ЎзА Ўзбек

25.09.2020 Чоп этиш версияси

Паррандачилик: имконият, имтиёз ва самара

Паррандачилик: имконият, имтиёз ва самара

Паррандачиликни ривожлантириш орқали гўшт ва тухум маҳсулотларига бўлган эҳтиёж етарлича таъминланмоқда. 

Бу саъй-ҳаракатлар аҳолини сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, ҳудудларнинг мавжуд табиий-иқтисодий ресурсларидан унумли фойдаланиш ва экспортни кенгайтиришга ҳам хизмат қилмоқда.

Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги “Новобод наслли парранда” фермер хўжалиги 50 гектар майдонда парранда боқишга мўлжалланган цехни ташкил қилди.

Янги лойиҳага кўра, 2020-2021 йилларда ҳудуддаги ташландиқ ҳолга келиб қолган собиқ фабрика цехлари босқичма-босқич замонавий технологиялар асосида капитал реконструкция қилинмоқда, – дейди корхона раҳбари Рустам Саидов. – Ҳар бир босқичда 15 тадан цехлар ишга тушириляпти. Ҳозирги кунда 30 та цехга Хитойнинг “Big heardsman” корхонасининг технологиялари олиб келиниб ўрнатилди. 

Унинг қулайлиги тўлиқ автоматлаштирилган бўлиб, паррандага овқат ва сув беришдан ташқари цех ичидаги ҳароратни ҳам бир меъёрда бўлишини таъминлайди. Шунингдек, Венгрия давлатидан ROSS-308 наслчилик жўжаларини ҳам олиб келдик. Мақсадимиз туманда сифатли паррандачиликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашдир.

Ҳозирги кунда корхонада 96 нафар туман аҳолиси иш билан таъминланган бўлиб, қўшимча линиялар ишга тушиши билан ишчилар сони 160 нафарга етади.

Айни кунларда 15 та цехнинг ҳар бирида 6 минг 500 тадан товуқ боқилиб, улардан инкубацион тухумлар олинмоқда. Шуннингдек, яна 15 та цехда зотли она товуқлар парваришланмоқда. Етиштирилган маҳсулотларни нафақат маҳаллий паррандачилик, жўжа етиштирувчи хўжаликларига балки, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Афғонистонга ҳам етказиб берилмоқда.

Режа бўйича фермер хўжалигининг навбатдаги цехлари ишга туширилгач яна 330 минг бош наслли она товуқ боқилиб, 40 миллион донадан ортиқ инкубацион тухум ишлаб чиқарилади. Бу эса нафақат Марказий Осиёда балки, МДҲдаги энг катта наслчилик хўжаликларидан бири бўлади.

1 324
А.Мусаев, ЎзА