ЎзА Ўзбек

25.09.2020 Чоп этиш версияси

Президент илгари сурган ташаббуслар парламентнинг масъулиятини янада оширади

Президент илгари сурган ташаббуслар парламентнинг масъулиятини янада оширади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясидаги тарихий нутқида кўтарилган халқаро миқёсдаги ташаббус ва таклифларнинг моҳиятига бағишланган мажлиси бўлиб ўтди.

Йиғилишда таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг БМТнинг юбилей тадбирида сўзлаган нутқи халқимиз ва халқаро жамоатчилик томонидан кенг эътироф этилмоқда ва қизғин қўллаб-қувватланмоқда.

БМТ Бош Ассамблеясида Президентимиз 6 та аниқ таклиф билан чиққани, халқаро ҳамжамиятнинг 2 та ташаббусини қўллаб-қувватлагани, БМТ томонидан ўтказиладиган 2 та форум юзасидан муносабатини билдиргани депутатлар томонидан алоҳида эътироф этилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов давлатимиз раҳбари нутқининг аҳамиятли жиҳатларига тўхталиб, “Ўзбекистон Республикаси Президентининг чуқур таҳлилларга асосланган нутқи ҳозирги кунда долзарб бўлган бир қатор муҳим ташаббусларни ўз ичига олган”, деди.

Давлат раҳбари нутқида янги Ўзбекистонни барпо этиш, демократик ислоҳотларни қатъийлик билан амалга ошириш борасидаги муваффақиятли амалий ишлар натижалари очиб берилган.

Президентимиз ўз нутқида Ўзбекистонда ўтган йили ўтказилган парламент сайловлари аҳоли ва партияларнинг, фуқаролик жамияти институтларининг сиёсий фаоллиги ўсиб бораётганлигини намойиш этганлигини таъкидлаб, БМТнинг Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сурди. 

Бу ҳеч шубҳасиз, парламентнинг жамият ҳаётидаги ролини сифат жиҳатидан оширишга, жамият олдида турган муҳим муаммоларни ечишда парламентнинг иштирок этишига доир янги механизмларни ишга солишга, демократия ривожини янги даражага олиб чиқишни таъминлашга хизмат қилади.

Депутатлар давлатимиз раҳбари томонидан кўтарилган яна бир муҳим масала – жаҳон миқёсида барча саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, ҳар бир инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини, саломатлиги ва фаровонлигини таъминлайдиган адолатли глобал тизимни яратиш зарурлигига эътибор қаратди.

Шу муносабат билан чуқур илмий асосларга таянган, ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ўзига хос хусусиятларини кенг равишда инобатга олган ҳолда, Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодекс лойиҳасини тайёрлашга киришиш лозимлиги таъкидланди.

Сиёсий партиялар фракциялари аъзолари ушбу чуқур мазмун ва моҳиятга эга нутқда халқаро ҳамда минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан илгари сурилган таклиф ва ташаббусларни қўллаб-қувватлашди. Хусусан, тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, барқарор тараққиёт, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, самарали ва фаол мулоқотни кенгайтириш, шунингдек, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги, қашшоқликка барҳам бериш ҳамда камбағалликни қисқартириш каби масалалар бугун инсониятни ўйлантираётгани ҳақида қизғин фикр алмашишди.

— Ҳозирги таҳликали ва мураккаб вазиятни енгиш учун БМТ шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш тўғрисидаги давлатимиз раҳбарининг таклифи ҳеч кимни бефарқ қолдирмади, деб ўйлайман, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Улуғбек Вафоев.

– Юртбошимиз томонидан таклиф этилаётган Халқаро кодекс қабул қилиниши ҳар бир инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини, саломатлиги ва фаровонлигини таъминлайдиган адолатли глобал тизимни яратиш йўлидаги муҳим қадам бўлади. Дарҳақиқат, инсоният глобал фалокат ёқасида турган вақтда ер юзидаги барча давлатларнинг парламентлари, ҳукуматлари, фуқаролик жамиятларининг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш, умумий масъулият тамойилларини мустаҳкамлаш, халқаро шерикликни ривожлантириш ўта муҳим ва долзарб аҳамият касб этади.

Мажлисда мамлакатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган барча ҳаётий ташаббуслар нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда тинчлик ва осойишталик, барқарорликни кафолатлашга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга хизмат қилиши қайд этилган ҳолда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси олдида ҳам муҳим вазифалар тургани қайд этилди. Ушбу вазифаларни амалга оширишга қаратилган Қонунчилик палатасининг ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш бўйича сиёсий партиялар фракциялари вакилларидан иборат ишчи гуруҳини тузишга келишиб олинди.

1 879
ЎзА