Сайловда ёшу кекса фаол иштирок этмоқда
Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳри ва туманида ҳам сайловлар уюшқоқлик билан давом этмоқда.
Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳри ва туманида ҳам сайловлар уюшқоқлик билан давом этмоқда.
Эътиборли жиҳати, сайловларда оҳангаронлик ёшу кекса фаол иштирок этиб, ўзлари муносиб деб билган номзодларга овоз бермоқда. Туманда 44 та сайлов участкаси ташкил этилган бўлиб, сайловда қарийб 60 минг нафар сайловчи иштирок этиши кутилмоқда.

Минг нафардан зиёд сайловчи рўйхатга олинган 548-сайлов участкаси ҳам эрта тонгдан сайловчилар билан гавжум бўлди. Ўғилой Омонова ва Отабек Турғунов мазкур сайлов участкаси бўйича биринчилардан бўлиб ўзлари лозим деб топган номзодларга овоз берди.
– Сайлов жараёнида илк бор иштирок этяпман, – дейди О.Турғунов. – Шу боис бироз ҳаяжонда бўлсам ҳам “Янги сайловлар:Янги Ўзбекистон“ шиори остида ўтаётган сайлов чиндан ҳам шиорга мос экани, ўз келажагимизни овоз бериш орқали ўзимиз ҳал қилишимизга ишонаман. Айнан шунинг учун ҳам сайлов участкамиз бўйича биринчилардан бўлиб ўзим муносиб деб билган номзодларга овоз бердим.
20 минг 700 нафардан зиёд сайловчи иштирок этиши кутилаётган Оҳангарон шаҳридаги 26 та сайлов участкаларида ҳам овоз бериш жараёни уюшқоқликда давом этмоқда.
– Илгари ҳам сайлов жараёнларида кўп марта қатнашганман, – дейди 136-сайлов участкасидан сайловда иштирок этган 87 ёшли Пардагул ая Душаева. – Бу галги сайловлар ҳақиқатдан ҳам бошқача ўтмоқда. Ушбу жараён фарзандларим ва невараларимнинг келажагини ҳал қилади. Шу сабаб бунга бефарқ қаролмадим. Оҳангарон учун жой койитиб, енг шимариб ишлайдиган номзодларга овоз бердим.
Вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари, олис ва чекка қишлоқларида ҳам сайлов жараёни юқори уюшқоқликда давом этмоқда.