«Олмалиқ кон-металлургия комбинати»да улкан бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда
«Олмалиқ кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти нодир металлар ишлаб чиқариш бўйича нафақат Марказий Осиё, балки дунёдаги йирик корхоналардан бири ҳисобланади.
«Олмалиқ кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти нодир металлар ишлаб чиқариш бўйича нафақат Марказий Осиё, балки дунёдаги йирик корхоналардан бири ҳисобланади.
Сўнгги йилларда комбинатда жамият тасарруфидаги корхоналарни модернизация ва реконструкция қилиш борасида қатор йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Жумладан, “Олмалиқ КМК” АЖ асосий ишлаб чиқариш қувватларини реконструкция қилиш ва барқарорлаштириш дастури”ига мувофиқ, 2019-2022 йилларда Мис бойитиш фабрикаси, Мис эритиш ва Рух заводлари қувватларини модернизация қилиш ва янгилаш ишларига 357,5 миллион доллар сарфланиши режалаштирилган бўлиб, айни пайтда ушбу объектларда таъмирлаш ва тиклаш, қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.
Комбинат томонидан “Олмалиқ КМК" АЖ корхоналарида модернизация ва реконструкция ишлари" мавзусида ташкил этилган пресс-турда мавзуга оид йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Пресс-тур аввалида ОАВ вакиллари комбинат музейини томоша қилди. Шундан сўнг комбинат бошқаруви раиси ўринбосари Азимжон Мирзажонов сўз олиб, мураккаб пандемия шароитида ҳам комбинатда ишлаб чиқариш жараёни тўхтатилмагани, ҳар бир ишчи-ходим саломатлигини сақлаш борасида қатъий чоралар кўрилаётганини алоҳида қайд этди.
Иштирокчилар комбинат технологик ишлаб чиқариш занжиридаги асосий бўғин – Мис бойитиш фабрикаси фаолияти билан танишди.
Қайд этилишича, бугунги кунда мазкур фабрикада флотокамералардаги маънан эскирган аэрацион узеллар замонавийсига алмаштирилиши эвазига руда таркибидан мис ажратиб олиш даражаси 75 фоиздан 84 фоизга етказилди. Кон-бойитиш ва металлургия саноати корхоналарига техник ечимлар тақдим этиш бўйича жаҳондаги етакчи хорижий компания – “Outotec” томонидан “Larox PF60 132/140” пресс-фильтрларини ўрнатиш ишлари якунланганидан сўнг, йирик миқдорда табиий газ сарфини иқтисод қилишга эришилади. Американинг “DERRICK Corporation” компаниясининг замонавий юқори частотали ғалвирлаш тизимлари ўрнатилиши натижасида эса ишлаб чиқариш кўрсаткичларининг ижобий ўсиши таъминланмоқда.
Бойитиш жараёнларида руда таркибидаги олтинни ажратиб олиш самарадорлигини янада ошириш мақсадида Даниянинг “FLSmidth” трансмиллий компаниясида ишлаб чиқарилган марказга интилувчи концентраторлари олиб келиниши режалаштирилган.
Шу билан бирга, фабриканинг янчиш ва флотациялаш цехига янги 2 та тегирмон қурилиши кўзда тутилган. Бойитиш жараёнида муҳим аҳамиятга эга бўлган 5 та қуюлтиргич (сгуститель) алмаштирилиб, 1 таси модернизация қилинади. Янчиш бўлимида 24 дона насос-гидроциклон янги автоматлаштирилган насос-гидроциклонларга, 2-майдалаш ва бойитиш комплексининг янчиш бўлимидаги ускуналар ҳам замонавийларига алмаштирилмоқда. Маълумки, бойитиш жараёнида флотация вақтини узайтириш мақсадга мувофиқдир. Шу боис фабрикада бугун 1- ва 2-моносекциядаги флотомашиналар ҳам реконструкция қилиниб, қўшимча янги 7-моносекция қурилади ҳамда 5-моносекциясига қўшимча тармоқ бириктирилади.
Пресс-тур иштирокчилари Мис эритиш заводи фаолияти билан ҳам танишди.
Мазкур заводда “Олмалиқметаллургқурилиш” трести томонидан 40 минг тоннадан зиёд сульфат кислотасини сақлашга мўлжалланган кислота омбори қурилмоқда. Қад ростлаши кўзда тутилган 8 та сиғимнинг 6 таси якунланган. Заводнинг ҳаво тақсимлаш цехида ҳам қайта жиҳозлаш ишлари давом эттирилган ҳолда ҳар бирининг қуввати 15 минг метр кубни ташкил қилувчи “Hanwha” SM-6000 компрессорлари ўрнатилишига муваффақ бўлинди. Айни кунларда мазкур цех кунига 40 минг тоннагача кислород ишлаб чиқармоқда.
Тадбир давомида ОАВ вакиллари комбинатда амалга оширилаётган кенг қамровли модернизация ва реконструкция ишлари ҳақида батафсил маълумотга эга бўлишди.