Сайёҳларни мафтун этаётган Сайроб “Туризм маҳалласи” мақомига эга бўлади
Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги Сайроб қишлоғида “Туризм маҳалласи” ташкил этилмоқда.
Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги Сайроб қишлоғида “Туризм маҳалласи” ташкил этилмоқда.
Воҳа қишлоқлари сайёҳликнинг зиёрат, эко, этно, тиббиёт, агро каби ноёб турларини ривожлантириш учун қулай имконият ва муҳитга эга. Вилоятнинг сўлим тоғ қўйнидаги хушманзара табиати, шифобахш гиёҳлари, этнографик мероси, камалак рангидек товланадиган экологик тоза мевалари билан ҳар қандай кишини мафтун этади. Маъданли, зилол булоқ суви турли касалликларга шифо бўлади.
Пурвиқор тоғ қўйнидаги қадимий Сайроб қишлоғи ҳам қарийб минг йиллик чинорлари, шифобахш булоқ суви, Узундара археологик ёдгорлиги, гўзал табиат манзараларию миллий урф-одатлари, меҳмоннавоз одамлари билан сайёҳлар кўнглидан жой олган.
Айни пайтда сўлим гўшада сервис ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, оилавий меҳмон уйлари, хуллас, маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар эҳтиёжини қондирадиган бошқа туристик хизматлар кўрсатиш нуқталари ташкил этилаётир. “Хайри Абдимўмин” оилавий корхонаси томонидан 20 ўринли меҳмонхона ва замонавий дам олиш маскани барпо этилмоқда.
– Кейинги йилларда қишлоғимизга келувчи сайёҳлар сони кенгайиб бормоқда, – дейди оилавий корхона раҳбари Абдимўмин Бойбулов. – Бу уларга хизматлар кўрсатиш сифати ва сонини оширишга қизиқиш уйғотди. Шу мақсадда янги замонавий меҳмонхона ва дам олиш маскани қуришни бошладик. Бунинг учун ўз маблағимизни сарфлаяпмиз. Уни жиҳозлаш учун Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси кўмагида 325 миллион сўм имтиёзли кредит маблағи олдик. Ана шу маблағ эвазига хорижлик сайёҳларнинг кўнгилдагидек ҳордиқ чиқариши учун барча замонавий қулайликларни яратамиз.
Оилавий корхона шунингдек, савдо ва умумий овқатланиш нуқталари бунёд этмоқда. Мўъжазгина сув тегирмони қуриб, меҳмонларга қишлоқ аҳолисининг қадимги ун ишлаб чиқариш технологияси ва шу ернинг ўзида ундан турли озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрлаш усулларини намойиш этишни мўлжаллаётир.
– Қишлоғимизга “Туризм маҳалласи” мақоми берилиши сайёҳлар учун қулай шароитлар яратиш баробарида янги иш ўринлари ташкил этилаётгани билан эътиборга моликдир, – дейди “Сайроб” маҳалла фуқаролари йиғини раиси Жаббор Узоқов. – Шу кунларда 20 дан ортиқ хонадон оилавий меҳмон уйи ташкил этишга қизиқиш билдирган. Миллий ҳунармандчиликни йўлга қўймоқчи бўлаётган хотин-қизларимиз сафи кенгаймоқда. Туристларга ҳар хил сервис ва хизмат кўрсатиш нуқталари қурилаётир. Сўнгги йилларда шифобахш булоқ сувимизни излаб келувчилар сони ортиб бормоқда. Бу сув асосан қандли диабетга даволиги билан юртдошларимизда катта қизиқиш уйғотаётир. Бундан икки йилча муқаддам Андижондан бир киши қандли диабетга чалинган ўғлини олиб келди. Кўп эмас, уч кечаю кундуз меҳмон бўлишди. Меҳмонни кеча-кундузи билан тинимсиз булоқ бошига олиб келиб, сувидан ичиравердик. Уч кунда тетиклашиб, касалликдан фориғ бўлди. Ҳозир ҳам отаси билан қўнғироқлашиб, ҳол-аҳвол сўраб тураман. Ҳар гал қанд меъёри кўтарилгани йўқ, дейди хурсанд бўлиб. Қишлоғимизга “Туризм маҳалласи” мақоми баҳонасида яратилаётган шароитлар олис ўтмишдан ёдгорлик бўлиб қолган Узундара шаҳристони, Афросиёб қальаси, Хўжаи бибисабз, Хўжаи чилла, Хўжаи Муҳаммадшоҳ каби муқаддас зиёратгоҳларга келиб-кетувчилар учун ҳам кўплаб қулайликларни юзага келтиради.
Вилоятнинг Шеробод туманидаги Чорбоғ маҳалласи Тузкон мажмуаси, Бойсун туманидаги Омонхона, Сариосиё туманидаги Сангардак ва Олтинсой туманидаги Хўжаипок қишлоқларида ҳам “Туризм қишлоғи”ни ташкил этиш режалаштирилган. Бундай мақомга эга бўлган қишлоқларда замонавий инфратузилма юксалиб, янада обод гўшага айланади. Кенг, равон йўллар барпо этилиб, электр энергияси, газ, сув, канализация тизими тубдан яхшиланади. Мобиль алоқа ва интернет тармоғи сифати оширилиб, аҳоли ва сайёҳларга замонавий хизматлар кўрсатиш тизими ривожланади.