Ўрта Чирчиқда экспортбоп маҳсулотлар кўпаймоқда
Корхона раҳбари Марат Жабборовнинг таъкидлашича, Хитой технологиялари асосида тайёрланатган турли ўлчамдаги қоплар маҳаллий бозорларда аллақачон ўз ўрнини топган.
Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги "QORASUV CRAFT" масъулияти чекланган жамияти қишлоқ хўжалик ва қурилиш соҳалари учун қоп маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Айни пайтда бу ерда карантин қоидаларига амал қилган ҳолда 50 нафар аҳолининг бандлиги таъминланган.
Корхона раҳбари Марат Жабборовнинг таъкидлашича, Хитой технологиялари асосида тайёрланатган турли ўлчамдаги қоплар маҳаллий бозорларда аллақачон ўз ўрнини топган. Жумладан, пахтани қайта ишлаш корхоналарига қоғоз ва полипропилен қоплар етказиб берилмоқда.
Айни кунларда корхонада фаолият турларини кенгайтириш борасида бир қатор ишлар амалга ошириляпти. Хусусан, корхона таъсисчиси ҳисобланган “GOLDEN PREMIUM BUILD” масъулияти чекланган жамияти томонидан биноларнинг ташқи томонини қоплаш учун ишлатиладиган гиперпрессланган ғишт ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бундай маҳсулотлар тайёрлаш учун катта маблағ шарт эмас. Масалан, табиий газдан фойдаланилмайди.
Ғишт тайёрлаш учун Жиззах ва Оҳангарон тоғларидаги ғовак оҳактошлардан фойдаланилади (бинокорлик ва цемент ишлаб чиқаришда ишлатилади). Маҳсулотларни тайёрлаш жараёнида оҳакли тоғ жинси ва мармар ушоқларига 10 фоиз цемент қўшиб, 240 тонналик пресс билан икки томондан сиқиб ғишт тайёрланади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бинолар қурилишида бундай ғиштлардан фойдаланилгандан кейин сувоқ ёки бошқа пардозлаш ишларини бажаришнинг ҳожати қолмайди, яъни дастгоҳга қайси рангдаги цемент қўшилса, ғишт шу рангда бўлади.
Шунингдек, корхонада алюмин профилдан эшик, дераза, ром бошқа шаҳарсозликда фойдаланиладиган маҳсулотлар ҳам ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.