Олмалиқдаги иссиқхонада маҳсулотнинг 70 фоизи хорижга жўнатилади
Олмалиқ шаҳрида 3,2 гектар майдонда "Steel Star" масъулияти чекланган жамияти томонидан замонавий иссиқхона комплекси қурилмоқда.
Олмалиқ шаҳрида 3,2 гектар майдонда "Steel Star" масъулияти чекланган жамияти томонидан замонавий иссиқхона комплекси қурилмоқда. Лойиҳани барпо этишда туркиялик мутахассислар ҳам иштирок этяпти. Маҳсулот хориж технологияси асосида етиштирилиб, жиҳозлар Европа давлатлари, хусусан, Голландия, Испания, Исроил, Туркиядан олиб келинади.
– Ер сўраб қилган мурожаатимиз қисқа муддатда ижобий ҳал этилди, – деди "Steel Star" МЧЖ раҳбари Равшан Тўраев, – Етиштирилган маҳсулотларнинг 70 фоизини хорижга экспорт қилиш режалаштирилган. Асосан помидор, бодринг ва булғор қалампири каби сабзавотлар истеъмолчиларга етказиб берилади.
Умумий қиймати 3 миллион 300 минг АҚШ доллари бўлган мазкур лойиҳа амалга оширилиши натижасида йилига ишлаб чиқарилган 400 тонна қишлоқ хўжалиги мақсулотлари эвазига юртимизга 800 минг АҚШ доллари миқдорида валюта олиб келинади.
Жорий йилнинг декабрь ойида иссиқхонанинг биринчи босқичи фойдаланишга топширилади,.2021 йил 1 майда эса тўлиқ қувватда фаолиятини бошлайди. Лойиҳа ишга туширилиши натижасида 40 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланади.
Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабарига кўра, бугунги кунда худди шундай иссиқхона Ўрта Чирчиқ туманида ҳам мавжуд. У ердаги ишчи-ходимларнинг ўртача ойлик маоши 2 миллион сўмдан иборат, иш 2 сменада ташкил этилган.