ЎзА Ўзбек

25.09.2020 Чоп этиш версияси

Озодбек Назарбеков: Тинчлик ва бунёдкорлик сари...

Озодбек Назарбеков: Тинчлик ва бунёдкорлик сари...

Бугун Ўзбекистон тарихида жаҳоншумул аҳамиятга эга бўлган яна бир муҳим воқеа рўй берди!
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев тарихда илк бор онлайн тарзда ўтказилган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида маъруза қилди. Бу нутқни дунё сиёсатдонлари, жаҳон ҳамжамияти диққат билан тинглаб, кузатиб боришди. Боиси, давлатимиз раҳбарининг ҳар бир фикри нафақат ўзбекистонликлар, балки бутун дунё аҳлининг ҳаётий масалалари, муаммолари тўғрисида бўлди.
Ҳозирги кунда бутун дунёни таҳликага солиб турган пандемияга қарши биргаликда курашиш зарурлиги, бунинг учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида “Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисида”ги халқаро кодексни ишлаб чиқиш таклифини билдирди. Бу глобал муаммони бартараф этиш учун биргаликда ҳаракат қилиш зарур бўлади.
Бу масалага жиддий муносабатда бўлишдан дунёдаги барча мамлакат аҳли манфаатдордир. Давлатимиз раҳбари ўз фикрининг исботи сифатида Ўзбекистон халқини коронавирусдан ҳимоя қилиш бўйича олиб борилаётган кўламли ишлар ҳақида сўзлаб берди.
Жамият тараққиётининг асосий ҳаракатлантирувчи кучи бўлган ёшлар масаласидаги фикр ва таклифлари ҳам сессия иштирокчиларини бефарқ қолдирмади, зеро ҳар бир мамлакат учун бу мавзу ҳам энг долзарб ҳисобланади. Бинобарин, Президентимизнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти конвенциясини қабул қилиш бўйича Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги таклифи ҳам барчанинг диққат эътиборида бўлгани шубҳасиз.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари ўз нутқида дунё жамоатчилиги эътиборини барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентларнинг ролини янада ошириш масаласига ҳам қаратди. Бу борада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш ҳақидаги таклифи ҳам давримизнинг мураккаб муаммоларини бартараф этишда бу тизимнинг ўрни алоҳида эканини кўрсатади.
Кейинги муҳим ташаббуси, таклифи жаҳон мамлакатлари, хусусан, Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий алоқаларни мустаҳкамлаш, ривожлантиришга қаратилган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очиш ҳақида бўлди.
Маълумки, халқаро муносабатларни яхшилаш, дўстона алоқаларни ривожлантириш ҳар бир давлат учун барқарор тараққиёт мақсадларини рағбатлантирувчи муҳим омил ҳисобланади.
Шу маънода Минтақавий қўшма режанинг 10 йиллик натижалари ва келгуси истиқболларига бағишланган халқаро конференцияни ўтказиш таклифи ҳам қатнашчилар томонидан маъқуллангани табиий.
Ўз навбатида 2021 йилда ЮНЕСКО халқаро ташкилоти билан ҳамкорликда қадимий Хива шаҳрида “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” мавзусида халқаро форумни ўтказиш ҳақидаги таклиф маданият соҳасига халқаро миқёсда берилаётган катта эътибор сифатида бизнинг масъулиятимизни янада кучайтирганини таъкидлаш жоиз. Уни талаб даражасида ўтказишда асосий жавобгарлик ҳар бир соҳа вакилининг муҳим вазифаси бўлиши керак.
Умуман олганда дунёнинг юксак минбаридан туриб Ўзбекистон халқи ва жаҳон халқларининг безавол, фаровон ҳаётини таъминлаш мақсадида айтилган ҳар бир сўз, таклифнинг салмоғини барча сезиб, ҳис қилиб турди. Хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида афғон халқининг дарду ташвишини тинглайдиган, доимий фаолият кўрсатадиган қўмита ташкил этиш;
Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш ва ушбу муҳим ҳужжат тасдиқланган санани “Халқаро экологик тизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш куни” сифатида нишонлаш;
Қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашишни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси навбатдаги сессиясининг асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш ҳамда ушбу масалаларга бағишланган глобал саммитни ўтказиш ҳақидаги таклифларнинг мазмун-моҳияти энг аввало инсонпарварлик тамойилларига асослангани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.
Шунингдек, юртбошимиз ўзининг ҳар бир таклифини диёримизда ол
иб борилаётган дахлдор саъй-ҳаракатлар билан асослаб бергани, гендер тенглиги, болалар муҳофазаси, камбағалликка қарши курашиш, ижтимоий ҳимоя, бандлик масалалари бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақидаги фикрлари Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти олдидаги нуфузи, жозибасини яна бир бор намойиш этди.
Мухтасар айтганда, “Беқарор ва вайронкор вазиятдан – тинчлик ва бунёдкорлик сари” тамойилини акс эттирган Президентимиз нутқи, аввало, биз ўзбекистонликлар учун дастуриламал бўлиши керак... Қолаверса, она тилимизда, Навоий бобомиз тилида янграган Президентимиз маърузаси жаҳонга юз тутган Янгиланаётган Ўзбекистонимизнинг ҳар бир фуқаросига ғурур, ифтихор бағишлаши шубҳасиз.

Озодбек Назарбеков,
Ўзбекистон Республикаси маданият вазири

2 814
ЎзА