Сайёҳлар оилавий меҳмон уйларида дам олишни хуш кўради
Термиз шаҳри ва Шеробод туманидаги тоғли Чорбоғ маҳалласида иккита янги оилавий меҳмон уйи барпо этилди.
Термиз шаҳри ва Шеробод туманидаги тоғли Чорбоғ маҳалласида иккита янги оилавий меҳмон уйи барпо этилди.
Сурхондарё вилоятидаги туристик обьектлар мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқаб кетишининг олдини олиш ҳамда ундан сақланишга қаратилган чора-тадбирлар туфайли сайёҳлар учун ёпилган. Бироқ, жаҳон ҳамжамиятини жиддий ташвишга қўйган пандемия чекиниши билан воҳанинг хорижлик ва маҳаллий туристларга ўз бағрини қайта очишига катта умид боғлаётган тадбиркорлар сайёҳларга сифатли хизмат кўрсатиш борасида кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда.
–Мутахассисларнинг фикрича, об-ҳаво исиб кетиши билан бу офат йўқолади,– дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи З.Намозов.– Ҳозир барча турдаги туристик объектлар ёпиқ бўлса-да, белгиланган режа асосида тарихий обидаларни қайта таъмирлаш, ободонлаштириш ва сайёхлар учун қулай шароитлар яратиш борасидаги ишлар қизғин давом этмоқда. Меҳмонхона бизнесини йўлга қўймоқчи бўлаётган тадбиркорлар ҳар тарафлама қўллаб-қувватланиб, уларга тегишли кўмак берилаётир. Бунинг натижасида барча қулайликларга эга янги меҳмонхоналар ва оилавий меҳмон уйлари қад ростламоқда. Янги йилнинг дастлабки ойларида вилоятда учта янги меҳмонхона ва иккита оилавий меҳмон уйлари бунёд этилгани ҳам бунга яққол мисолдир.
Дунё тамаддуни бешикларидан бири бўлган Сурхондарё – тарихий-меъморий, археологик обидаларга бой ҳудуд. Жумладан, Термиз шаҳридаги қадимий археологик ёдгорликлар, буюк аждодларимизнинг ҳоки қўйилган меъморий обидалар ва бу юртнинг ноёб тарихи дунё аҳлида катта қизиқиш ўйғотиб келади. Ҳудудга бўлган интилиш меҳмонхона ва бошқа хизматлар кўрсатиш кўламини янада кенгайтиришни тақозо этади. Бундай имкониятдан оқилона фойдаланишни мўлжаллаётган ишбилармонлар соҳада ўз бизнесини йўлга қўймоқда. Жумладан, якка тартибдаги тадбиркор А.Холбоев ҳам вилоят марказидаги Жўйжангал маҳалласида оилавий меҳмон уйи ташкил этиб, уни юксак дид билан жиҳозлади.
“Camfortable home stay guest house” номли оилавий меҳмон уйи бир йўла ўн меҳмонни қабул қилиб, сифатли хизмат кўрсатиш учун барча шароитларга эга. Икки қаватли бинода меҳмонлар учун алоҳида дам олиш хоналари, ётоқхоналар ташкил этилиб, миллий услубда жиҳозланган. Турли таомлар тайёрланадиган ошхона ва бошқа ёрдамчи хоналарда зарур шароит мавжуд. Ҳовлига ўчоқ-тандир ўрнатилган. Меҳмонлар миллий таомларимизни татиб кўриш баробарида уларни тайёрлаш жараёнларида бевосита иштирок этишлари, завқ-шавқ олишлари учун барча қулайлик яратилган.
Замонавий уй-меҳмонхоналарнинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, бу ерда сайёҳлар маҳаллий аҳолининг турмуш тарзи, ноёб урф-одат ва анаъаналари билан яқиндан танишиши ҳам мумкин. Қисқа муддат бўлса-да, ўзини ана шу муҳит ва қадриятлар оғушида яшагандек ҳис этиш имконияти бор. Масаланинг шу томонлари ҳам эътиборга олиниб, меҳмон уйлар ҳудудга хос ўтмишни акс эттирувчи ноёб асори-атиқалар билан безатилмоқда.
Вилоятда ўттиздан ортиқ замонавий меҳмонхона фаолият юритмоқда. Уларда туристларни кутиб олиш ва сифатли хизмат кўрсатиш учун барча қулайлик яратилган. Сайёҳлар хусусан, хорижлик туристлар учун эса уй-меҳмонхоналарнинг ҳам алоҳида ўрни бор.
Эндиликда кўҳна ва ҳамиша навқирон гўша гўзал, бетакрор табиат манзаралари, сўнгги йилларда қад ростлаган муҳташам замонавий иншоотлари, миллий санъати, ҳунармандчилиги, миллий таомлари, табиий шифобахш манзиллари билан ҳам дунёга қайта юз тутди.
Шеробод туманидаги пурвиқор тоғлар қўйнида жойлашган Хўжаикон табиий туз ғори ҳам шифобахш хусусиятлари билан жаҳонга танилмоқда. Санатор-курорт даволаш услуби ривожланиб бораётган мўъжизали бу гўшада одамлар соғломлаштириш профилактикаси яъни, Спелеотерапия усулида даволаниб, нафас олиш йўлларидаги астма, сурункали бронхит, зотилжам каби касалликларга шифо топмоқда. Иммунитети пасайган ва бир хил тери касалликларга йўлиққан беморларга туз ғорларида вақтини ўтказиш даво бўлаётир.
Хўжаикон туз ғорининг бошқа туз ғорларидан яна бир афзал жиҳати – иқлими қуруқ ва денгиз сатҳидан 1 минг 200 метр баландликда жойлашганлигидир. Узунлиги 155 метр, ҳажми 900 куб-метр бўлган ғорнинг ичидаги 5 та даволаш хонаси бир-биридан ҳарорати, намлиги, босими ва микроэлементлари билан фарқ қилади.
Эко ва тиббиёт туризми ривожланиб бораётган Чорбоғ маҳалласида шерободлик якка тартибдаги тадбиркор Холмурод Абдуҳалилов мўъжазгина “Surxon sohili guest house” номли оилавий меҳмон уйини барпо этиб, давлат руйхатидан ўтказди.
–Шифобахш туз ғорига келиб, кетувчилар йилдан-йилга кўпайиб бормоқда, – дейди якка тартибдаги тадбиркор Х.Абдухалилов. – Шунингдек, уларда бу ернинг мафтункор табиат манзаралари ҳам бўлакча қизиқиш ўйғотмоқда. Шу боис ҳовлимизда барча шароитларни яратиб, сайёҳларга талаб даражасида хизмат кўрсатадиган меҳмон уйи ташкил этдик. Улар бу ерда мазмунли дам олиш баробарида бой маданий меросимиз ва турмуш тарзимиз билан яқиндан танишиши мумкин. Бир йўла 15 меҳмонни қабул қиладиган ёруғ, шинам хоналардан иборат оилавий меҳмон уйимиз миллий услубда жиҳозланган. Қадимий ҳунармандчилик буюмларимиз, сўзана, зардевол ва бошқа кашталар билан безатилган. Миллий таомларимиз, жумладан, таъми оғизда қоладиган машҳур тандиркабоб тайёрлаш жараёнини кузатиб, унинг сирлари билан танишиши мумкин.
Маълумотларга кўра, ўтган йили воҳага 114 хорижий давлатдан 120 мингга яқин сайёҳ келди. Бу 2018 йилга нисбатан 3,7 бараварга кўпдир. Маҳаллий сайёҳлар сони ўн бараварга ошиб, қарийб 502 минг нафарни ташкил этди. Уларга қарийб икки минг ўринга эга 50 га яқин меҳмонхона ва беш юздан ортиқ ўринли 65 та оилавий меҳмон уйлари хизмат кўрсатди.
Жанубдаги вилоятни комплекс ривожлантириш Дастури доирасида бой салоҳиятга эга воҳанинг туризм соҳасини янада ривожлантириш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.