Шуманай туманида тадбиркорлик фаолияти жадал ривожланмоқда
Халқ депутатлари Шуманай тумани Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтмоқда.
Жамоатчилик назорати
Халқ депутатлари Шуманай тумани Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтмоқда.
Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 1 майдаги қарорига асосан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг баҳолаш тизими жорий этилган ва унга мувофиқ, Шуманай туманида мавжуд ҳолат «қониқарсиз» деб топилган.
Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йил 24 сентябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида «қониқарсиз» деб топилган туман, шаҳар раҳбарларига жамоатчилик олдида камчиликларни тан олиб, уни бартараф этиш чора-тадбирлари ҳақида маълумот бериши зарурлиги вазифаси топширилган эди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси вакиллари ва Қонунчилик палатаси аъзолари, халқ депутатлари вакиллари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши масъуллари, туман фаоллари, шунингдек, ОАВ ходимлари иштирок этаётган сессияда сектор раҳбарлари йўл қўйилган камчиликлар юзасидан аҳолига мурожаат қилиб, мавжуд камчиликларни бартараф этишга қаратилган вазифалар бўйича «Йўл харитаси»ни тақдим этди.
Шуманай тумани нега «қониқарсиз» ҳудудга тушиб қолган? Туман ҳокими Баҳодир Янгибоев бунинг сабабларини маълум қилиб, ундан чиқиш бўйича режасини баён қилди.
– Туман саккиз йўналишда қониқарсиз деб топилган, – деди Б.Янгибоев. – Ўтган йиллар давомида қайси бир жойларда камчиликларимиз бўлган, қайси бир жойларда ҳаракатимиз бўлмаган, шуларнинг натижасида ушбу аҳволга тушиб қолганмиз.
Бугун биз ҳаммамиз, яъни 4 та сектор раҳбари «қониқарсиз» ҳудудга тушиб қолишимизга сабабчи бўлганимиз учун халқимиз олдида кечирим сўраймиз.
Албатта, халқимиз яхши яшашга ҳақли. Ушбу ҳолатлардан чиқиш, халқимизнинг фаровон турмуш кечиришини таъминлаш, ишсизликни ва камбағалликни қисқартириш учун сектор раҳбарлари ва мутасаддилар билан биргаликда ўз режаларимизни ишлаб чиқдик.
Давлатимиз раҳбарининг ўтган йиллар давомида республикамизга, жумладан, туманимизга ташрифлари чоғида берилган топшириқлари асосида ишлаб чиқилган дастурларга мувофиқ, туманда тадбиркорликнинг жадал ривожланишига, ишлаб чиқариш, қайта ишлаш корхоналарининг ташкил этилиши аҳоли бандлигини таъминлаш, уларнинг даромадларини оширишга омил бўлмоқда.
Жумладан, 2017-2019 йилларда туманимизда ҳар бири суткасига 1-1,5 тонна сутни қайта ишлаш қувватига эга 2 та сутни қайта ишлаш корхонаси, 2 та йирик паррандачилик комплекси, 2 та замонавий иссиқхона, 1 та брикет ишлаб чиқариш корхонаси, 1 та пойабзал ишлаб чиқариш цехи, сиғимлиги 150-200 тонналик 2 та музлатгич ва қизил мия илдизини қайта ишлаш корхонаси ишга туширилди.
Иқтисодий ривожланиш ва самарадорлик кўрсаткичлари бўйича ҳудудий саноат маҳсулотлари ҳажми 2019 йилда 56 миллиард 541 миллион сўмни ташкил қилиб, аҳоли жон бошига 1 миллион 11 минг сўмга тўғри келган бўлса, бу кўрсаткичнинг Қорақалпоғистон Республикаси саноатидаги улуши 0,46 фоизни ташкил этди.
2017-2019 йилларда амалга оширилган лойиҳаларимиз 2020 йилга келиб ўзининг дастлабки самарасини бериб, натижаларини кўрсатмоқда. Халқ хўжалиги соҳаларида олиб борилган ислоҳотлар натижасида туманимизнинг экспорт салоҳияти ортиб, экспорт географияси кенгаймоқда.
Мазкур йўналиш бўйича жорий йилнинг ўзида бир қатор ишлар амалга оширилди, яъни ўтган 9 ой давомида 25 та саноат корхонаси янгидан ташкил қилинди. Шу кунга қадар туманда умуман йирик корхоналар йўқ бўлса, жорий йилнинг март ойида «Шуманай экотекс» корхонаси томонидан қиймати 20,9 миллион долларлик қуввати 7 минг 300 тонна ип калава ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилди ва натижада 480 ишсиз доимий иш билан таъминланди. Ўтган давр мобайнида 80 миллиард сўмлик (3,4 минг тонна) маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 2,1 миллион долларлик маҳсулот Хитой, Россия, Туркия ва Беларус давлатларига экспорт қилинди.
Бундан ташқари жорий йил 3 август куни «Лиантай ликрайс» корхонасида 100 фоиз хорижий инвестор маблағлари ҳисобига лойиҳа қиймати 1,2 миллион долларлик қизилмия илдизини қайта ишлашда йилига 400 тонна СJA кукунини ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилди, 60 иш ўрни яратилди. Корхонада шу кунга қадар 117 минг долларлик маҳсулот экспорти амалга оширилди ва йил якунига қадар 1,3 миллион доллар қийматдаги маҳсулотлар экспортга чиқарилиши таъминланади. келгуси йилдан маҳсулотлар тури ва ҳажми кўпайтирилиб, йилига 350 литр GLABRIDIN кислотасини ишлаб чиқариш йўлга қуйилади ва ишчи ўринлари сони 120 тага етказилиши ва йилига 3,0 миллион АҚШ доллари миқдорида экспортга маҳсулотлар чиқариш имкони туғилади.
Ушбу йўналишдаги ишларимизни давом эттирган ҳолда 2021 йилда яна битта йирик саноат ишлаб чиқариш корхонасини ишга тушириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Яъни «Шуманай текс» корхонасида 2021 йилда лойиҳа қиймати 5,9 миллион долларлик йилига 3,5 миллион м2 брезент ва габардин мато ишлаб чиқариш лойиҳасини ишга тушириш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу амалга оширилаётган чора-тадбирларимиз натижасида ҳудудий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилга нисбатан шу йил 2,8 каррага (165,1 миллиард сўм) ўсиши, аҳоли жон бошига эса 1 миллион сўмдан 2,9 миллион сўмга оширилиши кутилмоқда.
Буларнинг натижасида 2016 йилда 78 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинган бўлса, 2019 йилда 1,6 миллион доллар, жорий йилда бўлса 3,6 миллион доллар миқдоридаги маҳсулот экспортга йўналтирилди. Экспорт ҳажми 2016 йилга нисбатан 38 каррага кўпайди ва жон бошига экспорт ҳажмлари 29 доллардан жорий йилда 61 долларга етказилди. Йил якуни билан 5,0 миллион долларлик маҳсулотлар экспортини амалга ошириш ва жон бошига кўрсаткични 126,5 долларга етказишни белгилаб олдик.
Туманда саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, хизматлар соҳасини, қишлоқ хўжалиги соҳаларида тадбиркорликни ривожлантириш бўйича 2020-2023 йилларга мўлжалланган дастурлар ва туманни келгусида ривожлантириш бўйича асосий ўсиш нуқталари белгилаб олинди.
Ишлаб чиқилган дастурларга ва ўсиш нуқталарига мувофиқ 2020-2021 йилларда қиймати 149 миллиард сўмлик 72 лойиҳани амалга ошириш ва 922 та янги иш ўрни яратиш белгиланди.
Жумладан, туманнинг асосан қишлоқ хўжалигига ихтисослашганлигини инобатга олиб бозор ўрганиб чиқилганда, бугунги кунда кунжут ёғига бўлган талаб катта эканлигини аниқладик. Шуни инобатга олиб туманда пахта орасида ва очиқ майдонда кунжут етиштириш ва етиштирилган кунжутни қайта ишлаш ва кунжут ёғини экспортга чиқариш белгилаб олинмоқда.
Шу мақсадда туманимизда «Шуманай кунжут экспо» МЧЖ томонидан кластер ташкил қилиб, Турон банк томонидан кунжут ёғини ишлаб чиқарувчи ускуналар олиш ва кунжут етиштириш учун аванс кредит ажратилиши белгиланди.
Шу йилнинг ўзида ҳозир мавжуд 2 та замонавий иссиқхонада қўшимча равишда 1,5 гектар ва 2021 йилда 3 гектар майдонда замонавий лимонарий ташкил этиш ва, шунингдек, чорвачилик соҳасини ривожлантириш учун қиймати 12,2 миллиард сўмлик 8 та лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 343 та наслдор қорамоллар олиб келиш, шунингдек, хизматлар кўрсатиш соҳасида қиймати 16,4 миллиард сўмлик 19 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Келгуси 2 йилда ҳам бу ишларни тизимли давом эттирган ҳолда жами 83 гектар майдонларда замонавий иссиқхоналар қуриш белгиланмоқда.