Прокурор даъвогар, ота-она жавобгар бўлди
Оила муқаддас даргоҳ бўлиб, фарзандлар бахту камоли учун ота-она масъулдир.
Оила муқаддас даргоҳ бўлиб, фарзандлар бахту камоли учун ота-она масъулдир.
Афсуски, орамизда ўз бурчини унутиб қўйганлар ҳам бор.
Фарғона шаҳар прокурори катта ёрдамчиси М.Умаралиев фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига Қувасой шаҳар «Лашкар» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Муҳаммаджон Қурбонов ва Фарғона туманида яшовчи Дилфидо Қурбоновани ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича даъво аризаси билан мурожаат қилди. Суд тўпланган ҳужжатларни муҳокама қилиб, даъвони қаноатлантирди.
Муҳаммаджон ва Дилфидо 2016 йилда қонуний никоҳ асосида турмуш қурган эди. Ўтган тўрт йил давомида оилада икки нафар фарзанд туғилди. Бироқ улар турли сабаблар билан бирга яшамай қўйишди. Бу орада туғилган ўғил фарзанд на унисига, на бунисига керак бўлмай қолди. Ота деганлари боланинг юзини кўришни ҳам истамади, онаси эса болани тарбиялашдан воз кечди.
Фарғона тумани халқ таълими бўлими қошидаги васийлик ва ҳомийлик органининг тегишли битимига асосан чақалоқ Фарғона вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тасарруфидаги 1-сонли “Болалар уйи”га жойлаштирилди.
Муҳаммаджон Қурбонов суд мажлисига келишни ўзига эп кўрмади, Дилфидо биринчи боласи ўзининг қарамоғида экани, иккинчи фарзандини моддий жиҳатдан таъминлашга имкони йўқлигини рўкач қилди. Шу тариқа мурғак чақалоқ тирик етим қолди.
– Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 79-моддасига кўра, ота-она узрсиз сабабларга кўра ўз боласини туғуруқхона ёки бошқа даволаш муассасасидан, тарбия, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаси ва шунга ўхшаш бошқа муассасалардан олишдан бош тортса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин, – дейди фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро суди судьяси ёрдамчиси Гулёра Жўрабоева. – Суд даъвосини қаноатлантириш билан бирга, жавобгарлардан чақалоқ вояга етгунга қадар унинг моддий таъминоти учун алимент ундириш бўйича ҳал қилув қарорини қабул қилди.