдек, туман ҳокимлиги томонидан Сардоба воқеасида талафот кўрган юртдошларимизга кўмак бериш мақсадида 1 тонна пиёз, 1 тонна картошка, 1 тонна сабзи, 5 минг дона тухум, 1 тонна макарон, 500 килограм ёғ, 1 тонна гуруч ва бошқа турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари Сирдарё вилоятига инсонпарварлик ёрдами сифатида юборилди. Пурвиқор Қурама ва Чотқол тоғ тизмалари оралиғида жойлашган, ҳамиша сел, сув тошқини хавфи мавжуд бўлган ҳудудда яшовчи оҳангаронликлар бундай офатнинг таъмини бир неча бор тотиб кўрган. Сирдарёликлар чекаётган дард уларга таниш. Шу сабаб ҳам Оҳангарон халқи мана шундай мусибатли, оғир кунларда сирдарёликларнинг қайғусини бошқалардан кўра кўпроқ ҳис қилишмоқда.
Корхоналар фаолияти қайта тикланмоқда
Яқинда Президентимиз раҳбарлигида ўтган видеоселектор йиғилишида тадбиркорлик субъектлари, ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини босқичма-босқич қайта тиклаш юзасидан вазифалар қўйилган эди. Бунда асосий эътибор корхоналарни карантин шароитида иш олиб бориш услубини ўзлаштиришга қаратиш, шу мақсадда, ҳудудлардаги намунали корхоналар мисолида семинарлар ташкил этиш назарда тутилган эди.
Шу мақсадда Оҳангарон туманида фаолият олиб бораётган 20 дан ортиқ ишлаб чиқариш корхоналари раҳбарлари иштирокида семинар ташкил этилди. Туман ҳокими раҳбарлигида ўтган мазкур учрашув “LAZIZ” МЧЖ корхонасида бўлиб ўтди. Семинарда корхоналар раҳбарлари карантин даврида қандай тартибда ишлаш, нималарга эътибор қаратиш лозимлиги хусусида ўзаро фикр алмашди. Эндиликда тумандаги ишлаб чиқариш корхоналари аста-секинлик билан ўз фаолиятини қайта тиклашга ўтмоқда.
Мухтасар айтганда, коронавирусга қарши курашиш, қолаверса, Сардоба фожиаси халқимизни янада жипслаштирди. Бирдамлик, ҳамжиҳатлик, саховатпешалик каби фазилатлар фақатгина ўзбекка хос эканлигини яна бир бор намоён этишга фурсат яратди. Ва халқимиз буни намоён қила олди ҳам...
Элёр ЎТБОСОВ,
Оҳангарон тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати раҳбари.