Пандемия Қуюв механика заводига панд беролмади
Бугунги кунда йўловчиларнинг аксарият қисми, айнан темир йўл транспортидан фойдаланишни маъқул кўрмоқда.
Бугунги кунда йўловчиларнинг аксарият қисми, айнан темир йўл транспортидан фойдаланишни маъқул кўрмоқда. Яъни юк ва йўловчи ташиш тизимининг асосий қисми темирйўл тармоғига тўғри келади. Шу боисдан бу тизимда янги хавфсиз транспорт воситаларини татбиқ этиш муҳим масаладир.
Қайд этиш лозимки, "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти транспорт соҳасидаги хизмат кўрсатиш даражаси ва сифатини янада ошириш мақсадида сўнгги йилларда дунёнинг тараққий этган давлатларидан юртимизга замонавий электровозлар ҳамда тезюрар поездлар олиб келинди.
Шунингдек, юртимизда янги юк ва йўловчи вагонлар ишлаб чиқариш ҳам эътиборда. Улардан бири "Қуюв механика заводи" шўъба корхонасидир. Пандемия даврида ҳам заводда карантин қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда ишлаб чиқариш жадал суръатларда давом этмоқда.
400 турдан ортиқ бутловчи қисмлар ишлаб чиқариладиган мазкур корхонада 26 цех мавжуд бўлиб, 1500 нафардан зиёд иш ўрни яратилган.
Уларда ҳаракат таркибини яъни ёпиқ юк вагонларини, ярим очиқ вагонларнинг хизмат муддатини 5, 11 ва 16 йилга узайтириш, цемент ташувчи вагонлар, ўғит ташувчи вагонлар, платформаларни эса қуриш, таъмирлаш ва замонавийлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Маҳаллийлаштирилган ярим очиқ вагонларга бу йил талаб юқори бўлмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, 2019 йилда корхонада реконструкция ишларининг иккинчи босқичи амалга оширилди.
Шу даврда корхонанинг моддий-техник базаси энг замонавий дастгоҳлар билан бойитилди, бу эса ўз навбатида ишлаб чиқариш унумдорлигини ошириб, янги иш ўринлари яратилишига замин яратди.
Мисол учун, 2018 йилда 295 та янги юк вагон ишлаб чиқарилган бўлса, 2019 йилда янги ишлаб чиқарилган вагонлар сони 398 тани ташкил қилди.
Жорий йилда эса корхонада режага асосан 451 та янги юк вагони ҳамда 200 та янги узун турдаги платформалар ишлаб чиқариш кўзда тутилган.
Темирчилик преслаш цехида 62 нафар ходим меҳнат қилади. Мазкур цехда иссиқ олов тафтидан эриб, темирчига бўйсунаётган металлар орқали вагон учун махсус бутловчи қисмлар ишлаб чиқарилади. Албатта, ҳар битта ускуна маълум бир шаклга келиши замирида темирчининг машаққатли меҳнати, матонати ётади.
Бу жараёнидан ўтган ярим тайёр маҳсулотлар тайёрлов цехига келтирилиб, бу ерда плазма қирқиш ускунаси ёрдамида металларни кесиш, букиш ишлари олиб борилади. Кераксиз қолдиқ ҳисобланган металларга эса қайта ишлов берилади.
Вагонларга ғилдирак ўрнатиш, сўнги қурилмаларини жойлаш ишлари Ёпиқ вагонларни тайёр ҳолатга келтириш цехида амалга оширилади. Бу босқич ҳам анчагина мураккаб ҳисобланади.
Механик йиғиш цехида Германиядан келтирилган замонавий ускуна ёрдамида металлга юқори аниқликда ўта мураккаб шакл бериш ишлари амалга оширилади. Цехдаги лабораторияда эса тайёр эҳтиёт қисмларнинг сифат назоратдан ўтказилади.
Корхонада нафақат янги вагонлар ишлаб чиқаришда қолаверса вагонларни капитал ва жорий таъмирлаш борасида ҳам яхши натижаларга эришилмоқда.
Таҳлилларга кўра, 2019 йилда капитал ва жорий таъмирланган вагонлар сони қарийиб 400 тани ташкил қилди. Жорий йилда эса бу кўрсатгични янада ошириш режалаштирилган.
Мисол учун, ғилдиракларни ишлаб чиқариш ва таъмирлаш цехида кунига юзга яқин ғилдирак ишлаб чиқарилади. Тайёр ҳолга келтирилган маҳсулотлар шу цехнинг ўзида жойлашган лабораторияда текширувдан ўтказилади.
Яна бир муҳим жиҳат, корхонада маҳаллийлаштириш дастури асосида маҳсулот ишлаб чиқариш яхши йўлга қўйилган. Бу борадаги кўрсаткичлар йил сайин ортиб бораётганини кўришимиз мумкин. Мисол учун, 2018 йилда муассасада 20 турдан ортиқ маҳсулот маҳаллийлаштирилган бўлса, 2019 йилда маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар сони қарийиб 25 турга етказилди.
2020 йилда эса корхонада 30 турдан ортиқ маҳсулотни маҳаллийлаштириш режалаштирилмоқда.
Қайд этиш керак, корхонада ишлаб чиқариш ҳажми йилдан йилга ортиб бормоқда. Бу эса нафақат мамлакатимизнинг транспорт логистика тармоғини ривожлантиришга, қолаверса халқаро транспортда юк ташиш соҳасини янада тараққий этишига ҳам хизмат қилади.