Пахта йиғим-теримида мажбурий меҳнатга йўл қўйилмайди
Жорий йилда вилоят пахтакорлари 74 минг гектардан ортиқ майдонда ғўза парваришлаб, мўл ҳосил тўплади.
Сурхондарё вилоятида жорий йилги пахта йиғим-терими мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, теримчилар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш юзасидан назоратни таъминлаш бўйича Республика ишчи гуруҳи фаолият бошлади.
Бу ҳақда Термиз шаҳрида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Журналистлар, ишчи гуруҳга вилоятдан бириктирилган халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлари ва мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этган тадбирда сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқароларни мажбурий меҳнатга жалб этмаслик юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилгани таъкидланди.
Хусусан, қишлоқ хўжалигида пахта етиштиришнинг кластер усули жорий этилгани, теримчилар учун тўланадиган меҳнат ҳақи оширилгани ва теримчиларга муносиб меҳнат ҳамда дам олиш шароитлари яратилаётгани етиштирилган ҳосилни тез ва сифатли йиғиб олишда муҳим омил бўлмоқда.
Анжуманда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Б.Раҳмоналиев, вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари, Олий Мажлис Сенати аъзоси О.Соатов, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг Сурхондарё вилоятидаги ҳудудий бўлинмаси раҳбари, вилоят кенгаши депутати А.Норқобилов ва бошқалар ишчи гуруҳнинг вазифалари, мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ва терим мавсумини уюшқоқлик билан ўтказишни оммавий ахборот воситалари орқали тарғиб қилишнинг аҳамияти, теримчилар ва фермер хўжаликлари ўртасида тузиладиган меҳнат шартномалари мазмуни ва меҳнатга ҳақ тўлаш, пандемия шароитида теримчилар хавфсизлигини таъминлаш каби масалалар ҳақида атрофлича маълумот берди.
Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат Ишчи гуруҳ мавсум давомида вилоятда бўлиб, мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, теримчиларга яратилган меҳнат шароитлари, санитария, маиший ва бошқа қулайликлар, меҳнат ҳақининг ўз вақтида тўланиши, меҳнат ҳуқуқи ва муҳофазасининг таъминланиши бўйича жамоатчилик назоратини амалга оширади.
Жорий йилда вилоят пахтакорлари 74 минг гектардан ортиқ майдонда ғўза парваришлаб, мўл ҳосил тўплади. Айни кунларда пишиб, етилган ҳосил уюшқоқлик билан йиғиб-териб олинмоқда.
Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.