Пахта - 2020: Чиноз туманида фаол теримчилар рағбатлантирилмоқда
Дастлабки манзил “Чиноз АПК” масъулияти чекланган жамияти бўлди. Жамият ерларига анорганик пахта экилган бўлиб, қийғос очилган пахталар кўзни қувонтиради.
Тошкент вилоятида 2020 йилги пахта йиғим-терими давомида мажбурий меҳнатга йўл қўймасли, теримчилар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш юзасидан мутасадди ташкилотлар устидан қатъий назоратни таъминлаш бўйича Республика Ишчи гуруҳи фаолиятини бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Б.Сайфуллаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ Чиноз туманида бўлиб, йиғим-терим жараёнлари, теримчиларга яратилаётган шароитлар билан танишди.
Дастлабки манзил “Чиноз АПК” масъулияти чекланган жамияти бўлди. Жамият ерларига анорганик пахта экилган бўлиб, қийғос очилган пахталар кўзни қувонтиради.
– Пахтанинг бу тури қўл меҳнатини кўпроқ талаб қилади, бироқ юқори ҳосил олиш учун зарур агротехник тадбирларни вақтида амалга ошириш керак бўлди, - дейди агрокластер раҳбари Б. Маҳмудов. - Ҳозир телим жараёнлари уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Теримчиларга қулай шароит яратилган. Насиб қилса белгиланган режани ўз вақтида бажарамиз.

Ишчи гуруҳи аъзолари томонидан суҳбат чоғида йиғим-теримда намуна бўлиб иштирок этаётганларга қимматбаҳо совғалар берилди.
Навбатдаги манзил Шерзод Тўрақулов раҳбарлик қилаётган фермер хўжалиги бўлди. Тажрибали миришкор билан суҳбатда унинг соҳани яхши билиши яққол сезилди.
– Далада теримчилар учун зарур меҳнат шароитлари, иссиқ овқат, антисептик воситалар ташкил этилган,- Ш.Тўрақулов. - Теримчилар билан мавсум бошида шартнома тузганмиз. Пахта пулларини ҳар 3 кунда тўлаб боряпмиз. Рағбат инсоннинг кучига куч, иштиёқига иштиёқ қўшади. Терим сифатини янада ошириш, ҳашарчиларнинг кайфиятларини кўтариш мақсадида тез-тез илғорларни тақдирлаб турамиз. Ўтган йили мавсумдаги энг пешқадам теримчига бир бош сигир топширгандим, бу йил ҳам совғамиз бор.

Шунингдек, ишчи гуруҳ вакиллари “Ўринбой ҳожи” ҳамда “Чиноз агроинвест” фермер хўжаликларида бўлиб теримчиларга яратилаётган шароитларни ўрганди. Улар билан пахта йиғим-терими давомида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ҳамда улар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш юзасидан суҳбат қилинди.